Умрининг 16 йили қамоқда ўтган йигит тадбиркорга айланди (фото)
Поп туманидаги «Пиллакаш» маҳалласи, Ғунча кўчаси, 5-уйда истиқомат қилувчи Аҳроржон Маманазаров тўғри йўлдан адашиб, турли бузғунчи оқимлар таъсирига қўшилиб қолганида 25 ёшда эди. 1999 йилда ҳибсга олиниб, 16 йил умри қамоқда ўтди. Қилмишидан пушаймон бўлди. Умри бесамар ўтганини кеч бўлса-да англади. Бугунги кунда хатоларини эзгу амалий ишлари билан оқлашга ҳаракат қилмоқда. Бунга маҳалла-куй яқиндан ёрдам бераяпти.
Ҳовлисида шолини оқлайдиган ва буғдой тегирмонларини ўрнатди. Бундан олинаётган фойда ҳисобидан 13 сотихли томорқасида плёнка остида 47 минг тўп тарвуз, 5 минг дона бодиринг кўчати парваришламоқда. Кўчатлар сотувидан 7,6 миллион сўм даромад олишини хомчўт қилган. Томарқадаги 20 тўп бодом, 10 тўп гилос қийғос очилган.
— Олий маълумотли инженер дастурчи эдим, — дейди А.Маманазаров. — Тўғри йўлдан адашиб, ҳаётимни ўз қўлим билан барбод қилганим етмагандай, ортимда қолган яқинларим ҳам жабрини кўришди. Қилмишларим туфайли 40 йил давомида ўқитувчилик қилган отам мактаб директорлигидан бўшатилгани етмагандай, соғлиги ҳам ёмонлашди. Оиламиз эл назаридан четда қолиб кетганди. Юртбошимизнинг оқилона сиёсати туфайли бу дарду стамлар ортда қолди. Маҳалла-кўй ҳар куни ҳол сўрашади, кўмакларини аяшмайди. Президент вакиллари хонадонимизга келиб, яшаш шароитларимиз билан танишаяптилар.
Наманган вилояти Поп туманидаги маҳаллаларда ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш бўйича ташкил этилган Республика ишчи гуруҳининг 3-гуруҳи Маманазаровлар хонадонида бўлишганида оиладаги маънавий муҳит фаолларни қувонтирди.
Ҳалол меҳнат ва эзгу амаллари билан давлатга хизмат қилишни мақсад қилган А.Маманазаров маҳаллада дўкон очиб, китоблар савдосини йўлга қўйди. Дўконда бадиий асарлар қаторида деҳқончилик, боғдорчилик, асаларичилик, томорқа маданиятига оид қўлланмалар ва кўргазмали материаллар ҳам бор.
А.Маманазаров ишчи гуруҳига кам рентабелли ерлардан олиб, ёнғоқ ва бодом экишни мақсад қилаётганини айтди. Ҳалол тадбиркор деган шарафли ном ортидан бораётган ишбилармоннинг таклифи туман ҳокимлиги мутасаддиларига етказилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter