Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Вазирлар Маҳкамаси тўғрисидаги қонун лойиҳасида қандай янгиликлар, ўзгаришлар бор?

Вазирлар Маҳкамаси тўғрисидаги қонун лойиҳасида қандай янгиликлар, ўзгаришлар бор?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппарати томонидан Адлия вазирлиги билан биргаликда «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири ишлаб чиқилди.

Бугунги кунда Ҳукумат фаолиятини тартибга солувчи 30 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.

Амалдаги «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги Қонун 2003 йилда қабул қилинган бўлиб, унинг нормалари Ҳукумат фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тўлиқ қамраб олмаган.

Шунингдек, 200 дан ортиқ қонун ҳужжатларида Вазирлар Маҳкамасининг мингдан ортиқ ваколатлари акс эттирилган бўлиб, бугунги кунга қадар улар тўлиқ хатловдан ўтказилган ҳолда консолидациялашмаган.

Қонуннинг янги таҳририда Ҳукуматнинг ҳуқуқий мақоми, унинг иқтисодиёт, ижтимоий ва маданий соҳалардаги роли аниқ белгиланмоқда. Хусусан:

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ИҚТИСОДИЁТ СОҲАСИДА:

  • ягона давлат сиёсати амалга оширилишини ва индустриал сиёсат олиб борилишини таъминлайди;
  • миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш ва диверсификация қилишни таъминлаш чораларини кўради;
  • иқтисодиётнинг асосий тармоқларини ривожлантириш стратегияларини шакллантиришни таъминлайди;
  • иқтисодиёт тармоқларини стратегик ривожлантириш давлат дастурларини, давлат ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширишни таъминлайди;
  • туризм индустриясини ривожлантириш ва туризм инфратузилмасини кенгайтириш учун шароитлар яратади;
  • эркин иқтисодий зоналар, технопарклар, кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштиради ва мониторинг қилади;
  • давлат бошқаруви усулларини такомиллаштиради;
  • қишлоқ хўжалигини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича чоралар кўради;
  • урбанизация жараёнларини давлат томонидан тартибга солишни ва уй-жой соҳасида давлат сиёсатини амалга оширишни таъминлайди;
  • «хуфёна» иқтисодиёт улушини қисқартириш, иқтисодий жараёнларда давлат иштирокини қисқартириш учун шарт-шароитлар яратади;
  • тадбиркорларнинг, чет эллик инвесторларнинг мурожаатлари билан ишлаш чораларини кўради.
  • БЮДЖЕТ, МОЛИЯ, КРЕДИТ ВА ПУЛ СИЁСАТИНИ АМАЛГА ОШИРИШ СОҲАСИДАГИ ВАКОЛАТЛАРИ:
  • бюджет, молия, кредит ва пул сиёсати соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишни таъминлайди;
  • Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари ишлаб чиқилишини ва ижро этилишини ташкил этади;
  • Давлат бюджетининг барча даражаларида мутаносибликни таъминлаш, маҳаллий бюджетларнинг даромад қисмини мустаҳкамлаш чораларини кўради;
  • самарали фискал сиёсатни юритади;
  • пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш, валюта сиёсатини либераллаштириш, валюта соҳасини тартибга солишнинг бозор механизмларини жорий қилиш, миллий валюта барқарорлигини таъминлаш чораларини кўради;
  • банк тизими барқарорлигини таъминлайди.

ИЖТИМОИЙ СОҲАДА:

  • ижтимоий соҳада ягона давлат сиёсатини амалга оширишни таъминлайди;
  • таълим тизимини ривожлантиришни, унинг сифати ва самарадорлигини оширишни таъминлайди;
  • илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини рағбатлантириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;
  • мактабгача таълим тизимини соғлиқни сақлаш тизимини, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;
  • иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;
  • оила, оналик ва болаликни ҳимоялашга кўмаклашади, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича чоралар кўради;
  • ижтимоий ёрдам давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни таъминлайди.

МАДАНИЙ-ГУМАНИТАР СОҲАДА:

  • маданий-гуманитар соҳада ягона давлат сиёсатини амалга оширишни таъминлайди;
  • илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик соҳасида раҳбарликни амалга оширади;
  • маданиятни, санъатни ривожлантиришга, маданий қадриятлардан кенг кўламда фойдаланишни таъминлашга, фуқароларнинг ижтимоий ва маданий ҳаётда тўла ҳуқуқли тарзда иштирок этишига кўмаклашади;
  • театр-томоша, маданий-маърифий ташкилотлар ва музейларнинг фаолиятини ривожлантириш ва такомиллаштириш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича чоралар кўради;
  • тарихий ва маданий меросни муҳофаза қилиш, давлат тилини ривожлантириш ва ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида мамлакатнинг бутун ҳудудида амал қилишини таъминлайди;
  • хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш ва ривожланиш чораларини кўради.

ҲУДУДЛАРНИ РИВОЖЛАНТИРИШ СОҲАСИДА:

  • ҳудудларнинг иқтисодиётини, туман ва шаҳарларни комплекс ва мутаносиб ҳолда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни таъминлайди;
  • иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани ривожлантириш давлат дастурларини, ҳудудий ривожлантириш дастурларини амалга ошириш чораларини кўради;
  • барча даражадаги ҳудудий бюджетларнинг мақсадли ижросини таъминлайди;
  • ҳудудларни ривожлантиришнинг истиқболли вазифаларини ташкил этиш бўйича давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мувофиқлаштирилган ишини таъминлаш чораларини кўради;
  • ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тенденцияларининг комплекс таҳлилини янада чуқурлаштириш, аҳоли бандлиги ва турмуш даражасини изчил ошириш бўйича ислоҳотларни амалга ошириш жараёнининг мониторингини ўтказади;
  • ҳудудларнинг инвестициявий жозибадорлигини янада яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
  • ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича Президент ва Ҳукумат ҳужжатлари ва топшириқлари ижро этилиш ҳолатини мақсадли ўрганишни амалга оширади;
  • ҳудудларнинг иқтисодий кўрсаткичларини яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.

ЭКОЛОГИЯ ВА АТРОФ-МУҲИТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ СОҲАСИДА:

  • атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик хавфсизликни таъминлаш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишни таъминлайди;
  • фуқароларнинг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш, экологик осойишталикни таъминлаш чораларини кўради;
  • табиий ресурсларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш ва табиатдан фойдаланишни тартибга солиш фаолиятини ташкиллаштиради;
  • табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини ўтказиш ҳамда республика ва халқаро аҳамиятга эга йирик экологик дастурларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;
  • йирик авариялар ва ҳалокатларнинг, шунингдек, табиий офатларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш чораларини кўради.
  • ТАШҚИ СИЁСАТНИ АМАЛГА ОШИРИШ ВА ХАЛҚАРО АЛОҚАЛАРНИ РИВОЖЛАНТИРИШ СОҲАСИДА:
  • Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатини амалга оширишни таъминлаш, ҳукуматлараро алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;
  • Республиканинг хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардаги вакиллигини таъминлайди;
  • ўз ваколатлари доирасида халқаро шартномалар тузади;
  • хориждаги шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш чора-тадбирларини кўради;
  • Ўзбекистон ва хорижий давлатлар ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиялар фаолиятини ташкил этишни таъминлайди.

ИНВЕСТИЦИЯЛАР ВА ТАШҚИ ИҚТИСОДИЙ ФАОЛИЯТ СОҲАСИДА:

  • ягона давлат инвестицион сиёсатини амалга ошириш, хорижий инвестицияларни жалб қилишни мувофиқлаштиришни таъминлайди;
  • қулай инвестиция иқлимини яратиш ва хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;
  • самарали божхона-тариф сиёсатини олиб боради;
  • ташқи иқтисодий фаолият соҳасида раҳбарликни амалга оширади;
  • Ўзбекистоннинг савдо, иқтисодий, технологик, транспорт ва бошқа алоқаларини кенгайтириш чораларини кўради;
  • ўз ваколатлари доирасида халқаро иқтисодий ташкилотлар, молия институтлари ва бошқа кўптомонлама савдо-иқтисодий тизимлар доирасида ҳамкорликни ривожлантиради;
  • ташқи савдо ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишни таъминлайди;
  • олий ва юқори даражадаги ташрифлар якунлари бўйича инвестицион лойиҳалар ва амалий тадбирлар режалари («йўл хариталари»)ни сифатли амалга оширишни таъминлайди;
  • Ўзбекистоннинг тўлов балансини ишлаб чиқади;
  • чет элдан олинадиган кредитлар учун Ҳукумат кафолатларини беради;
  • Ўзбекистоннинг чет элдаги мулкига эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади.

АХБОРОТ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ ВА КОММУНИКАЦИЯЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ СОҲАСИДА:

  • ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишни таъминлайди;
  • «Электрон ҳукумат» тизимини жорий қилишни таъминлаш, аҳоли, бизнес ва давлат ўртасида самарали ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш учун зарур шароитларни яратади;
  • электрон давлат хизматлари ва телекоммуникация хизматлари спектрини кенгайтириш, телекомму-никация инфратузилмасини модернизация қилиш чораларини кўради;
  • ахборот хавфсизлиги ва ахборот муҳофазасини таъминлаш, тармоқлар, дастурий маҳсулотлар, ахборот тизимлари ва манбалари муҳофазасининг замонавий технологияларини жорий қилиш чораларини кўради.

ЖАМОАТ ТАРТИБИНИ САҚЛАШ, ДАВЛАТ ХАВФСИЗЛИГИНИ ВА МУДОФАА ҚОБИЛИЯТИНИ ТАЪМИНЛАШ СОҲАСИДА:

  • давлат хавфсизлигини ва мудофаа қобилиятини таъминлаш, давлат чегараларини қўриқлаш, давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, жамоат тартибини сақлаш чора-тадбирларини амалга оширишга кўмаклашади;
  • ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалга оширишни таъминлайди;
  • ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди;
  • мудофаа вазифаларини ҳал этиш учун зарур молиявий, моддий ва бошқа ресурсларга бўлган талаб-эҳтиёжларини ҳар томонлама таъминлаш, мудофаа манфаатларини кўзлаб мамлакат ҳудудини тезкорлик билан жиҳозлаш масалаларини ҳал этади;
  • Қуролли Кучларнинг қурол-яроғ, ҳарбий техника ва бошқа моддий-техника воситалари билан жиҳозланиши ҳамда таъминланишини ташкил этади;
  • давлат ҳарбий буюртмаларини шакллантириш ва мудофаа аҳамиятига молик ишлаб чиқаришларни ташкил этиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширишилини таъминлайди;
  • хорижий давлатлар билан харбий ва харбий-техникавий ҳамкорликни кенгайтириш чораларини кўради;
  • мамлакат иқтисодиётининг сафарбарлик тайёр-гарлигини ташкил этади, фуқаро муҳофазасига раҳбарликни амалга оширади.

Бундан ташқари янги лойиҳада Ҳукумат фаолиятини ташкил этишнинг янги иш услублари, шу жумладан, ҲУДУДЛАРДА ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ МАВЗУЛИ САЙЁР МАЖЛИСЛАРИНИ ЎТКАЗИШ тартиби назарда тутилмоқда.

Бош вазир ўринбосарлари ва маслаҳатчилари, Ҳукумат аъзоларининг ваколатлари ва жавобгарлиги, шунингдек, уларни лавозимга тайинлаш ва озод этиш тартиби белгиланмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг Президент ва унинг Администрацияси, судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда сиёсий партиялар билан ўзаро муносабатларининг хусусиятлари белгилаб берилмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларини ўтказиш тартиби, Ҳукумат ва унинг Раёсати мажлисларида кўриб чиқиладиган масалалар рўйхати мустаҳкамланмоқда.

Ҳукумат аъзолари ва Вазирлар Маҳкамаси аппарати ходимларининг ижтимоий ҳимояси кафолатлари белгиланмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, хусусан, Ҳукумат фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиш тартиби белгиланмоқда.

Яна бир муҳим янгилик – Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва у ерда ишлайдиган мансабдор шахслар ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан белгиланган тартибда судга мурожаат қилиш мумкинлиги қайд этилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг