Тошкент – Москва йўналишида мунтазам авиарейслар ва чипта нархлари юзасидан вазирлик расмий изоҳ берди
Россия Федерацияси ҳудудига коронавирус инфекцияси кириши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича тезкор штабининг 25 март куни ўтказган йиғилишда Россиянинг бир қатор мамлкатлар билан мунтазам авиақатновларни тиклаши юзасидан қарор қабул қилинган эди.
Мазкур қарорга мувофиқ жорий йилнинг 1 апрель санасидан эътиборан Россия Федерацияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси ўртасида мунтазам авиақатновлар ҳафтасига бир маротаба амалга оширилишига рухсат этилди.
Икки мамлакат авиация маъмуриятлари ўртасидаги келишувга биноан Россиянинг «Аэрофлот» авиакомпанияси 2021 йил 5 апрель санасидан ҳар якшанба кунлари Москва – Тошкент – Москва йўналишида, «Uzbekistan airways» авикомпанияси эса 7 апрель санасидан ҳафтанинг ҳар шанба кунлари Тошкент – Москва – Тошкент йўналишида мунтазам парвозларни амалга оширишга киришди.
Мазкур рейсга Ўзбекистоннинг барча фуқаролари ва Россия ҳукуматининг 2020 йил 16 мартдаги 635-р фармойиши асосида Россияга киришга чеклов қўйилмаган Ўзбекистонда доимий яшаш ҳуқуқига эга чет эл фуқаролари киритилиши мумкин.
Ушбу йўналиш бўйича учиш учун Россияга келишдан аввал 3 календарь кунидан ошмаган ҳолда ПЗР-тест (рус ёки инглиз тилида) ўтказиш талаб қилинади.
Айни дамда аҳоли вакилларидан мазкур йўналишдаги мунтазам қатновларга чипталарнинг сотувда қолмаганлиги билан боғлиқ кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Шунингдек, мазкур масала ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокама қилинмоқда.
Ушбу вазият юзасидан Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги қуйидагиларни маълум қилади.
Айнан Россия Федерациясига мамлакатимиздан борувчи йўловчилар оқимининг ҳаддан ташқари кўплиги, бугунги эпидемиологик вазият туфайли транспортнинг бошқа турларида қатновларнинг амалга оширилишига рухсат этилмаганлиги, авиақатновлар сонининг ҳам чекланганлиги талаб ва таклиф ўртасидаги номутаносибликнинг кескин ортиб кетишига сабаб бўлмоқда.
Пандемиягача бўлган даврда Ўзбекиcтоннинг турли ҳудудларидан Россия Федерациясига «Uzbekistan airways» авикомпанияси ҳафтасига 87 та рейс бажарган бўлса, Россия авиакомпаниялари эса мамлакатимизнинг турли шаҳарларига ҳафтасига 97 рейс амалга оширган.
Фақатгина авиақатновлар орқали ҳафтасига 40 000 дан ортиқ йўловчиларга хизмат кўрсатилган. Бундан ташқари Тошкент – Москава, Андижон – Москва, Тошкент – Қозон, Тошкент – Волгоград, Тошкент – Саратов, Тошкент – Новосибирск, Тошкент – Уфа, Андижон – Уфа йўналишларида мунтазам равишда ҳафтасига 13 та поезд қатновлари амалга оширилган. Шу билан бирга Тошкент – Москва, Тошкент – Санкт-Петербург, Тошкент – Қозон, Тошкент – Нижний Новгород, Тошкент – Омск, Тошкент – Новосибирск йўналишларида ҳафтасига 12 маротабадан автобус қатновлари амалга ошириб келинган.
Айнан юқорида келтириб ўтилган кўрсаткичларнинг ўзи ҳафтасига бор йўғи бир маротаба амалга оширилаётган мунтазам авиқатновларга чипталарнинг нима учун айни дамда сотувда қолмаганлигига изоҳ бўла олиши мумкин. Турли транспорт қатновларидан фойдаланган йўловчиларнинг барчаси ҳозирда ўрнатилган чеклов чоралари сабаб фақатгина авиқатновлар орқалигина сафарни амалга оширишга мажбур бўлмоқда.
«Uzbekistan airways» авиакомпанияси томонидан Тошкент – Москва йўналишида бажарилаётган мунтазам авиақатовлар эконом класс чипта нархи бир томонга 4 200 000 сўмгача, бизнес класс чипта нархлари эса 10 736 222 сўмгача сотилмоқда.
Шу ўринда йўловчилардан тушунмовчиликларнинг олдини олиш учун чипталарни тезлаштириб харид қилиш хизматларини таклиф қилувчи шубҳали шахсларга мурожаат этмаслигини сўраб қоламиз. Чиптада кўрсатилган ва ўзингиз тўлаган нархни таққослашингизни тавсия этамиз.
Бундан ташқари ҳозирда ижтимоий тармоқларда Россия Федерациясига Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан чартер қатновлари амалга оширилиши тўғрисидаги ёлғон хабарлар тарқатилиб, фуқароларга алдов ва товламачилик йўли билан чипталар сотувини ташкил этаётган гуруҳрларнинг фаоллашгани кузатилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги фуқароларимиздан бу каби ёлғон хабарларга ишониб, алданиб қолишларининг олдини олиш мақсадида чартер рейсларини амалга оширувчи авикомпанияларнинг парвозни бажаришига рухсат этилгани тўғрисидаги маълумотларни Фуқаро авиацияси агентлиги расмий веб-сайтидан аниқлаштириб олишларини тавсия этади.
«Uzbekistan airways» авиакомпанияси хабарида эслатилишича, чартер рейслари орқали учиш истагида бўлган йўловчилар РФ ҳукуматининг 2020 йил 16 мартдаги 635-р фармойишига кўра, мамлакатга кириш учун чипта харид қилишда асос бўлиши шарт.
Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Россия Федерациясининг тегишли вазирлик ва идоралари билан эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда мунтазам авиарейслар сонини кўпайтириш бўйича музокараларни давом эттирмоқда. Барқарор эпидемиологик вазият сақланиб турган тақдирда нафақат авиақатновларни балки темир йўл қатновларини қайта тиклаш бўйича барча чоралар кўрилмоқда, – дейилади вазирлик хабарида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter