Коронавирус онадан болага юқадими? Ҳомиладор аёлларга яратилган шароит ҳақида
Мамлакатимизда ҳомиладор ёки туққан аёллар коронавирус инфекциясига гумон қилинса қандай йўл тутилади? Шундай ҳолатларда қаерга мурожаат қилиш керак? Уларнинг даволаниш тартиби қандай бўлади? Шу каби саволларга Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Барно АБДУСАМАТОВА жавоб беради.
— Ҳомиладор, туғруқдаги ва туққан аёлларга «CОVID-19» коронавирус инфекцияси ташхисини қўйиш ва даволашда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) билан биргаликда алоҳида миллий клиник қўлланма ишлаб чиққан, — дейди Б. Абдусаматова. — Шу асосда даволаш ишлари олиб борилади. Ҳозирги кунда мамлакатимиз бўйича «COVID-19» инфекциясига чалинганлар билан мулоқотда бўлган ҳомиладор аёллар учун 740 шифо-ўринга эга 14 та туғруқ комплекслар, короновирус инфекцияси тасдиқланган ҳомиладор аёллар учун эса 360 шифо-ўринга эга бўлган 13 та туғрук комплекслари яратилган.
Шу ўринда айтиш керакки, ҳомиладор аёлларда қуруқ йўтал, хароратни кўтарилиши, нафас қисилиши, ҳолсизлик, иштаха йўқлиги, мушакда оғриқ аломатлари пайдо бўлганда уйдан чиқмаган ҳолда яшаш манзилларидаги участка шифокорига ёки аёллар маслахатхоналарига мурожаат қилишлари зарур. Карантин даврида ҳомиладорлар шошилинч ҳолатлардан ташқари шифокорлар маслахатлашувларини масофавий алоқа (телефон, видеоалоқа ва бошқалар). орқали ўтказишлари тавсия этилади.
— Шу ўринда, кўпчиликда ҳомиладор аёлда коронавирус инфекцияси аниқланса ва у муддатига етмаган бўлса, ҳомиладорлик давом эттириладими, деган савол туғилиши табиий....
— Биласизми, бу , энг аввало, она аҳволининг оғирлиги, ҳомиланинг яшаб кетиши ва соғломлиги каби кўплаб омилларга боғлиқ. Агар коронавирус инфекцияси мавжуд бўлган ҳомиладор аёлнинг аҳволи оғир ёки ўта оғир деб баҳоланадиган бўлса, унда диагностик мезон ва халқаро тиббий тавсияларга мувофиқ, ҳаётий кўрсатмаларга кўра, ҳомиладорлик муддатига қарамай туғдиришни амалга ошириш керак. Аммо ҳозирги кунда коронавирус инфекциясига чалинган ҳомиладор аёлларда бу касаллик ҳомила учун жиддий асоратлар келтириб чиқариши тўғрисида ҳеч қандай далиллар мавжуд эмас.
«СOVID-19» инфекциясига чалинган аёлда ҳомиладорлик муддатига етган бўлса, туғруқ усулини танлаш акушерлик кўрсатмалари асосида индивидуал амалга оширилади. ЖССТ кесарча кесишни фақатгина тиббиёт нуқтаи назаридан ўринли деб топилгандагина ўтказишни тавсия этади.
—Айтингчи, ушбу инфекция онадан болага ўтадими?
— Туғруқ мураккаб жараён. Айрим юқумли касалликка чалинган оналарнинг фарзандида онадаги инфекциялар бўлмаслиги мумкин. Аммо коронавирус бутун дунё шифокорлари учун ҳам кутилмаган касаллик бўлди. Тўғри, коронавирус инфекцияси мавжуд бўлган ҳомиладор аёлдан туғилган болага инфекция ўтадими, деган савол ҳар бир аёлнинг хаёлидан ўтиши табиий. Мутахассисларнинг маълум қилишича, янги туғилган чақалоқларда короновирус инфекцияси ўтган ҳолатлар нисбатан кам қайд этилган, бордию ушбу инфекция болага ўтган тақдирда ҳам барча ҳолатлар енгил шаклда кечган.
Касалланган ҳомиладор аёлдан туғилган чақалоқ, у туғилгандан сўнг 12-24 соат ўтгач албатта коронавирус инфекциясига текширилади. Натижаларни тасдиқлаш учун такрорий тест 24 соатдан кейин амалга оширилади. Текширув учун биоматериал сифатида бурун-халқум ёки оғиз-халқумдан суртма олинади.
— Коронавирус инфекцияси мавжуд бўлган она ўз боласини кўкрак сути билан озиқлантириши мумкинми?
— Ҳаммамизга маълумки, она сути турли касалликларни чақирувчи вирус ва микробларга қарши курашувчи моддаларга бой бўлади. Яъни, у болада иммунитет тизимининг шаклланишида қатнашади. Ундаги иммуноглобулинлар янги туғилган чақалоқни турли инфекциялардан ҳимоя қилади, онадан болага иммунитет ўтишини таъминлайди. Шунинг учун ҳам, ЖССТ коронавирус инфекцияси мавжуд бўлган онанинг саломатлик ҳолатига қараб эмизишга рухсат берилишини тавсия этади. Лекин, шуни эсдан чиқармаслик керакки, вирус онадан болага ҳаво-томчи ҳамда тўғридан тўғри мулоқот йўли орқали ўтиши мумкин. Шу боис, оналар чақалоқларни парваришлаш ва эмизиш жараёнида ниқобдан фойдаланишлари, уни ишлатишдан олдин ва кейин қўлларини яхшилаб ювишлари ҳамда хонадаги барча буюмларни хлорли эритмалар билан дезинфекциялаб туришлари шарт.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter