Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тоза сув дардида. Зарафшоннинг суви олис ҳудудларга етказиб берилмоқда

Тоза сув дардида. Зарафшоннинг суви олис ҳудудларга етказиб берилмоқда

Жиззах вилоятининг энг катта муаммоларидан бири — ичимлик суви. Айниқса чўл ҳудудларида бу муаммо янада оғир. Қишлоқларга кирар экансиз, челакдан тортиб оғирдан-оғир флягалар кўтариб юрган одамларга тез-тез дуч келасиз. Ёмон томони, улар орасида аёллар ва болалар ҳам бор.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Жиззах вилоятини ичимлик суви билан таъминлаш бўйича катта лойиҳага қўл урилди. Лойиҳа 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида тўлиқ якунланиши кутилмоқда. Натижада Жиззах шаҳри ва Бахмал, Ғаллаорол, Ш. Рашидов, Дўстлик, Пахтакор, Мирзачўл туманларида истиқомат қилувчи 710 мингдан ортиқ ахолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш яхшиланади. Унга кўра, вилоят аҳолисининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 54,1 фоиздан 68,3 фоизга етказилади.

Бугунги кунда Зарафшон дарёсининг суви «Туя тортар» каналининг бошланиш қисмидан олиниб, тиндирилиб, биринчи кўтарма насос станцияси орқали қуввати кунига 100 минг куб метр бўлган «Узунбулоқ» сув тозалаш иншоотига 16 км масофага магистраль сув қувурлари орқали олиб келинди.

Дарё суви замонавий автоматлаштирилган тизимда бошқариладиган иншоотда тўлиқ тозаланиб, ичимлик суви стандартларига мос холга келтирилиб магистраль сув қувурлари орқали Жиззах шаҳри сув тақсимлаш иншоотига етказиб берилмоқда.

Лойиҳанинг умумий қиймати 579,5 млрд. сўмни ташкил этиб, бугунги кунга қадар объектда 399,5 млрд, сўм маблағ ўзлаштирилди ҳамда ушбу маблағлар ҳисобидан жами 92,5 км магистраль сув тармоқлари қурилди.

Навбатдаги босқичда Жиззах сув тақсимлаш иншоотидан Ш. Рашидов, Пахтакор, Дўстлик ва Мирзачўл туманларигача 89,8 км сув қувурларини қуриш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу жараён якунига етгандан сўнг Жиззах шаҳри ва туман марказларида узлуксиз сув таъминоти йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг