Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Йўқолаётган дарё ёхуд ҳайқириқни кимдир эшитармикан?

Йўқолаётган дарё ёхуд ҳайқириқни кимдир эшитармикан?

Охири, жим тура олмадим. Айтмасам, табиатга хиёнат қилаётгандек бўлавердим. 21 октябрь куни «Зарафшон миллий боғи» да қўриқланадиган ҳудудларга яқин жойлашган мактаблар орасида беллашув бўлиб ўтди. Бироқ ҳозир ёзмоқчи бўлаётганим, тадбир ҳақида эмас...

Табиатни севганим учун тадбирга ўзим ҳам бордим. Ўрмон, тоза ҳаво, ёввойи ҳайвонлар билан дўстлашиб кетишган ўрмон ходимлари... Албатта, кайфиятим кўтарилди. Бироқ, бу ҳолат кўпга чўзилмади. Болалар билан дарё қирғоғига бориб келадиган бўлдик. Дарёга етиб боргунча, кўз ўнгимда болалик йилларим ўтди. Олис колхоз далаларида онам билан дарё ёқалаб пиёда қайтган кезларимиз бирин-кетин жонланарди. Қирғоққа етиб боргач, ҳўнграб йиғлаб юборишдан ўзимни аранг тутдим. Бизни кузатиб борган Шароф акага юзланиб: «Дарё қани?!», – дедим ҳайратимни яширолмай. Дарёнинг сув сатҳи йилдан-йилга тушиб кетаётгани ҳақида тез-тез ўқиб, эшитиб турардим. Лекин, мен кўрган манзара даражасида, деб тасаввур қилмаган эканман...

   

6-7 ёшларда эдим. Онам, оқшом ҳамма рўзғор ишларини тинчитиб бўлгач,   мен ҳам ухламай ғимирлаб юрганимга эътибор берди.

– Эҳ-ҳэ, сен нега ухламай юрибсан? Юр эртароқ ухлайлик, эрталаб соат тўртларда туриб кетаман. Эртага Халфа бобонинг тутзорига (бу жой қаерда эканини яхши биламан. Бизнинг уйимиздан 3-4 км. узоқроқда. У ерга боришда ҳам, келишда ҳам кенг сувликлардан, булоқлардан, пляждан ўтилади. Бу жойлар олдин Халфа бобога тегишли бўлган. Шунинг учун жой номи ҳалигача ўша кишининг номи билан аталарди.) тонг отмай етиб боришим керак. Иш шу ёқда. У ерларда тутзор қолмаган. Аллақачон, пахта даласига айланиб кетганди. Лекин, ўрмон ва жуда кўп сувли кенгликлар бор эди. Хабарни эшитишим билан:

– Урааа, менам бораман, дедим.

Онам:

– Кеч бўлиб кетди. Сени уйғотиб ўтирмайман, – дедилар.

Мени уйғотиш шартмаслигини, ўзим уйғонишимни, сув тарашда онамга ёрдам беришимни айтдим. Онам, ҳай, ухлачи, деб мени ўрнимга ётқизди. Отам заводда ишлардилар. Эрталаб ишга кетишидан олдин: «Мен шундан эртага кечқурун келаман-да, 18 та вагон келган», деб кетганди. Демак, кечга отам келади. Кун бўйи онам билан сув қуямиз, деган хаёллар билан уйқуга кетдим. Ҳушёр ётган эканман, онам қўзғалишлари билан дик этиб туриб олдим. Хуллас, қўлимизда фонус, қумғон, иккита нон, қанд, бироз сариёғни кўтариб, она-бола йўлга тушдик. Етиб келганимизда тонг ёришиб қолганди. Фонусни ўчириб, сув тарашга тушдик. Онам эгатларга сув тарар, мен эса, қандайдир буғдойранг қоғозларни тайёрлаб онамга етказиб берардим. Иккаламиз, ўтириб чой ичдик. Кун анча қизиб кетди. Онам мени етаклаб дала бошидаги булоққа чўмилишга олиб борди. Сув шу қадар тиниқ эдики, тагидаги тошлар аниқ кўриниб тургани учун саёздек туюлди. Чопиб муздек сувга киргандим, халқумимгача ботиб кетдим. Қўрққанимдан қимирламай бир жойда қотиб қолдим. Онам ҳам кийимлари билан секин ўзларини сувга ташладилар. Менга яқинлашиб, қўрқма суз, дедилар. Шунда сузишни ўргандим. Қаердандир, сувнинг шовуллаган овози келиб турарди.

– Қаерда сув шовуллаяпди? – дедим.

 – Дарёда-да! Мана, йўлнинг нариги томони, дарё, – деди онам.

Чўмилиб чиққач, умуман чарчоқ, уйқу хумори қолмаганди. Онам, юр кўрсатаман, деб дарё бўйига олиб бордилар. Шунақа катта, у қирғоғи зўрға кўринадиган, шовуллаб, ҳайбат билан оқаётган лойқа лекин булоқ сувига нисбатан илиқ, юмшоқ – Зарафшон дарёси!

– Унча яқин борма, бошинг айланади. Бунинг устига сув тагини ювиб кетган бўлса, гирдиши сувга қулаб тушади, – деди.

Анча узоқроқдан туриб томоша қилдим. Ажиб, ҳаво! Офтоб жиззиллаб кетгани ҳам билинмайди. Ортга қайтдик. Кун бироз ташлагунча катта тут дарахти тагида ётиб ухлаб олдик... Кейин, соат учларда яна чой ичиб олдикда қолган эгатларга ҳам сув тарадик. Қайтишда ҳам булоқ, пляж, дарё сувларини томоша қилиб, сув кечиб келдик...

– Охирги икки йилда сув сатҳи 7 метрга ташлаб юборди...

Хотиралар етаклаб кетган олис болалик дунёсидан, Шароф аканинг овози мени қайтариб олди. Юрагим ачинишми, соғинчми аллақандай туйғулар билан жиззиллаб турарди. Чуқур хўрсиндим, ҳеч нарса демай дарё қирғоғига яқинроқ бордим. Ҳамма сувни бир жойга тўпласа, Мирзаариқчалик ҳам суви қолмабди. Қаердандир шовқин эшитилиб турарди. Бу ниманинг шовқини экани билан қизиқиб, Шароф акадан сўрадим. Тошлоқларнинг нариги томонида, Тайлоқ худудида завод ишлаётганини, шундайлар туфайли дарёнинг суви пастлаб кетаётгани, бу эса, атрофдаги қанча ўсимликлар, дарахтлар ва жониворларнинг қирилиб кетишига сабаб бўлишини айтди. Ичим эзилиб кетди. Кимлардир қоқ саҳронинг ичида жаннатмакон масканлар яратаяпди, сохта кўллар, яратаяпди. Бунинг учун миллиардлаб пуллар сарфлашаябди. Биз бўлса, Яратган инъом этган табиий жаннатни саҳрога айлантираябмиз... Ич-ичимда унсиз ҳайқириқ бор эди: Тўхтанг, одамлар! Жаннатмакон масканимизни ковлаб, кемириб пул қилманг! Эртага келажак авлод бизнинг хатомизни қандай тузатади? Уларга обод масканни авайлаб-асраб етказайлик. Уларда ҳам мен каби чиройли хотиралар бўлсин!

 Афсус, бу ҳайқириғимни ўзимдан бошқа ҳеч ким эшитмасди... Ё бирор киши эшитармикан-а?

                                                                                                     Насиба Ғафурова

                                                                                        facebook саҳифасидан олинди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг