Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентда ўткир респиратор касалликлар кескин ошди

Тошкентда ўткир респиратор касалликлар кескин ошди

Фото: Xabar.uz

Ўзбекистонда ёш ўғил-қизлар орасида ўткир респиратор касалликларнинг даврий кўтарилиши кузатилмоқда.

Ушбу хасталикка чалинишнинг асосий улуши эса Тошкент шаҳри аҳолиси ҳиссасига тўғри келяпти. Натижада пойтахтдаги болалар клиник шифохоналарига юкламалар йилнинг бошқа даврларига нисбатан ортгани кузатилмоқда.

Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазири ўткир вирусли инфекцияларга чалинган беморларни самарали даволаш бўйича ўтказган йиғилишида маълум қилинди. 

Куз-қиш мавсуми одатда грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекцияларнинг тарқалиши учун қулай давр ҳисобланади. Айниқса, бу пайтда кичик ёшдаги болаларнинг нафас йўллари юқумли касалликларига чалиниш кўрсаткичлари йилнинг бошқа даврларига нисбатан анчагина ортади. 

Шу боис эҳтиёт чораси сифатида вазирлик мазкур ҳолатни ўз назоратига олган.

Бироқ шунга қарамасдан мавсумий юқумли касалликлар профилактикаси ва даволаш жараёнларини самарали ташкил этиш ҳамда ўткир респиратор касалликлар тарқалиши билан боғлиқ муаммоларни зудлик билан бартараф этиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни амалга оширишни тақозо этмоқда.

Зангиота-1 юқумли касалликлар шифохонасида ўткир респиратор вирусли инфекцияларга чалинган болалар учун ажратилган ўринлар сонини 300 тадан 500 тага ошириш белгиланди.

Шунингдек, сўнгги кунларда аҳолидан ҳароратининг кўтарилиши, йўтал белгилари билан чақирувлар сони ортгани сабабли 103 хизматига эрталаб соат 06:00 дан 14:00 гача пойтахт шифохоналарида захирада бўлган 40 та автомашина қўшимча ажратилди.

Йиғилишда вазир клиник шифохоналарга юкламани камайтириш учун бу йўналишдаги ишларни янада жадаллаштириш, амбулатор шароитда даволанаётган беморларга кўрсатилаётган тиббий хизмат қамровини ошириш зарурлигини таъкидлаб, бу бўйича масъулларга керакли топшириқлар берди.

Бундан ташқари, ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда юртимизда ЎРВИ касаллигига чалиниб, шифохоналарда даволанаётган беморларнинг маълум қисми стационар давога муҳтож эмас.

Шу сабабли йиғилишда оилавий поликликлиника шифокорларига ўткир респиратор вирусли инфекцияларга чалинган беморларни амбулатор шароитда даволаш бўйича зарур тавсиялар бериш учун ихтисослаштирилган марказлардаги педиатрлар ва барча тор доирадаги мутахассислар жалб этилиши лозимлиги қайд этилди, дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг