Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қайси қон гуруҳи коронавирус юқтириш хавфини оширади?

Қайси қон гуруҳи коронавирус юқтириш хавфини оширади?

Фото: «dw.com»

Айримларда коронавирус оғир асоратларга олиб келса, кимлардадир билимсиз кечади. Германия ва норвегиялик олимлар COVID-19 билан қон гуруҳлари ўртасидаги боғлиқликни аниқлаш учун тадқиқот ўтказишди.

Коронавирус бутун дунё олимлари олдига ҳозирча ҳал қилиб бўлмайдиган жумбоқни қўйди: нега айрим кишилар SARS-CoV-2 га чалинганини умуман сезмайди-ю, баъзилари жонлантириш бўлимига юборилиб, ўпкаси сунъий вентиляция қилувчи аппаратга улаб қўйилади? Ҳозирча жавобдан кўра саволлар кўпроқ. Германия ва норвегиялик олимлар беморлар қон гуруҳи билан касалликнинг оғир кечиши ўртасидаги боғлиқликка эътибор беришди. Тадқиқот натижалари эса ҳар қандай одамни ҳайрон қолдириши тайин.

COVID-19 ва қон гуруҳлари

Олимлар Италия ва Испанияда COVID-19 га чалинган 1610 нафар беморни текширишди: умуман олганда, уларда касаллик оғир кечган, ҳатто, айримлари ўлим билан якунланган. Шунда уларнинг ДНК молекулалари ўрганилди. Олинган хулосалар 2205 нафар соғлом одамлар таҳлили натижалари билан солиштириб кўрилди. Буни қарангки, II қон гуруҳига (замонавий таснифга кўра, у A қон гуруҳи деб ҳам аталади) эга кимсаларда COVID-19 нинг оғир кечиш хавфи анча юқори бўлган. Аниқроғи, I қон гуруҳи (замонавий таснифга кўра 0 қон гуруҳи) билан солиштирганда икки баравар баландни кўрсатган.

Германияда аҳолининг 43 фоиз иккинчи қон гуруҳига эга. Биринчи қон гуруҳидаги омадли кишиларга келсак, янги тадқиқот натижалари уларнинг коронавирусга қарши иммунитетига ишора қилмайди. Шунчаки уларда COVID-19 нинг оғир шакли билан касалланиш хавфи камроқ. Дарвоқе, айнан биринчи гуруҳдаги донор қони универсал ҳисобланади. У қон гуруҳи қандай бўлишидан қатъи назар барча беморларга тўғри келади. Германия аҳолисининг 41 фоизи биринчи қон гуруҳига эга.

Қолган иккита қон гуруҳи — III ва IV ёки замонавий таснифга кўра B ва AB қон гуруҳларига Германияда 11% ва 5% аҳоли эгалик қилади. Коронавирусга чалинган бу икки қон гуруҳидагиларда COVID-19 нинг кечишида айтарли ўзгариш қайд этилмаган.

Қон гуруҳи ва даволаш усуллари

Агар Германия ва норвегиялик олимларнинг тадқиқот натижалари ўз тасдиғини топса, бу SARS-CoV-2 келтириб чиқарган пневмонияни даволаш усулини ишлаб чиқишда катта аҳамиятга эга бўлади. Яна бу ҳаммаси эмас. Қон гуруҳининг дард ривожланишига таъсири ҳақидаги шунга ўхшаш кузатишлар бошқа хасталикларда ҳам мавжуд. Мисол учун, биринчи қон гуруҳидагилар камдан-кам ҳолларда безгакнинг оғир шакли билан касалланади. Шунингдек, тескари мисоллар ҳам бор: масалан, иккинчи қон гуруҳидагилар ўлатни нисбатан енгилроқ ўтказишади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг