Тошкент зилзиласи: онамнинг хотираларидан

1966 йилнинг 26 апрели тонгида Тошкентда қаттиқ зилзила бўлган. Табиий офат пойтахтга, пойтахтимиз аҳолисига катта кўламда зарар етказган. Буни, айниқса, ёши улуғлар яхши эслайди. Жумладан, онам ўша нохуш кунларни шундай хотирлайди:
«Уйимиз Лабзак маҳалласида эди. Кўчамиз Чемпионлар кўчаси дейиларди. (Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси биносининг рўпарасидаги бу жойларда ҳозир кўп қаватли уйлар қад рост ростлаган.) Қўшниларимиз билан аҳил эдик. Раҳматли Суйима Ғаниева, таниқли сухандон Раҳматилла Мирзаев онаси ва синглиси билан бизга қўшни яшарди. Раҳматилла ёшлигида нимжон бола бўлиб, тез-тез хасталаниб турар, ҳамшира бўлганлигим сабабли унга укол қилиб турардим.
Ёшим 26 да, тўнғич фарзандимга ҳомиладор эдим. Юрагим ғаш бўлиб, мазам бўлмаганлиги сабабли поездга ўтириб, отамникига, туғилган жойим – Наманган вилоятининг Чуст туманига жўнаб кетдим. Эрта тонгда Чустга келганимда, вокзал станциясида Тошкентда қаттиқ ер силкинганини, зилзила оқибатида шаҳар вайрон бўлганини эшитдим.
Эртаси куни Тошкентга қайтиб келганимда уйимиз бутунлай бузилиб, шаҳар хонавайрон бўлганига гувоҳ бўлганман. Зилзиладан бизнинг Лабзак ва Қашқар маҳаллалари кўп талофат кўрганди.
Ер қимирлаши кейин ҳам давом этди. Ҳар қимирлаганда гурр-гурр этиб бизни ваҳимага соларди. Ҳатто май, июнь ойларида ҳам ер қимирлаши кузатилди.
Қўшниларим қатори ҳозирги «Минор» қабристони атрофида палаткаларда яшаганмиз.
Кейинчалик собиқ иттифоқнинг деярли барча республикаларидан Тошкентга ёрдам беришга жуда кўплаб қурувчилар ва бошқа соҳа вакиллари келиб, шаҳар улкан қурилиш майдонига айланди...
Ўша машъум кунларни барча тошкентликлар ҳанузгача эсдан чиқармайдилар. Унутиб ҳам бўлармиди, болам...»
Маълумот ўрнида. 1966 йил 26 апрель куни соат 05:23 атрофида Тошкент шаҳрида кучли ер қимирлаши қайд қилинган. Зилзила ўчоғи 5-10 километр чуқурликда жойлашган, зилзила марказида силкиниш 8 баллни ташкил этган. Табиий офат оқибатида 300 минг киши бошпанасиз қолган. Тошкент 3,5 йилда қайта қурилган.
Бернора САДИКОВА
Манба: postda.uz
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter