Коронавируснинг зарарлироқ тури аниқланди
Британиялик олимлар коронавируснинг янги турини топишди, у тезроқ тарқалмоқда, деди Буюк Британия Соғлиқни сақлаш вазири Мэтт Хэнкок.
«Генетикларимиз шарофати билан бир неча кун олдин биз коронавируснинг янги турини аниқладик. Бу Англия жануби-шарқида касалликнинг тез тарқалиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Дастлабки тадқиқотлар шуни кўрсатдики, вируснинг янги тури олдиндан маълум бўлган турларига қараганда тезроқ тарқалмоқда», — деди вазир Жамоалар палатасида.
Хэнкокнинг сўзларига кўра, ҳозирги кунда Англия жанубидаги 60 та ҳудудда янги турдаги вирус билан зарарланган минглаб кишилар қайд этилган ва касалланганлар жуда тез кўпаймоқда.
Шу билан бирга, вазирнинг таъкидлашича, вируснинг янги мутацияси касалликнинг оғир кечишига олиб келиши, шунингдек, ҳозирда ишлаб чиқарилаётган COVID-19га қарши вакциналар янги турдаги вирусга таъсир кўрсатмай қолиши мумкин, дейишга ҳеч қандай асос йўқ.
«ЖССТ вируснинг янги туридан бохабар. Сўнгги ойларда Европанинг бошқа давлатларида ҳам коронавируснинг шунга ўхшаш турлари аниқланган», — дея қўшимча қилди вазир.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter