Тўрт оёқли дўстлар қаҳрамонга айланадиган кинология марказидан репортаж
Юртимизга ғаразли ниятларда портловчи, гиёҳванд ва бошқа моддаларни олиб киришга уринган шахсларни фақат махсус ўргатилган итларгина топа олади. Бундай итларни эса Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Миллий кинология маркази ходимлари тайёрлашади. Хизмат итлари билан амалий машғулотлар ўтказиш жуда қизиқарли ва машаққатли. Чунки ҳар бир ит билан алоҳида шуғулланиш, уларнинг тилини тушуниш учун ҳайвонга алоҳида меҳрли бўлиш керак. Қолаверса, уларни шуғуллантириш учун хос шарт-шароитлар яратилиши лозим. Айнан кинология марказида дала шароитини тўла-тўкис ўзида акс эттирувчи машқ майдонлари – турли тўсиқлар ҳамда қидирув мосламалари, темир йўл вагони, теплоход, самолёт, контейнерлар, енгил ва юк автоуловлари, автобус, сунъий харобалар, тоғ-тошли рельеф, божхона назоратидан ўтказиш пункти макетлари яратилган.
Шунингдек, 100 бош итларни сақлашга мўлжалланган хизмат итлари уйи мавжуд. Бу ерда 10 та қишки ва ёзги волъер блоки, итларни чўмилтириш хонаси, озуқа тайёрлаш учун махсус ошхона мавжуд. Тўғриси, марказга ташриф буюрганимизда мазкур шароитларни кўриб, кайфиятимиз кўтарилди. Ҳозирда бу ерда Немис овчаркаси, Шарқий европа овчаркаси, Ўрта осиё овчаркаси, лобрадор, инглиз коккер-спаниели, рус спаниели ва Белгия овчаркаси (маленуа) зотларига мансуб зотдор итлар етиштирилиб, 12 та йўналишлар бўйича хизматга тайёрланади.
Вега лақабли, малинуа зотига мансуб ит 2019 йилда Марказ инструкторлари томонидан «Гиёҳвандлик воситаларини қидириш» ҳамда «Валюта қимматликларини қидириш» йўналишлари бўйича тайёрланган. Итнинг куратори Фарход Турғунбаевнинг айтишича, Вега шу кунгача Сурхондарё вилояти божхона бошқармасининг чегара божхона постларида, Андижон вилояти божхона бошқармасининг чегара божхона постларида хизмат олиб борган. Бундан ташқари 2022 йилда Марказда МДҲ давлатлари божхона хизматлари кинолог ходимлари ўртасида ўтказилган халқаро мусобақада бир қанча номинацияларда биринчи ўринларни эгаллаган. Шунингдек, 2023 йилда Туркияда Республикаси Анқара шаҳрида 11 давлат иштирокида «Гиёҳванд моддалар қидируви» йўналишида бўлиб ўтган халқаро мусобақада махсус машқ курси йўналишида 3-ўринни эгаллаган.
Марказ замонавий талабларга мос равишда барпо этилган 14 та қишки ва ёзги вольерлари мавжуд бўлган туғруқ комплексига ҳам эга. У ерда қатъий равишда санитария ва гигиена талабларига риоя қилинади. Бу албатта, ҳайвонларга бемеҳр ёки хонадонидаги жонзодга етарлича эътибор бермайдиган одамларга ғалати туюлиши табиий. Аммо марказда айнан инсоннинг энг вафодор дўсти бўлган итларнинг барча ҳуқуқлари ҳимоя қилинади. Туғруқ мажмуаси итларни парваришлаш, танлаш, етиштириш ишларида асосий вазифани бажаради. Бу ерда йилига ўртача 70-80 бош ёш кучук болалари етиштирилади.
Ҳозирги кунда Веганинг 16 та боласи божхонада хизмат қилади. У марказнинг зотдор хизмат итлари рўйхатига киритилган. Шу боис келгусида насл олишда фойдаланиш учун уни умумий клиник кўздан кечириш, умумий қон таҳлили, дисплазия касаллиги мавжуд эмаслигини аниқлаш учун рентген текширувлари маркази қошида ташкил этилган ихтисослаштирилган ветеринария клиникасида ўтказилади. Ветеринария хизмати биноси Президентнинг 2022 йил 27 апрелдаги «Божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-122-сон фармонига асосан, Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлоновнинг ташаббуси билан жаҳон андозалари асосида қайта таъмирланиб, замонавий ветеринария асбоб-ускуналари билан жиҳозланган.
Эндиликда бу ерда нафақат хизмат итларига, балки жисмоний ва юридик шахсларга ҳам ветеринария даволаш-профилактика ва лаборатория-диагностика хизматлари кўрсатилмоқда.
– Ветеринария клиникаси шифокорлари жуда ҳам малакали. Биз шифохонанинг доимий мижозларига айланиб улгурдик. Мен итимни фақат уларга ишонаман, – дейди Евгения исмли мижоз.
– Клиникамизда замонавий муолажа, жарроҳлик, рентген хоналари, лаборатория, дорихона мавжуд. Биз Россия, Хитой ва Жанубий Корея давлатларидан келтирилган замонавий асбоб-ускуналар ва қурилмалар билан ишлаймиз. Таҳлиллар жониворлардан олинган соатдан бошлаб 10 дақиқада тайёр бўлади. Кўпинча клиникамизга оғир жароҳат олган ҳайвонларни олиб келишади. Ўтказилган жарроҳлик амалиётлари натижасида уларнинг барчаси соғлом ҳаётга қайтди, – дейди клиника шифокори Камолиддин Назиров. – Клиникамиз томонидан 2023 йил давомида 1066 нафар, 2024 йилнинг ўтган даврида 751 нафар жисмоний ва юридик шахслар итларига хизмат кўрсатилиб, марказ ғазнасига 180 млн.га яқин туширилган пул маблағлари ходимларни моддий рағбатлантириш ва марказ фаолиятини янада ривожлантириш учун сарф қилинмоқда.
Кинология маркази ҳар жума кунида «Очиқ эшиклар куни» бўлиб ўтади. Айнан шу куни хизмат итлари ташриф буюрувчиларга бор маҳоратларини намойиш этишади. Бу ерга ташриф буюрган ҳар бир инсон итлар инсоният учун нақадар фойдали ва керакли жонивор эканлигини ҳис қилишади.
– Мен итларсиз ўз ҳаётимни тасаввур қила олмайман. Чунки Ўзбекистон ҳудудига 10 грамм гиёҳванд модда олиб кириладиган бўлса, у битта инсон ҳаётига зомин бўлиши мумкин. Уни эса айнан ит топади. Туркияда ҳам зилзила бўлганда 5 та хизмат итларимиз у ерга сафарбар қилинди – 100 дан ортиқ инсонни вайроналар остидан топиб, ҳаётини қутқаришди. Ёнғин, зилзиладан сўнг итларсиз одамларни топиш жуда ҳам қийин. Ўзим 7 йилдан буён итларни ўргатаман. Мен учун инсондан кўра итни тарбиялаш осон. Чунки у биринчи галда сизни ҳис қилади, – дейди Миллий кинология маркази ўқув-услубий бўлими катта инспектори, капитан Қосим Ризақулов.
Марказдан ўзгача тассуротлар билан қайтдим – бу ерда ҳар бир кун фидойилик, ўзаро ёрдам ва профессионаллик билан ўтишини ҳис қилдим. Марказнинг тўрт оёқли тарбияланувчилари энг қийин вазифаларни бажаришга тайёр, тинчлигимиз ва хавфсизлигимизни қўриқлаётган чинакам қаҳрамонлардир.
Уларнинг садоқати ва қўрқмаслиги инсонни илҳомлантиради – бундай марказлар фаолияти қанчалик муҳимлигини эслатиб туради.
Наргис Қосимова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter