Ковидда ўлим хавфини камайтирувчи оддий дори аниқланди
Аспириннинг озгина дозаси COVID-19 билан касалланганларнинг ўлим даражасини, шунингдек, уларнинг реанимацияга тушиш ва коронавирус билан оғриган беморларга ёрдам бериш учун сунъий ўпка вентиляциясидан фойдаланиш заруратини камайтириши мумкин, деб ҳисоблайди AҚШ пойтахтидаги Жорж Вашингтон университети олимлари.
«COVID-19 ва тромб ўртасидаги боғлиқликдан хабар топгач, инсульт ва юрак хуружларининг олдини олишда ишлатиладиган аспирин COVID-19 билан оғриган беморларга ҳам ёрдам бериши мумкинлигини тушуниб етдик. Тадқиқотимиз натижасида паст дозали аспирин билан COVID-19 кечиш даражаси, шунингдек, ўлим кўрсаткичининг камайиши ўртасидаги боғлиқликни аниқладик», — дея таъкидлади олим Жонатан Чоу.
Тадқиқот 2020 йил мартидан июль ойигача АҚШнинг барча шифохоналарида 400 нафар беморда ўтказилган. Турли демографик омиллар ва ҳамроҳ касалликларни ҳисобга олган ҳолда аспириндан фойдаланиш натижасида сунъий ўпка вентиляциясини қўллаш 44 фоизга, интенсив терапия зарурати 43 фоизга, реанимацияга тушиш ва шифохонада ўлим ҳолатлари 47 фоизга камайган.
Чоу ушбу тадқиқот бошқаларни аспириннинг COVID-19 беморларида ўпка шикастланишини камайтиришга таъсирини ўрганишга ундашига умид қилишини айтган.
«Aспирин арзон, ҳамма жойда топилади, миллионлаб одамлар ўз касалликларини даволашда уни анчадан бери ишлатиб келишмоқда. Ушбу боғлиқликни аниқлаш COVID-19нинг энг ҳалокатли асоратларидан бирини камайтиришни хоҳловчилар учун жуда катта ютуқдир», — деб сўзини якунлаган олим.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter