Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Бир беморга қанчадан маблағ сарфланяпти?» — депутат  32,3 ёки 64,4 миллионни очиқ ҳисоблаб беришларини сўрамоқда

«Бир беморга қанчадан маблағ сарфланяпти?» — депутат  32,3 ёки 64,4 миллионни очиқ ҳисоблаб беришларини сўрамоқда

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Шу кунларда мамлакатимизда тиббиёт ходимларининг етишмовчилиги, дорихоналарда айрим дори-дармонлар нархлари ошиб бораётганлиги, касалланганлар учун койкаларнинг камлиги, беморларни даволаш бўйича яхлит тизимнинг йўқлиги аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Гарчи, ўтган йилнинг сўнгида жаҳонда бошланган, март ойида мамлактимизга кириб келган, апрель-май ойларида ўсиш суръати нисбатан пасайган коронавируснинг бу тартибда ривожланишига шунча вақт бўлган бўлса ҳам, етарлича ҳозирлик кўра олмаган мутасаддилар ҳақида бирон нарса, дея олмаймиз.

Бинобарин, давлатимиз раҳбарининг шу йил 19 мартдаги «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонида мамлакат иқтисодиёти барқарорлигини таъминлаш, аҳоли саломатлигини қўллаб-қувватлаш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланган эди. Унга кўра, Молия вазирлиги ҳузурида 10 трлн. сўм миқдоридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилди. Унинг маблағларидан бир қатор йўналишларда фойдаланиш назарда тутилди. Яъни жамғарма маблағлари ҳозиргидек ҳолатни юзага келмаслиги учун сарфланиши лозим эди.

Энди ўз-ўзидан савол туғилади. Бугунги кунда тиббиёт ходимларининг кескин етишмаслиги, дори-дармон нархлари ошгани, фуқароларимизнинг коронавирусга тест топшириши деярли имконсиз бўлиб қолгани, таббиёт соҳасидаги ходимлар меҳнат таътили ёки бўлмаса ўз ҳисобидан таътилга чиқиб кетганига нима сабаб бўлди? Бу бўйича айрим мулоҳазаларни келтириб ўтишимиз жоиз.

Биринчидан, Фармонда берилган топшириқлар тўлиқ ижро этилмаган;

Иккинчидан, дори-дармон билан шуғулланувчи айрим шахслар халқнинг қийин давридан фойдаланган ҳолда мўмай пул ишлашни ўзининг асосий мақсади этиб белгилаб олди;

Учинчидан, бутун дунёда касалликнинг ўсиш суръати кескин ошиб, койкалар етишмовчилиги кузатилган бир вақтда масъулларимиз бизда ундай бўлмайди, деб хотиржамликка берилди;

Тўртинчидан, коронавирусга қарши тун-у-кун курашаётган тиббиёт ходимларнинг ижтимоий ҳимояси етарли таъминланмагани учун ишдан бўшашлар, ўз ҳисобидан таътилга чиқиш ҳолатлари кўпайгани учун кадрлар етишмовчилиги келиб чиқди.

Бундан буёғига нима қиламиз?

Энг аввало, Президентимиз Фармон ва қарорлари ижросини тўлиқ ижро этилишини таъминлаш зарур. Прокуратура органлари энг қуйи муассаса бўлган дорихоналарни эмас, балки дори-дармонларни етказиб берувчиларни назоратга олиши лозим.

Тошкент шаҳри ва ҳудудларда мавжуд имкониятлардан келиб чиққан ҳолда санаториялар, ўйингоҳ(стадион)лар ва шунга ўхшаган бино ва иншоотларни короновирус билан касалланган беморларга ёрдам бериш учун фойдаланишга тайёрлаш зарур.

Тиббиёт ходимлари (қўриқловчи, санитарка, ҳайдовчилар)ни ишга жалб қилиш учун уларнинг ойлик маошларини етарли даражада (камида 2 баробарга) ошириш керак. Меҳнат ва ўз ҳисобидан таътилга чиққан тиббиёт ходимларининг барчасини ишга жалб этиш, шунингдек, тиббиёт соҳасида ўқиётган 5,6 курс талабаларини оммовий ишга жалб этиш керак. Уларни ҳам муносиб иш ҳақи билан таъминлаш зарур. Тиббиёт коллежи битирувчиларини ҳам ўзи яшаб турган маҳалласи, кўчасига, кўп қаватли уйларга патронаж ҳамшира сифатида бириктириш орқали ҳам ҳар бир хонадонга тиббий хизматни таъминлашимиз мумкин.

Яна бир муҳим масала. Жорий йилнинг 23 май ҳолатига Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳақида маълумот берган эди. Унга кўра, Ўзбекистонда ҳар бир даволаниб чиққан бемор учун давлат 32,3 миллион сўмдан харажат қилганлиги, касаллиги оғир кечаётган беморларнинг ҳар бирига 64,4 миллион сўмдан ажратилганлиги, реабилитация, карантинда бўлган беморларга ҳар бири учун 2,2 миллион сўмдан ажратилганлиги айтилган эди.

Айни пайтда аҳвол қандай? Ҳар бир беморга қанчадан маблағ сарфланяпти? Уларнинг таннархи (қалькуляциясини) аҳолимизга очиқ айтишимиз керак. Бугунги кунгача қанча шифокор ҳимоя воситаси билан таъминланган, қанчаси касалланди, қаерда шифокорлар етишмовчилиги кузатилмоқда? Қанча бемор уйида даволанмоқда? Соғлиқни сақлаш вазирлиги мана шулар ҳақида ҳам батафсил маълумот беришга ўтмас экан, саволлар кўпаяверади. Саволлар кўпайган жойда эса гумон ва шубҳа кўпаяди, улар эса ишончга путур етказади. Ўзаро ишонч ва бир-бирини тушуниш бўлмаса  мақсадга етишиш мураккаблашиши оддий ҳақиқат.

Мақсуд ҚУРБОНБОЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Манба: parliament.gov.uz

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг