Замонавий электр ва газ ҳисоблагичлар дастлаб қайси ҳудудларда ўрнатилади?
Электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш ускуналари шу пайтгача ҳар 4 йилда давлат кўригидан ўтказиб келинарди. Эндиликда бу жараён электр энергияси ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш лойиҳаси доирасида ўрнатиладиган ҳисоблагичлар учун «Ўзстандарт» агентлиги томонидан 10 йилда амалга оширилади.
Бунда ҳисобга олиш ускуналарини давлат кўригига топшириш бўйича ишларни ташкил этиш «Ўзбекэнерго» АЖ, «Ўзтрансгаз» АЖ ва Мажбурий ижро бюроси томонидан таъминланади.
Хўш, электр энергияси ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими дастлаб қайси ҳудудларда жорий қилинади?
«Ўзбекэнерго» мутахассиси Самандар Қораев ҳамда «Ўзтрансгаз» ахборот хизмати бошлиғи Беҳзод Бердиев «ЎзА»га берган интервьюсида бу ҳақда маълумот беришди.
– Президент қарорига мувофиқ Франциянинг «Sagemcom» компанияси ва «Тошэлектроаппарат» МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган замонавий электр энергиясини ҳисобга олиш ускуналари «Ўзбекэнерго» томонидан ўрнатилади, – деди Самандар Қораев. – Амалдаги ҳисоблагичлар электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланиш учун мос келса, фойдаланиш учун яроқли ҳисобланади. Аксинча, улар ўрнига янги ҳисоблагичлар ўрнатилади. Умуман, эски ҳисоблагичларни янгиларига тўлиқ алмаштириш муддати 2021 йил охирига белгиланган. Дастлаб Тошкент шаҳри, вилоятлар марказларида, кейинги босқичда бошқа шаҳар ва қишлоқ ҳудудлари қамраб олинади.
– Замонавий газ ҳисоблагичлар ўрнатиш муддати 3 йилга мўлжалланган, – дейди Беҳзод Бердиев. – Бу жараён 3 босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда 28 шаҳар, Тошкент вилоятининг Зангиота, Тошкент, Қибрай ва Янгийўл туманларидаги хонадонларга 1 миллиондан ортиқ ускуна ўрнатилади. Кейинги босқичларда мамлакат газ таъминоти туман (шаҳар) филиалларига қарашли аҳоли хонадонлари қамраб олинади. Режага кўра, замонавий газ ҳисоблагичлари аҳоли хонадонларига «Ўзтрансгаз» томонидан ўрнатилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter