Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқди. Бу ҳақда «ЎзА» хабар
берди.
Қонун лойиҳаси билан тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тартибига қўйиладиган умумий талабларга риоя қилмаслик учун маъмурий жавобгарлик белгиланиши кўзда тутилмоқда.
Ушбу тартибни мазкур тадбирларни ўтказувчи шахс томонидан бузиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши назарда тутилаяпти. Тўйхона, кафе ва ресторанларнинг мансабдор шахслари томонидан бу тартибнинг бузилиши эса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдорида жарима солишга олиб келади.
Назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланмоқда.
Қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2019 йил 14 сентябрдаги Қўшма қарори билан тасдиқланган Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларнинг ихчам ўтказилишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастурига асосан тайёрланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter