Карантинга олинганларни чиқариш муддати чўзилиб кетилаётганига изоҳ берилди

АОКА штабида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов иштирокида бўлиб ўтган брифинг вақтида муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарилди.
— Короновирусга чалинган одамлар қанча муддатда тузалади ўзи? Нима учун карантинга олинганларни чиқариш чўзилиб кетяпти?
— Беморлар ўртача 10-15 кун, баъзида оғир ҳолларда бир ой давомида тузалади. Тузалгандан сўнг, яна 14 кун давомида реабилитация ишлари олиб борилади. Карантиндан чиқариш қоидаларига асосан, 14 кунда лаборатория натижалари манфий бўлса, карантиндагилар чиқарилади, агар лаборатория натижалари мусбат бўлса, карантин давом этади. Вирус ажратаётган одам карантиндан чиқарилиши мумкин эмас.
— Карантинга ихтиёрий кириш мумкинми? Агар мумкин бўлса, кимга мурожат қилиш керак?
— Агар сизда бемор билан мулоқот бўлган бўлса, карантинга кириш мажбурий. Сизга эпидемиологик кўрсатма бўлмаса, саломатлигингиз яхши бўлса, карантинга ихтиёрий кириш мумкин эмас ва бунга эҳтиёжнинг ўзи йўқ.
— Навоийдаги «Металлург» сихатгоҳида 14 кун давомида карантинда шифокор сифатида ишладим. Карантин тугади ва ҳамма соғайиб уйларига қайтишди. Биз врачларга ҳокимият томонидан 2 млн сўм берилди. Президентимиз бир мартарлик рағбатлантириш Қарори бизга ҳам тегишлими?
— Агар сиз карантинда лаборатор тасдиқланган беморларни даволаган бўлсангиз ва шу билан хавф остида бўлган бўлсангиз, Президентимиз томонидан қабул қилинган рағбатлантириш Қарори Сизга ҳам тааллуқли бўлар эди. Агар карнтинда бўлганларнинг ҳаммаси соғ бўлса — асосий моянангизга қўшиладиган фоиз берилади, холос.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter