Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хитойлик олимлар Ўзбекистондаги вазирликда иш бошлади

Хитойлик олимлар Ўзбекистондаги вазирликда иш бошлади

Хитойлик амалиётчи олимлар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигида маслаҳатчи сифатида фаолият юритади. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси кўмагида хитойлик олимлар — Чжан Ци ва Ван Сяо Линнинг мамлакатимизга ташрифи ташкил этилган.

«Хитой камбағаллик устидан тўлиқ ғалаба қозонганини эълон қилган биринчи мамлакат саналади. Икки давлат ўртасида жадал ривожланаётган стратегик шериклик Хитойнинг бу борадаги илғор тажрибасини ўрганиш учун кенг имкониятлар беради. Камбағалликга қарши курашда Хитой тажрибасини ўрганиш ва жорий этиш бўйича ҳамкорликда тадбирлар ўтказиш юзасидан икки давлат раҳбарлари ўртасида келишувга эришилгани бунинг ёрқин далилидир», — дейилади вазирлик ахборотида.

Маълум қилинишича, мутахассислар дастлаб ҳудудларга сафар қилиб, соҳадаги ишларнинг бугунги ҳолатини ўрганади. Таҳлил натижаларига кўра, камбағалликни аниқлашнинг молиявий ва номолиявий мезонларини ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Кейинчалик, илмий ёндашув асосида камбағалликдан чиқиш бўйича мақсадли дастурлар ишлаб чиқилиб, улар вилоятлар, туманлар ва маҳаллалар миқёсида амалга оширилади. Шунингдек, ушбу дастурларнинг самарадорлигини мониторинг қилиш механизмини жорий этиш назарда тутилган. Ўқув дастурларини қайта кўриб чиқиш орқали касб-ҳунар таълими тизимини ўзгартиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Таъкидланишича, ушбу чоралар кадрлар тайёрлаш борасида ички ва ташқи меҳнат бозорида талабга эга бўлган замонавий билим ва кўникмаларни шакллантириш имконини беради.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг