Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хотин-қизлар қўмитаси раиси хўрланган аёл воқеасига муносабат билдирди

Хотин-қизлар қўмитаси раиси хўрланган аёл воқеасига муносабат билдирди

Фото: «Xabar.uz»

Ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган — Каттақўрғон шаҳар ички ишлар бошқармаси ходимлари ўғриликда гувон қилинган аёл қип-яланғоч ҳолда таҳқирлангани ҳақида хабар берган эдик.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Сурайё Раҳмонова Санъат Умаровга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани, унга қонун доирасида энг қатъий чоралар қўлланиши ҳақида маълум қилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева «Facebook»даги саҳифасида ушбу воқеага ўз муносабатини билдирди:

«Самарқандлик аёл билан бўлган воқеа — бу албатта, ҳеч қайси одоб ва ахлоқ қоидаларига тўғри келмайди. Аввало гап шу «эркак» тарбиясининг даражаси тўғрисида бўлиши керак. Бу ҳолат мутлақо ички ишлар идоралари фаолиятига дахлдор эмас, аксинча, бу нуфузли вазирлик ўз сафларини нопок, қўпол ходимлардан тозалаяпти.

Республика хотин-қизлар қўмитаси аёллар билан, у қандай хато қилиб қўйганидан қатьи назар, бундай муносабатда бўлишга мутлақо қарши! Биз барча аёлларимизни ҳимоя қилиш борасида ўз фаолиятимизни олиб бормоқдамиз. Ҳозирги кунда оилада, меҳнат жамоасида, кўча-кўйда аёл зўравонлик қурбони бўлса, биз, албатта, уни ҳимоя қиламиз.

Бу борада ҳар бир туманларимиз ва шаҳарларда аёлларга ёрдам берадиган марказлар ташкил қилинмоқда, шу билан бирга, зўравонликнинг олдини олишга қаратилган махсус қонун яратилиши устидан ҳам иш олиб борилмоқда.

Мазкур воқеа барча хотин-қизларимизнинг нафратини уйғотди, буни ижтимоий тармоқлардаги қизғин муҳокамалар кўрсатмоқда.

Биз Бош прокуратура томонидан кўзғатилган тергов иши якунларини кутамиз ва шу аёлнинг муаммоси билан, албатта, шуғулланамиз».

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг