Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

USAID Ўзбекистонда мигрантларга кўмак берувчи иккинчи марказни очди

USAID Ўзбекистонда мигрантларга кўмак берувчи иккинчи марказни очди

18 январь куни Самарқанд шаҳрида АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) шафелигида мигрантлар ва уларнинг оилалари учун иккинчи ахборот-маслаҳат маркази очилди.

Одам савдосига қарши курашиш бўйича Самарқанд қуйи комиссияси ва «Истиқлол авлоди» нодавлат ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилган  марказ меҳнат мигрантларини чет элда одам савдоси жабрланувчисига айланишининг олдини олиш учун ахборот билан таъминлайди. Шунингдек, хориждан қайтган меҳнат муҳожирлари ва уларнинг оила аъзоларига ҳуқуқий маслаҳат бериб, касб-ҳунар таълимини ташкил қилади, психологик хизмат кўрсатади.

Марказнинг очилиш маросимида сўзга чиққан USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси Демократия ва бошқарув бўлими раҳбари Фей Ҳазелкорн халқаро агентлик, Ўзбекистон ҳукумати ва фуқаролик жамияти ҳамкорлигини ижобий баҳолаган.

Мигрантлар ресурс марказлари «Winrock International» томонидан амалга оширилаётган USAIDнинг Марказий Осиёда хавфсиз миграция дастурининг бир қисмидир. Дастур одам савдосининг олдини олиш, ундан жабрланганларни ҳимоя қилиш ва хабардорликни ошириш орқали хавфсиз миграцияни тарғиб этишга қаратилган.

Халқаро агентлик 2022 йил март ойида Жиззахда мигрантлар ва мигрантларнинг оилалари учун биринчи ахборот-маслаҳат марказини очган эди. Маълумотларга қараганда, Жиззахдаги марказ ўшандан бери одам савдосининг потенциал жабрланувчилари ва мигрантлар оилаларининг 120 га яқин мурожаатини кўриб чиқди, одам савдосидан жабр кўрган 16 кишига ватанга қайтишда ёрдам кўрсатди. Мурожаат этувчиларга маслаҳатлар берилиб, юридик ва ижтимоий хизматлар тақдим қилинди.

Аввал хабар берганимиздек, 2005 йилдан буён AҚШ ҳукумати USAID орқали Ўзбекистонда одам савдоси тўғрисидаги хабардорлик даражасини ошириш ва ундан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш учун 9,6 миллион доллардан зиёд маблағ ажратган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг