Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ваъдабоз ташкилот». Қашқадарё «Матбуот тарқатувчи» ШК атрофидаги машмашалар

«Ваъдабоз ташкилот». Қашқадарё «Матбуот тарқатувчи» ШК атрофидаги машмашалар

Фото: «Turon24»

Қашқадарёда нашр этилаётган бир қатор газета ва журналлар вилоят «Матбуот тарқатувчи» шўъба корхонаси фаолиятидан норози. Боиси, газета ва журналларни обуначиларга тарқатишни касб қилиб олган мазкур ташкилот таҳририятларнинг обуна маблағларини ўз вақтида тўлаб бермасдан доимий алдаб келар экан. Бу ҳақда вилоятдаги матбуот нашрларининг бош муҳаррирлари «Turon24»га маълум қилган.

«Матбуот тарқатувчи» – ваъдабоз ташкилот», – дейди «Қашқадарё спорти» газетаси бош муҳаррири Акбар Раҳмонов. – Фақат алдайди. Қашқадарё вилоят «Матбуот тарқатувчи» шўъба корхонаси Чироқчи туман бўлимида 40 млн сўм пулимиз бор. 2017 йилдан бери «пулларингни берамиз» деб фақат ваъда беради. «Матбуот тарқатувчи»нинг вилоят шўъба корхонаси ҳам 2018 йил учун берилиши лозим бўлган уч ярим млн сўм миқдоридаги обуна пулини ҳалигача тўлаб бергани йўқ. Шартномада ташкилот обуна пулининг 25 фоизидан 75 фоизигача бўлган миқдорини йилнинг биринчи чорагида ташлаб бериши кўрсатилган. Шартнома шартларига амал қилишга келганда эса масъулларни топиб бўлмайди. Ҳар йили таҳририятларни сарсон қилишади.

«Пулимизни сўраб, мурожаат қилишдан чарчадик», – дейди «Воҳа» газетаси муассиси Бекзод Назаров. – Ана берамиз, мана берамиздан нарига ўтишмайди. 20 маротабадан кўп мурожаат қилдик, аммо фойдаси йўқ. Пулимизни беришмаяпти. Таҳририятимиз қийин аҳволда. Янги йил арафасида ишчи ходимларимизга маош, байрам пули беришимиз керак-ку.

Маълум бўлишича, Қарши шаҳар ҳокимлиги нашри – «Насаф» газетаси таҳририяти Вилоят «Матбуот тарқатувчи» шўъба корхонасидан 10 млн сўмдан ортиқ обуна пулларини ололмаётганлиги боис, газета октябрь, ноябрь ва декабрь ойларида умуман чоп этилмаётган экан.

«Вилоят «Матбуот тарқатувчи» шўъба корхонаси билан ҳар йили муаммога дуч келамиз, – дейди «Насаф» газетаси бош муҳаррири Зебо Қосимова. – Сабаби улар ҳеч қачон ўз вақтида пулимизни беришмайди. Шу боисдан ходимларга ўз вақтида маош тўлаш, солиқ қарздорликлари ва газетанинг босмахона харажатлари кечикиб кетади. 10 млн сўмдан ортиқ обуна пулимизни беришмагани сабаб охирги уч ойда газетамиз умуман чоп этилмаяпти».

«Насаф» газетасининг обуна пули қанчаю, босмахонасининг пули қанча бўларди», – дейди Қашқадарё вилоят «Матбуот тарқатувчи» шўъба корхонаси раҳбари Тиркаш Очилов. – Қолаверса, биз ушбу таҳририятнинг пулини тўлаб берганмиз».

Тиркаш Очиловнинг маълум қилишича, «Насаф» газетасига корхона 6 ноябрь куни обуна пулидан икки ярим млн сўм ўтказиб берган.

«Корхона раҳбарига 2 марта расмий хат бериб, қарздорлигини бартараф этишни сўраб, огоҳлантирганмиз», – дейди «Насаф» газетаси бош муҳаррири Зебо Қосимова. – Ҳатто Матбуот ва ахборот агентлигига ҳам мурожаат қилдик. Ўшанда «Матбуот тарқатувчи»нинг республикадаги вакилларидан Қосимов деган киши келиб, ҳолатни ўрганган эди. Далолатнома ҳам тузилган. Октябрь ойига қадар пулимизни тўлаб беришлари ҳақида айтишганди. Аммо ноябрь ойининг бошида атиги икки ярим млн пул беришди холос.

Вилоят «Матбуот тарқатувчи» шўъба корхонаси раҳбари Тиркаш Очиловнинг айтишича, корхонанинг газета ва журналлардан катта миқдордаги қарздорлигига сабаб Чироқчи тумани халқ таълими бўлими ва туман тиббиёт бирлашмаси ташкилотнинг 600 млн сўмга яқин пулини ўз вақтида тўлаб бермаётганлиги экан.

«Опа кўп ўйин қилди», – дейди Тиркаш Очилов. – Аввалига туман халқ таълими бўлимининг биздан 416 млн сўмдан ортиқ қарздорлигини тан олмади. Кейин «бу йилги обуна пулидан тўлаб бераман», деди. Аслида бизнинг ишимизга панд бергани ҳам шу бўлди. Ўтган йили вилоят ҳокимлиги залида у кишига раҳматнома ҳам эълон қилинганди. Обунани яхши ташкил этгани учун. Аммо пулини тўлашга келганда тан олмади. Дастлаб кам-камдан пул ўтказиб туришди. Кейин пул ўтиши умуман тўхтади. Халигача пулимизни ололганимиз йўқ. Тумандаги вакилимиз эшигининг тагига ётиб олган».

«Туман халқ таълими бўлимининг матбуот тарқатувчидан ҳеч қандай қарздорлиги йўқ», – дейди Чироқчи туман халқ таълими бўлими мудири Назира Абраева. – Ташкилот «2015 йилдан бери туман халқ таълимининг биздан қарзи бор» деб келади. 2016–2017 йилларда ҳам шундай дейишди. Аслида 2015–2016 йили газеталар обунаси учун 800 млн сўм ўтказиб берганмиз. Қарийб 1 млрд сўм дегани бу. Шундай экан, қандай қилиб биз яна қарздор бўлишимиз мумкин?

Вилоят «Матбуот тарқатувчи» шўъба корхонасининг Чироқчи тумани бўлими вакили Тўра Алиқуловнинг айтишича, ташкилот обуначилар етарли даражадаги пул тўлашмаса ҳам обуна қилинди деб «квитанция» ёзиб бераверган. Натижада эса айтилаётган маблағ даражасига етган.

«Туман халқ таълими бўлими ҳам, тиббиёт бирлашмаси ҳам қарздорликни тан олмаяпти», – дейди Тўра Алиқулов. – «Аслида шартномамиз бўлса-да, «сверка» бўлмаган-да. Шунинг учун ҳам улар кафолат хатлари бўлишса ҳам қарздорликни тан олмаяпти. Ўша пайтда туман ҳокимлиги томонидан «Обуна қилиш керак» деган топшириқ бўларди. Топшириққа асосан улар обуна қилайлик деб келишса «квитанция» ёзиб бераверганмиз. Шунинг учун ўзимиз ҳам жуда қийналиб кетдик».

Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Тўлқин Ашуров ўзи ишлаётган муассасанинг вилоят «Матбуот тарқатувчи» шўъба корхонасидан 155 млн сўмдан ортиқ қарздорлиги борлигини инкор қилди.

Суриштирув давомида вилоят «Матбуот тарқатувчи» шўъба корхонаси «Қашқадарё» газетасидан 5 миллионга яқин, «Баркамол авлод» газетасидан 23 млн, «Дарё» газетасидан 2 миллионга яқин, «Соҳибқирон юлдузи» журналидан 13,5 млн сўм қарзи борлигини аниқлади. Газеталар масъулларининг айтишича, ташкилот йил давомида таҳририятларга обуна пулларини деярли ўтказмаган.

«Матбуот тарқатувчи»нинг вилоятдаги мутасаддиси Тиркаш Очилов эса фақатгина 5 та газетадан нари борса 15 млн қарздорлиги борлигини тан олган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг