Президент коронавирусга қарши курашаётган шифокорларга пулни нақд тўлашга кўрсатма берди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев коронавирусга қарши кураш олиб бораётган шифокорларга тўлов пулларини нақд кўринишда тўлашга кўрсатма берди. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев «Халқаро пресс-клуб» кўрсатувидаги чиқиши давомида маълум қилди.
— Коронавирусга қарши курашган шифокорлар ўз вақтида пулини олмагани ҳақида шикоятлар бўлган эди. Бу ҳолатлар ўрганиб чиқилди. Ҳар бир ҳамшира 14 кунлик муддат учун 5 миллион, кичик врач 15 миллион, катта шифокорлар 25 миллион сўм олиши белгиланган. Аммо баъзи шифокорлар пул олмай қолган ҳолатлар дарҳақиқат рўй берган. Бу борада иш олиб борилмоқда, бирор шифокор пулсиз қолиб кетмайди.
Шифокорга ҳатто тўловни нақд пул кўринишида беришгача кўрсатма берилди Президент томонидан. Ишини тугатгани ҳамоно пулини етказиб беришимиз мумкин, токи пластик картасидаги пулни нақд қилиш учун овора бўлиб қолмаслиги учун. Шунингдек, 14 кунлик давр учун ишга келган шифокорларга 40 фоизлик аванс ҳам берилади.
Бухгалтер касал бўлиб қолган ёки кассир банкдан банкка ўта олмай қолгани учун пул ўз вақтида берилмай қолган бўлиши мумкин. Биз ўрганиб чиқдик ва 71 нафар ходим пул олмаганини аниқладик. Ижтимоий тармоқлардаги бирорта мурожаат эътибордан четда қолмаяпти. Барчасини кўриб чиқмоқдамиз. Муаммолар бор, аммо уларни ўрганишда ва ҳал қилишда давом этмоқдамиз. Ким карантин вақтида аҳоли соғлиги учун курашган бўлса, албатта пули тўлаб берилади.
Дори воситаларининг нархи ошиб кетмоқда, деган эътирозлар бор. Аммо ҳозирда пандемия нафақат бизда, балки бутун дунёда бор. Хусусан, қўшни давлатларда ҳам дори-дармонга бўлган талаб ошиб кетмоқда. Бундай вақтда дори ишлаб чиқарувчи компаниялар ҳам ўз манфаатини кўзлаб, нархларни оширмоқда. Чунки талаб жуда ошиб кетган.
Шу сабабли ҳам дори-дармонлар ишлаб чиқарувчи корхоналар субстанцияларни олиб келган ҳолда, ўзимизда ишлаб чиқариш ҳақида таклиф беришди. Бунинг учун 50 миллион АҚШ доллари миқдорида айланма маблағ кераклиги айтилди. Бу борада керакли ишлар амалга оширилмоқда.
Тошкент шаҳрида 10 минг кишилик жой тайёрланади. Хабарингиз бор, экспоцентрда 500 беморга жой тайёрланди. Лозим бўлган тақдирда бошқа павилонларда ҳам жой қилиниши мумкин. Республикага яна 25 мингта кислород бериб турадиган аппаратлар олиб келинади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter