Тошкентда ҳайвон уруштириш тақиқланиши мумкин: ИИББ бу бўйича таклиф тайёрламоқда

Тошкент шаҳар ИИББ ҳайвонларга шафқатсизлик қилганлик учун жавобгарликни оғирлаштириш ва ҳайвонлар жангини тақиқлаш бўйича таклиф тайёрламоқда. Бу ҳақда ИИББ расмий сайтида хабар берилди.
«Сўнгги вақтларда Интернет тармоқларида республикамиз ҳудудида, хусусан Тошкент шаҳрида уюштирилаётган итлар жанглари ҳақида кўп хабарлар пайдо бўлмоқда. Ўтган ҳафтада «ИИББ: халқ билан мулоқот» гуруҳида Сергели туманида бўлиб ўтаётган итлар жанги тўғрисида норозилик билан хабар қолдирилди. ИИББ шу заҳотиёқ ушбу хабарда қолдирилган маълумотни ўрганишга киришди. «Кўргазма» сифатида эълон қилинган ушбу тадбир ташкилотчисига нисбатан чора кўрилди: воқеа жойига Сергели тумани ИИО ФМБ ва Миллий гвардия ходимлари етиб келишиб, итлар жангини тўхтатишди. Маъмурий суд «Узбекский волкодав» жамияти раҳбарини Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 2001-моддасида («Оммавий тадбирлар ўтказиш қоидаларини бузиш») кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топиб, уни жаримага тортди.
Ҳозирги вақтда ИИББ ҳайвонларга шафқатсизлик қилганлик учун жавобгарликни оғирлаштириш ва ҳайвонлар жангини тақиқлаш бўйича таклиф тайёрламоқда», дейилади хабарда.
ИИББ шунингдек, мазкур масал юзасидан хориж давлатлари тажрибасини мисол сифатида келтирган. Масалан, Россияда «Ҳайвонларга масъулиятли муносабатда бўлиш ва Россия Федерациясининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгаришлар киритиш тўғрисида»ги Федерал қонун имзоланиб, унинг «Ҳайвонларни шафқатсиз муомаладан ҳимоя қилиш» номли 11-моддасида ҳайвонлар жанги ташкил этиш ва ўтказиш тақиқланган. Қонун шунингдек «ҳайвонларга нафақат шафқатсизлик қилиш, балки шу билан боғлиқ бўлган контент тарқатиш»ни ҳам тақиқлайди.
АҚШ қонунлари ҳам итлар жангини тақиқлаб, уларни уюштирганларни қаттиқ жазолайди.
Буюк Британияда шафқатсизлик жиноят ҳисобланиб, 51 ҳафта муддатига қамоқ ва 20 минг фунт стерлинг миқдорида жарима билан жазоланади.
Ўзбекистон қонунчилигида ҳайвонлар жангини тўғридан-тўғри тақиқлайдиган модда йўқ. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 111-моддасида («Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш») ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш уларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, худди шунингдек ҳайвонларни қийнаш — энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши кўрсатилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter