Коронавирус вакцинасига ҳакерлар ҳам кўз тикиб тургани маълум бўлмоқда
Бутун дунё коронавирус вакцинасини интизорлик билан кутмоқда. Негаки, инсониятнинг одатий ҳаётга қайтиши айнан эмлаш жараёнига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Бу борада умидбахш хабарлар йўқ эмас: деярли бир вақтда АҚШ, Буюк Британия, Германия, Хитой, Россия каби мамлакатлар COVID-19га қарши вакцина муваффақиятли тарзда синовдан ўтганини маълум қилди, ўнлаб давлатларда эмлаш жараёни аллақачон бошланган. Аммо кутилмаганда вакцинани дунё бўйлаб тарқатиш муаммоси кун тартибига чиқди. Завод музлатгичида сақланаётган вакцинани бир неча минг километр масофа оша тарқатиш жиддий муаммо туғдириши аён бўлмоқда.
Гап шундаки, ҳар қандай вазиятда мўмай пул ишлашга иштиёқманд ҳакерлар ҳамда жиноий тўдалар ҳам вакцинага кўз тикиб турибди. Жаҳонга машҳур IBM компаниясининг огоҳлантиришича, айрим мамлакатлар ҳакерлар воситасида вакцинани етказиш тизимини бузиб киришга уринмоқда.
Вакцина тайёрлаш жараёнида ҳам жосуслик фаолияти кучайгани кузатилган эди. Хусусан, жорий йил июль ойида Буюк Британия, АҚШ ҳамда Канада Кремлга алоқадор ҳакерлар гуруҳи COVID-19 вакцинасини ўғирлашга уринганини маълум қилган эди. Қайд этилишича, кибержиноятчилар вакцина тайёрлаш дастурини бузиб киришга ҳаракат қилган. Бунинг ортидан фармацевтика ширкатларида киберхавфсизлик чоралари кучайтирилган, ушбу мақсадда кўп сонли махсус хизмат вакиллари сафарбар этилган эди.
Бундан ташқари, АҚШ ваколатли идоралари Хитой томонини ҳам COVID-19 вакцинасини ўғрилашга уринишда айблади. Икки ўртадаги даҳанаки мунозара пировардида дипломатик ваколатхоналар ёпилиши билан якунланди.
Жорий йил 9 декабрь куни эса Европа дори воситалари агентлиги (EMA) серверига киберҳужум амалга оширилди. Қайд этилишича, ҳакерлар АҚШнинг «Pfizer» ва Германиянинг «BioNTech» компаниялари томонидан ишлаб чиқилган вакцинанинг техник ҳужжатларини қўлга киритган.
АҚШ Федерал қидирув бюроси ходимаси Тоня Угоретцга кўра, вакцина учун кураш жараёнида рақиблар илгари кузатилмаган усуллардан кенг фойдаланмоқда. Бу ўринда муайян давлат олимлари яратган вакцина хусусида ёлғон маълумот тарқатиш, олимларни обрўсизлантириш назарда тутилмоқда.
Давлатга алоқадор кибергуруҳлардан ташқари хусусий миқёсдаги тўдалар, индивидуал фирибгарлар борки, уларга қарши кураш ҳам осон кечмаслиги аниқ. Шунга кўра, таҳлилчилар 2021 йилда хавфсизлик кучлари ва разведка хизматлари учун соғлиқни сақлаш соҳасида ишлар янада кўпайишини тахмин қилмоқдалар. Чунки илгари асосан молия ташкилотлари теграсида изғиган жиноий гуруҳлар бугун бор эътиборини соғлиқни сақлаш соҳасига қаратгани кундек равшан бўлиб қолди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter