Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Санъаткорлар буни сир тутишганди. Лекин...

Санъаткорлар буни сир тутишганди. Лекин...

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда санъат аҳлининг жимиб қолгани, хайрия ишларида ҳам фаол эмаслиги ҳақида турли фикрлар билдирилмоқда.

Аслида миллат бошига оғир кунлар келганида санъаткорлар ҳам четда турмай, биринчилардан бўлиб, карантин даврида уйда ўтирган одамлар учун тайёрланаётган турли кўнгилочар кўрсатувлару коронавирусдан ҳимояланишда нималарга амал қилиш кераклиги ҳақидаги турли челленжларда фаол иштирок этишмоқда.

Бундан ташқари, улар ҳам кўпчилик қатори халқимизнинг оғир кунларида юртимизда янги ташкил этилган «Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондига ва кам таъминланган оилалар, аҳолининг бошқа ёрдамга муҳтож қатлами учун ҳам хайрия ишларини амалга ошириб келишмоқда.

Фақат бундай ишлар хайрия бўлганлиги боис, кўпгина санъаткорлар томонидан ошкор қилинмасдан келинмоқда. «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси ахборот хизматининг маълум қилишича, бугунгача бизга маълум бўлганларидан, карантин даврининг илк кунларидан то ҳозиргача Ўзбекистон халқ артистлари Озодбек Назарбеков, Юлдуз Усмонова, Фаррух Зокиров, Гулсанам Мамазоитова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Улуғбек Раҳматуллаев, Мавлуда Асалхўжаева, Ҳосила Раҳимова, Алишер Турдиев, Зиёда Қобилова, режиссёр Саъдулла Абдуллаев ҳамда бошқалар томонидан «Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондига 200 миллион 500 минг сўм ҳамда кам таъминланган оилалар ва аҳолининг бошқа ёрдамга муҳтож қатлами учун 152 миллион сўм, умумий ҳисобда 352 миллион 500 минг сўм хайрия маблағлари йўналтирилган.

Бундан буён ҳам бу борадаги ишлар фаол давом этади. Санъаткорлар ҳар қандай кунда халқимиз ва мухлислар билан бирга.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ходимлари ҳам ихтиёрий равишда ўзларининг бир кунлик иш ҳақларини коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида ташкил этилган «Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондига беғараз ёрдам тариқасида ўтказиб бердилар.

 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг