«Йиғилиш қандай ўтди? Биласиз-ку, ака...»
Кеча хизмат юзасидан Бош прокуратура матбуот хизматига сим қоққандик, бироқ масъул ходим билан боғланишнинг иложи бўлмади. Кечроқ масъул ходимнинг ўзи биз билан боғланиб, узр айтди (кўнгилни хуноб қиладиган даражада дипломат бўп кетади-да гоҳо!), Бош прокурор ҳудудий прокуратура органлари раҳбарлари билан видеоселектор йиғилиши ўтказган экан, шу тадбир билан андармон бўлганини билдириб, гап охирида одатий сўзларини такрорлади: нима хизмат, ака?
Бош прокурор йиғлишидан эндигина чиққан ходимнинг қулоғига гап кирармиди? Эшитган гаплар, «обориб-олиб келишлар-у» берилган топшириқларни «ҳазм қилиш» учун пича фурсат талаб этадики, асосий сўровномани насия қилиб, йиғилиш қандай ўтгани сўралди.
Жавоб: «Биласиз-ку, ака...».
«Кенгроқ билдиринг, барибир ахборот берасизлар-ку?!».
Гўшакдан «қулт-қулт» овоз эшитилди, чамаси, масъул ходим томоғини ҳуллаб, чуқур нафас олгач, видеселекторда кўтарилган масалаларнинг матбуотга айтиш мумкин қирралари ҳақида (масъул ходим анча хушёр!) мухтасар ахборот беришга тушди:
«... Биласиз, коронавирус пандемияси билан боғлиқ аҳвол мураккаблашмоқда. Карантин чоралари муддатларининг узайиб бораётгани эҳтиёжманд оилаларни қийин аҳволга солиб қўйишини айтиш шартмас. Шундан келиб чиқиб, бугунги йиғилишда эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлиги таъминлаш ва бу борада прокурорлар масъул бўлган секторлардаги аҳвол муҳокама қилинди.
Кўп марта танқид қилинганига қарамай, секторлар фаолиятида айрим жиддий камчилик ва нуқсонлар йўқ эмас-да. Шу учун Бош прокурор жойлардаги кўпгина ходимларимизни роса «обориб-олиб келди». Баҳона-ю важларга қулоқ солгани йўқ: «удда қилсанг — ишла, йўқса, тўрт томонинг қиблади» — талаби шу. Имконият йўқ эмас, ҳамма гап иштиёқда, дейилди. Айрим ҳудудларда оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик ва жамоат ишларига, шунингдек инвестиция, агросаноат, қурилиш лойиҳалари асосида иш ўринларига эҳтиёжманд оилалар аъзоларини жалб этиш мумкин. Бўш турган давлат объектларидан фойдаланиш масаласига янада жиддий қаралса, жойлардаги аҳоли бандлигига оид муаммога озир-кўпдир ечим бўлади-да.
Айтганча, аҳолини ҳунармандликка жалб этиш борасида Сурхондарё ҳамда такрорий экин экиш учун ер ажратиш борасида Андижон вилоятларининг ижобий тажрибалари ҳақида яхши гаплар бўлди. Шундай тажрибалардан самарали фойдаланиш лозимлиги таъкид этилди.
Жойлардаги муаммони билиш учун у ҳақда тўлиқ тасаввурга эга бўлиш талаб этилади. Айни шу мақсадда тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш, жойлардаги секторлар штабларида «call-center» марказлари ташкил этган ҳолда маълумотлар киритиш жараёнини қатъий кунлик назоратга олиш талаби қўйилди. Бусиз иложи йўқ, акс ҳолда ҳақиқий аҳвол қоғозда бошқа, амалда бошқа бўп кетиши мумкин. Шундан келиб чиқиб, ҳар бир масъул прокурор ходимнинг шахсий жавобгарлиги масаласи белгиланди...».
«...Карантин қоидаларига риоя этиш? Бу энг оғриқли масала-ку?! Шундай экан, ҳудудларда карантин қоидаларига қатъий риоя этилишини таъминлашга, инфекциянинг аҳоли орасида кенг тарқалишига йўл қўймаслик бўйича прокурорлар алоҳида топшириқ олди», дея гапини якунлаган масъул ходим «Шу гапларимни ёзасизда, а?» деди билиб турган бўлса ҳам.
— Бўлмаса-чи? Мана, ёзиб ҳам бўлдик...
— Унда шошманг, ҳозир йиғилишдан олинган суратларни юбораман...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter