Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Россия бош вазири ҳукумат вакилларига коронавирус юқтирган бўлиши мумкинми?

Россия бош вазири ҳукумат вакилларига коронавирус юқтирган бўлиши мумкинми?

Россия бош вазири Михаил Мишустиннинг коронавирус инфекциясига чалиниши билан боғлиқ  ҳолатга унинг матбуот котиби Борис Беляков изоҳ берди.

Унинг сўзларига кўра, бош вазирда касаллик аниқланиши биланоқ президент Владимир Путинга хабар берилган.

«Бир неча ҳафта олдин бош вазир билан бевосита мулоқот имкон қадар чекланган эди. Учрашувлар видеоконференция ёки телефон қўнғироқлари шаклида бўлиб ўтаётганди. Ҳукумат раиси билан шахсан учрашганлар ҳам изоляция қилинади ва қўшимча тестлардан ўтадилар», –деди Мишустиннинг матбуот котиби.

Унинг таъкидлашича, бош вазир даволаниш муддатини мутахассислар назорати остида тиббий муассасалардан бирида ўтказади.

Эслатиб ўтамиз, кеча Россия ҳукумати раиси Михаил Мишустин коронавирус инфекциясини юқтириб олгани хабар қилинганди. Ҳозирда Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Андрей Белоусов ҳукумат раҳбари вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.

Бош вазирда инфекция қайд этилгач, журналистлар дарҳол унинг Путин билан охирги марта қачон юзма-юз учрашганини аниқлашди: бу учрашув 24 мартда бўлган экан.

Россия коронавирус билан касалланганлар сони бўйича дунёда саккизинчи ўринда: 106 498 одамда касаллик аниқланган (кунига 7,1 фоизга кўпайиш), улардан қарийб 12 минги даволанган, мингдан ошиқ бемор вафот этган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг