Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Юридик университет қийналган талабаларга 4 миллион сўмгача ёрдам кўрсатади

Юридик университет қийналган талабаларга 4 миллион сўмгача ёрдам кўрсатади

Фото:«Xabar.uz»

Тошкент давлат юридик университетида янги ўқув йилидан Европа кредит тизими жорий қилиниб, «Электрон университет» платформаси ҳамда Талабаларга хизмат кўрсатиш маркази ишга туширилади.

Юридик таълимда кутилаётган шу ва бошқа ўзгаришлар ҳақида ёшларни университет ректори Раҳимжон Ҳакимов хабардор қилди, дея маълум қилган университет Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

Европа кредит тизими тажрибаси кўпгина мамлакатларда ўзини оқлаган. Унга кўра талабаларга мутахассислик фанлари чуқур ўқитилади ва мустақил таълимга кенг (60 фоизгача) ўрин берилади. Ўқув предметлари ва профессор-ўқитувчиларни эса ўзингиз танлашингиз мумкин. Раҳимжон Ҳакимовнинг сўзларига қараганда, университетда амалиёт тизими ҳам ислоҳ этилди. Эндиликда 1-курсдан Юридик клиникада амалиёт ўташ ҳамма учун мажбурий этиб белгиланган.

Яна бир муҳим янгилик: cентябрь ойидан ТДЮУда талабалар билимини баҳолаш жараёни деярли тўлиқ автоматлаштирилади. Шу мақсадда «Электрон университет» платформаси ишга туширилмоқда. Мазкур тизимда ҳар бир талабанинг шахсий кабинети очилиб, қайси фандан қанча балл тўплаганидан тортиб, назорат ишлари ва контракт тўловидаги қарздорлигигача акс эттирилади. 

Янги тартибга мувофиқ, ТДЮУда 4-курсларнинг ҳаммаси ҳам диплом ишини ёзмайди. Бундай ҳуқуқ умумий ўзлаштириш кўрсаткичи 71 баллдан юқори бўлган талабаларгагина берилади. Қолганлар, давлат имтиҳонларини топшириш билан чекланади, холос.

Тошкент давлат юридик университети юртимиз олий ўқув юртлари орасида биринчилардан бўлиб Талабаларга хизмат кўрсатиш маркази фаолиятини йўлга қўймоқда. Натижада талабалар турли хат-ҳужжатларни олиш, расмийлаштириш ва тақдим этиш учун ортиқча вақт сарфламайди. Барча хизматларни максимал равишда электрон тизимга ўтказиш кўзда тутилган.

Раҳимжон Ҳакимов шу кунларда интернет тармоғида қизғин мунозараларга сабаб бўлган контракт суммасини камайтириш масаласига ҳам ойдинлик киритди.

«Ҳозирда базавий тўлов-шартнома пулининг 10 фоизи миқдорида чегирма тақдим этиш имкониятини кўриб чиқяпмиз, — деди ректор. — Бундан ташқари, университет контракт тўлашга қийналаётган ногиронлиги бор, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларга 4 миллион сўмгача бир марталик моддий ёрдам кўрсатишга тайёр. Яна бир гап. Биласиз, коронавирус пандемияси туфайли сентябрь ойида университетда ўқиш тўлиқ масофавий шаклда ташкил қилинади. Компьютери йўқ талабалар факультетларга чиқсин. Уларга техникани ўзимиз етказамиз».

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг