«Бразилия Трампи» мамлакатини ЖССТдан олиб чиқиб кетмоқчи
Коронавирус пандемияси фонида «мафкуравий нохолислик» қилаётган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таркибидан Бразилия чиқиб кетади, деди ушбу мамлакат президенти Жаир Болсонару. Бу ҳақда «France 24» хабар берди.
«Сизга айтяпман — АҚШ ЖССТдан чиқди, кейинроқ биз ҳам чиқишни режалаштиряпмиз. Ё ЖССТ нохолис мафкурасини йиғиштирсин, ё биз ташкилотдан чиқиб кетайлик. Четдан туриб соғлиқни сақлаш ҳақида ақл ўргатувчилар бизга керак эмас», — деди Болсонару.
«France 24» Болсонару ҳам худди Доналд Трамп қилган ишни қилиб кетади деган тахминда — Америка раҳбари ЖССТ билан алоқаларни узганди. ЖССТнинг «айби» Лотин Америкаси ҳукуматларини то коронавирус тарқалиши сусаймагунича карантинни бекор қилиш минтақа учун оғир оқибатларни келтиришидан огоҳлантиргани бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Болсонару коронавирусни писанд қилмайдиган, карантинни бекор қилишнинг ашаддий тарафдори бўлган давлат раҳбарларидан бири. Карантинни олиб ташлаш учун ўзига қарши чиққан соғлиқни сақлаш вазирини ишдан бўшатиб юборди. Коронавирусни оддий гриппга тенглаштирган ҳам шу Болсонару.
Шу «оддий грипп» қурбонлари сони бўйича мамлакат дунёда учинчи ўринда, касалликка чалинганлар сони бўйича эса АҚШдан кейин иккинчи ўринда — Болсонару том маънода Трампни «таъқиб қиляпти».
Бразилиядаги «Folha» газетаси ёзишича, мамлакат президенти 100 кун олдин «оддий грипп»га тенглаштирган касаллик ҳар дақиқада бир бразилияликнинг жонини оляпти.
«Worldometer» хабарига кўра, Бразилияда 677 минг нафардан ортиқ инсон коронавирус билан касалланган, тузалганлар сони 302 минг нафардан, қурбонлар сони 36 минг нафардан ошган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter