Юртимизда ўта хавфли касалликка қарши кураш кучайтирилади
Бугун БМТнинг Aҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) Соғлиқни сақлаш вазирлигига одам папилломаси вирусини (ОПВ) аниқлаш ускуналари ва тест-системаларини топширди. Ушбу тадбир бу йўналишдаги миллий дастурни янада ривожлантириш мақсадида бачадон бўйни саратонини скрининг қилиш бўйича пилот лойиҳага старт берди, дея хабар берди ССВ.
Маросимда Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Эльмира Баситханова, ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Лианн Куппенс, ЮНФПAнинг Ўзбекистондаги вакили Ю Ю, Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси иқтисодий масалалар бўйича биринчи котиби Йоко Ямато иштирок этди.
Тақдимот маросимида айтилишича, ушбу лойиҳа Япония ҳукуматининг молиявий кўмаги билан, БМТ Тараққиёт дастури ва ЮНФПAнинг «Орол бўйи минтақасидаги аҳолининг экологик, иқтисодий заифликларига, шунингдек, аҳоли саломатлиги масалаларига чидамлилигини кучайтириш» қўшма дастури доирасида Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилади. Шунингдек, лойиҳа Чирчиқ шаҳрида бачадон бўйни саратони скрининги бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан қўшма дастурнинг бир қисми сифатида ҳаётга татбиқ этилади.
ЖССТ маълумотларига кўра, жаҳонда ҳар йили 300 мингдан зиёд аёл бачадон бўйни саратонидан вафот этади. Дунёда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези саратонидан кейинги ўринда турадиган ва кенг тарқалган саратон хасталиги ҳисобланади.
Касалликлардан ўлим кўрсаткичи бўйича эса, бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези ва ошқозон саратонидан кейин учинчи ўринда ва туғиш ёшидаги аёллар (15 – 44 ёш) орасида эса бачадон сартонидан ўлим кўрсаткичи бўйича иккинчи ўринда туради.
2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан бутун мамлакат бўйлаб бачадон бўйни саратони бўйича кенг қамровли скринингни жорий этишни ўз ичига олган саратон касаллигини назорат қилиш ва олдини олиш бўйича миллий режаси тасдиқланди. Ушбу режа бачадон бўйни саратонини даволаш ва паллиатив ёрдамни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлардан ташқари ОПВга қарши эмлаш ва бачадон бўйни саратони скрининги каби бирламчи профилактика тадбирларини ўз ичига олади.
Тадбирда Соғлиқни сақлаш вазирлигига берилган ускуналар бачадон бўйни саратони бўйича мамлакат миқёсида скринингни ташкил этиш бўйича ҳаракатларни янада жадаллаштиришда муҳим омил бўлиши айтилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2019 йилдан бошлаб ОПВга қарши вакцина Миллий эмлаш календарига киритилган. Таҳлил натижаларига кўра, эмлаш эвазига келажакда ҳар йили 1100 та касалланиш ва бачадон бўйни хасталиги бўйича 600 га яқин ўлим ҳолатининг камайишига эришилади. 2050-2060 йилларгача аҳолининг 90 фоизи эмлаш билан қамраб олиниши орқали Ўзбекистонда бачадон бўйни саратони касаллиги тўлиқ бартараф этилишига эришилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter