Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Уруш. Кўзи ожиз ҳолида эрини уйлантирган аёл тақдири...

Уруш. Кўзи ожиз ҳолида эрини уйлантирган аёл тақдири...

Аждодлар руҳини шод этиш учун аввало уларнинг хотирасини ҳурмат қилишимиз керак.

Фото: «Uz.uzdaily.uz»

Бу йилги Хотира ва қадрлаш куни барчасидан ҳам ажойиб ва ўта масъулиятли тарзда кутиб олинмоқда. Давлат раҳбарининг саъй-ҳаракати билан собиқ Халқлар дўстлиги майдонининг номи ҳамда майдоннинг кўрки бўлган Шомаҳмудовлар оиласига бағишлаб ўрнатилган монументнинг қайта тикланиши барча ўзбекистонликларнинг қалбида ифтихор, эҳтиром туйғуларини жунбушга келтирди. Зеро, Хотира ва қадрлаш куни нафақат уруш қатнашчилари, меҳнат қаҳрамонлари йўқланади, ватан тинчлиги йўлида жонини фидо этган қаҳрамонларимиз ёдга олинади, балки инсон учун меҳр-оқибат, қадр-қиммат туйғулари нақадар зарурлиги яна бир бор ёшларга тушунтирилади.

Хотира жуда муқаддас туйғу. Биз аввало хотирани бу дунёдан ўтиб кетган боболаримиз, момоларимиз ва бошқа қариндошларимизни ёдга олишдан бошлаймиз. Болалигидан хотиранинг моҳиятини англаб улғайган инсонлардан асло ёмонлик чиқмайди. Онамнинг отасини кўрмаганман, у киши Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган. Лекин ҳеч қачон кўрмаган бобом ҳақида доим ўйлайман: у киши қандай инсон бўлган экан, қай бир қариндошимизнингфеъл-атвори, чеҳраси у кишига тортган экан дея қизиқаман.

Ўзим кўрмаган бобомга қизиқишимга сабаб шуки, болалигимда онам бизларни Мустақиллик майдонига (у вақтларда Қизил майдон деб аталарди) олиб борарди. У пайтлари «Мотамсаро она» ҳайкали ўрнида «Номаълум солдат» монументи жойлашган бўлиб, атрофига 1941 — 1945-йилларда қирғинбарот жанглар бўлган шаҳарларнинг номи битилган харсанглар ўрнатилганди. Зиёратга келувчиларнинг яқинлари қайси шаҳарда ҳалок бўлган бўлса, ўша шаҳар номи ёзилган тош тепасига бориб гулдаста қўйишарди. Онам доим «Сталинград» деб ёзилган тош ёнига гул қўярди-да, кўзларини юмганча пичирлаб Қуръон тиловат қиларди. Биз болалар онамнинг кўзларидан оқиб тушаётган ёшни кўриб кўнглимиз эзилганча, кафтларимизни дуога очиб ўтирардик.

– Ойи, бу ерга бобом кўмилганми? – деб сўрардим ҳар сафар ҳикоя тинглашга қизиқиб.

– Ҳа, отам урушда қаҳрамонларча ҳалок бўлган. Ундан сўнгги бор хат келганида Сталинградда эди. Сўнг отамнинг бедарак йўқолгани ҳақида қорахат олганмиз. Отам ўзга юртларда қон кечиб, ўша ерларда қолиб кетди, –дея ҳикоя қиларди онам. – Урушда тоғаларим, амакимларим ҳам ҳалок бўлишган. Бир кун келиб улғаясизлар, мен бу дунёдан ўтганимдан кейин ҳам шу ерга келинглар, ҳалок бўлган ота-боболарингизнинг ҳақига Қуръон тиловат қилинглар...

Йиллар ўтиб улғайдим, ўзим ҳам болаларимни тез-тез зиёратга олиб борадиган бўлдим. Бир воқеа ҳеч ёдимдан чиқмайди. Ўшанда ўғлим олти, қизим тўрт ёшда эди. Болаларим билан «Сталинград» номи битилган монумент ёнида ўтириб, урушда ҳалок бўлган бобомнинг руҳига атаб Қуръон тиловат қилдим. Маъюсланиб қолганимни кўрган ўғлим:

– Ойи, нега йиғлаяпсиз? – деб сўради.

– Бу ерда урушда ҳалок бўлган катта бобонгларнинг тупроғи бор, – деб уруш ҳақида гапириб бердим. Хаёл билан хиёбондан узоқлашдим, қарасам болаларим ёнимда йўқ. Ортимга ўгирилдим, улар иккаласи монумент шапкасини икки томонидан жон ҳолатда тортқилашарди. Олдиларига бориб, «Нима қилаяпсизлар, ҳозир қоровул келиб қолади?» десам, қизим:

– Катта бобомнинг шапкасини уйимизга олиб кетайлик! – деса бỹладими…

Болаларимнинг соддалигидан, меҳрибонлигидан, катта боболарининг шапкасини кўз қорачиғидек асраб-авайлашга уринаётганидан кўзларимга ёш келди.

Демак, ўша вақтда болаларимнинг қалбида ўтиб кетган аждодларига нисбатан ҳурмат, эҳтиром пайдо бўлганди.

Мен бобомни кўрмаган бўлсам-да, онамнинг оналарини кўрганман. У киши жуда ҳам содда, меҳнаткаш, камсуқум, беллари букчайиб юрадиган аёл эди. Кейинчалик улғайиб, ҳаётнинг паст-баландини таниганимдан кейин содда деб ўйлаган бувижоним ниҳоятда матонатли, сабр-тоқатли аёл бўлганини англаб етдим. Бобом урушга кетганда бувим 23 ёшда бўлиб, беш бола билан қолган экан. Урушнинг энг қирғинбарот йилларида одамлар очарчиликдан шишиб ўлаётган вақтда кимдир бувимга «Болаларинг жуда кичкина, очликдан ўлиб қолишлари мумкин. Яхшиси Сайрам қишлоғига кетинглар. У ерда ёнғоқзорлар, жийдазорлар сероб. Шулар билан қорнини тўйдирасан» деб маслаҳат берган экан. Бувим ёш болаларни етаклаб, Тошкентдан Сайрамгача яёв кетган экан. Йўл-йўлакай тунлари қозоқларнинг ўтовларида тунашган. Урушдан кейин ҳам бувим турмушга чиқмаган, бир ўзи колхозда туну кун меҳнат қилиб болаларини улғайтирган.

Отамнинг отаси ҳам урушга борган ва ярадор бўлиб қайтиб келган. Урушдан кейинги оғир дамлар. Одамлар ўзларига келгунича эрта-ю кеч тинмай меҳнат қиладиган қийин кунлар. Айни урушдан ярадор қайтган бобомга парвариш керак бўлган вақтда отамнинг онаси бўлган бувимнинг кўзлари ожиз бўлиб қолган экан. Шунда бувим отамга «Отанглар жуда қийналиб кетди, яримжон ҳолида сизларга қарасинми, ишласинми ёки мени парваришласинми? Бир яхши, солиҳа аёл топиб отангларни уйлантириб қўйинглар» дебди. Отам, амакиларим бобомни уйлантириб қўйишган.

Иккита кундош бир-бирига опа-сингилдай меҳрибон бўлишган ва фарзандлар ўгай онани «кичкина ойи» деб чақиришган. Бобом, бувим оламдан ўтиб кетишгандан кейин ҳам барчаси «кичкина ойи»ни ўз оналаридек қадрлаб, ўлганида иззат-икром билан қабрга қўйишган.

Ўйлаб қоламан, нима учун бувим беш боланинг парваришини бир ўзи елкасига олган? Ахир эндигина бева қолганида жуда ёш бўлган-ку. Энди билсам, бувим бобомнинг хотирасини юрагига муҳрлаган экан.

Нима учун ҳаёт ташвишларини деб кўзи ожиз бўлиб қолган бувим ўз хоҳиши билан бобомни уйлантириб қўйганди? Энди билсам, бувим урушда қон кечиб, яримжон бўлиб келган эрини ўйлаган. Қолган ҳаёти тинч-осуда ўтишини истаган экан.

Яқинда Хотира майдонига бордим. Атроф қанчалар гўзал, саранжом-саришта, файзли. Ўриндиққа ўтириб, барча ўтганларнинг ҳаққига Қуръон тиловат қилдим. Сўнг гулларни томоша қилганча Мотамсаро она ҳайкали рўпарасига бордим. Шу пайт ўн беш чоғли йигит-қизнинг қийқириқлари, бақир-чақирлари эшитилди. Улар хиёбонга кириб келишаркан, қўл телефонларидан суратга олишар, ҳазил-мутойиба, аскиябозлик қилишарди. Уларнинг аҳиллигига, қувноқлигига хавасим келса-да, бироз хафа бўлдим. Чунки зиёратгоҳга келган одам товушини баланд чиқармаслиги, овоз чиқариб кулмаслиги кераклигини уларга ҳеч ким тушунтирмаганми?

Ёнимдан ўтиб кетишаркан, олдиларини тўсдим. Ҳайрон бўлганча тўхтаб, салом беришди.

– Болалар, бу ерга нимага келдингиз? – деб сўрадим.

Улар бир-бирларига қараб олишди.

– Томоша қилишга келдик, хола. Шаҳарга келганлар шу ерда суратга тушишаркан, эсдаликка.

– Жуда яхши иш қилибсиз, болалар. Фақат бу ер зиёратгоҳ эканини билмасмидингиз?

– Билардик.

– Зиёратга келганда биринчи бўлиб ўтганлар ҳаққига дуо ўқилади. Мотамсаро она ҳайкали тепасига келганда эса урушларда бизлар учун, ватан учун жонини фидо қилганлар хотирланади, – деб тушунтирдим.

Хайриятки, ўсмирлар гапларимни диққат билан тинглашди. Мендан узр сўраб, ўриндиқларга бориб ўтиришаркан, ўтганлар хотираси учун сукут сақлашди. Мен эса уларга халақит бермаслик учун йўлимда давом этдим.

Ҳа, аждодлар руҳини шод этиш учун аввало уларнинг хотирасини ҳурмат қилишимиз шарт!

Мақолам сўнгида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг «Икки эшик ораси» романини ёдга олгим келди. Кўчириб келтирилган юзлаб болалар орасидан икки боланинг қизил лавлагини талашиб ейишлари лавҳасини таъсирланиб ўқиганимда жуда ёш эдим. Оч-наҳор, ота-онасиз қолган болаларга жуда раҳмим келиб кетганди. Уйимизда ҳамма нарса борлигини, дастурхонимиз нонга ҳамиша тўлалигини кўриб ич-ичимдан суюнгандим. Энди билсам вужудимдаги суюниш шукроналик туйғуси экан. Раҳматли ёзувчининг айнан шу асари мени тарбиялади. Ҳаётимда қийинчиликларга учраганимда шу воқеани эсга олдим. Фарзандларим катта бўлгунча ўша лавлаги воқеасини қайта-қайта сўзлаб беришдан чарчамадим.

У кунларни унутмаслигимиз керак!

Раъно Маҳмудова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг