Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қозоғистон чегарасидан 8 кун ичида 2700 киши ўтиб келди – ТИВ

Қозоғистон чегарасидан 8 кун ичида 2700 киши ўтиб келди – ТИВ

Ташқи ишлар вазирлиги оператив штаби Россия-Қозоғистон чегарасида тўпланган фуқаролар юзасидан ахборот берди.

Ўзбекистоннинг Россиядаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари маълумотларига кўра, Россия-Қозоғистон чегарасидаги «Маштаково» назорат-ўтказиш пункти яқинида ва Оренбург вилояти Бузулук шаҳрида мос равишда 1300 ва 700 дан ортиқ ватандошлар тўпланган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Москвадаги элчихонаси томонидан фуқароларнинг «Маштаково» назорат-ўтказиш пунктига боришга уринмасликлари, ҳозирда бўлиб турган жойларида қолишлари ва барча карантин чораларига қатъий риоя этишлари тўғрисида берилган кўп сонли огоҳлантиришларга қарамай, Қозоғистон ҳудуди орқали автотранспорт воситаларида ватанга қайтиш мақсадида фуқаролар Россия-Қозоғистон давлатлараро чегараси яқинида тўпланишни давом эттирмоқдалар.

Минтақада коронавирус инфекцияси билан боғлиқ вазиятнинг кескин ёмонлашиши, Қозоғистонда қатъий карантин чекловлари жорий этилиши муносабати билан фуқароларнинг қўшни давлатлар ҳудуди орқали қайтиши ташкилий ва бошқа қийинчиликларни келтириб чиқармоқда, айниқса фуқароларнинг соғлиғи учун жиддий хавф туғдирмоқда.

Ушбу ҳолатни юртдошларимизга тушунтириш мақсадида, мамлакатимизнинг Москва шаҳридаги элчихонаси ва Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси раҳбарлари фуқаролар тўпланган жойга келишди.

Мавжуд вазиятни инобатга олган ҳолда, Россия ҳудудида бўлиб турган фуқароларимиздан чеклов чораларига тўғри баҳо беришларини, Россия-Қозоғистон давлатлараро чегарасини кесиб ўтиш пунктларига боришга уринмасликларини, ҳозирда бўлиб турган жойларида қолишларини ва ўзларининг ва атрофдагиларнинг соғлиғини хавф остига қўймасликлари яна бир бор сўралган.

Ўзбекистон фуқаролари чартер рейсларини ташкил этиш бўйича Республика махсус комиссиясининг қарорига биноан ҳамда мунтазам «сариқ» ва «яшил» рейслар қайта ташкил этилишига кўра ватанга қайтадилар.

Ўзбекистон фуқаролари Россиядан чартер рейсларида, Республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ олиб чиқилиши эслатиб ўтилган.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонаси маълумотларига кўра, ҳозирги кунда «Жибек жоли» – «Ғишт-Кўприк» назорат-ўтказиш пункти яқинида 3000 дан ортиқ Ўзбекистон фуқароларининг тўпланиши кузатилмоқда.

Бош консулхона ходимлари назорат-ўтказиш пунктида бўлиб туришибди, ватандошлар билан доимий алоқа ўрнатилган, диаспора вакиллари билан биргаликда иссиқ овқат ва бошқа ёрдам ташкил қилинмоқда, вазият умумий назоратга олинган.

Таъкидлаш жоизки, 1 июлдан буён 2700 дан ошиқ ватандошлар, асосан касаллар, қариялар, ҳомиладорлар ва ёш болали аёллар Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасини кесиб ўтишди.

Техник сабабларга кўра, сўнгги кунларда ватандошларнинг давлатлараро чегарадан ўтишлари чекланган миқдорда амалга оширилди.

«Жибек жоли» ўтказиш пункти орқали республика фуқароларининг Ўзбекистон ҳудудига чекланган ҳолда кириши билан боғлиқ барча муаммолар тез муддатда ҳал қилинади, дейилади ТИВ хабарида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг