ХДП раиси 2,5 млн. маош бир эмас, икки оилага етади, демоқчими?!
Сайловолди дебатда беш кишидан иборат оиланинг ойлик эҳтиёжига 2,5 млн. сўм бемалол етади, дея кўпчиликнинг энсасини қотирган Халқ демократик партияси раиси Улуғбек Иноятов гапини «карраси билан» исботлаш йўлига ўтган кўринади. Нега десангиз, у партия ҳудудий кенгашлари иштирокида ўтказган видеоселектор йиғилишида барча даражадаги депутатлар ва партия фаолларига ёрдамга муҳтож бўлган биттадан оилани оталиққа олиб, карантин тугагунча озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаб туриш вазифасини юклаган. Бу ҳақда журналист Нурилло Нўъмонов ўз манбаларига таяниб ёзмоқда.
Партия раҳбари қийналганларга ёрдам кўрсатиш йўлида изланаётгани яхши. Лекин чуқур ўйламасдан, бу ташаббус қандай натижага олиб келишини кўра олмасдан, шошма-шошарлик қилиб, савобли ишни гуноҳга айлантираётгани ачинарли, дея қайд этилади мақолада. Чунки, маҳаллий депутатлар орасида тадбиркор, фермер ҳамда раҳбарлик лавозимида ишловчи, тирикчилигидан орттириб, бировга хайрия қила оладиганлар нари борса йигирма фоизни ташкил қилади. Қолганларнинг аксарияти ойлик иш ҳақидан бошқа даромади йўқ инсонлар-да. Бу каби топшириқлар эса депутатларни партиядан бездиришга хизмат қилади, холос.
Журналист воқеликни ўрганиши жараёнида ЎзХДП марказий кенгаши томонидан юборилган айни масалага дахлдор расмий хат ҳамда илова намунасини қўлга киритади. Манбаларнинг таъкидлашича, марказий кенгаш томонидан депутатлар хайрия ва ҳомийлик ишларини қандай амалга ошираётгани хусусида кунлик маълумот ҳам талаб этилмоқда.
Буниси энди ортиқча. Нима, партия раҳбари 2,5 млн. сўм маош беш кишидан иборат битта эмас, керак бўлса, иккита оилага етади, демоқчими ё?!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter