Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Тиғиз вақтларда тўла вагонларга чиқманг» — Тошкент метрополитени муаммо сабабини айтди

«Тиғиз вақтларда тўла вагонларга чиқманг» — Тошкент метрополитени муаммо сабабини айтди

Фото: «Xabar.uz»

«Тошкент метрополитени» тиғиз вақтларда йўловчилар оқимини кўтара олмаяпти. Шу муносабат билан метро йўловчиларига мурожаат йўлланди.

Унда қайд этилишича, жорий йилнинг сентябрь ойидан бошлаб метрополитендан фойдаланувчи йўловчилар сони ўтган йилга нисбатан кунига 200 мингдан ортиши кузатилган.

Ҳозирги вақтда бир кунда ўрта ҳисобда метрополитеннинг йўналишларидан фойдаланувчи йўловчилар сони 690 - 700 мингни ташкил этмоқда.

«Айниқса, 20 сентябрь санасидан бошлаб кўчаларда 10 баллик автомашина тиқилинчлиги ҳисобига автобуслардаги йўловчиларнинг бир қисми метродан фойдаланиши ҳисобига бу кўрсатгич кунма-кун ортиб бормоқда.

Йўловчилар сонини кескин кўпайиши метро вагонларга белгиланган йўловчиларни сонини 2 марта кўпайиши ва бунинг ҳисобига вагонларга нормадан ортиқ юклама тушиб метро поездларини тез-тез бузилишига олиб келмоқда.

Шу билан бирга, йўловчилар томонидан метрополитендан фойдаланиш қоидаларига риоя қилинмаётганлиги яъни, ҳаракатланиш вақтида ўзаро ҳурматни сақлаш, поезд ичидаги йўловчилар чиқиб кетгунига қадар кириш учун вагон эшиклари олдида туриб қолиш, манзилга келгач поезддан чиқиш учун имкон қадар тезроқ ҳаракат қилиш, вагон эшикларига суяниш ҳамда поезднинг бош ва сўнги вагонлари билан бир қаторда ўрта вагонларидан тенг фойдаланмаётганликлари асосий сабаблардан бири бўлмоқда», дейилади мурожаатда.

Қўшимча қилинишича, йўловчилар томонидан вагонларда ва метрополитен ҳудудида шахсий буюмларни қолдириб кетиш каби ҳолатлар кузатилмоқда. Бунда текшириш мақсадида, йўналишдаги поездни ҳаракати йўналишидан олинади ва ҳаракат интервалини узайишига олиб келади (охирги ҳафтада 9 та шундай ҳолат кузатилган).

Бугунги кунда, метрополитен йўловчиларига янада қулай ва маъданиятли хизмат кўрсатиш мақсадида, 6 та ҳаракат таркиби 5 та вагондан ташкил топган ҳолда хизмат кўрсатиб келмоқда, уларнинг сони шу йилнинг охирига қадар 13 тага етказилади.

Қайд этилишича, жорий йил якунига қадар 56 та ва 2024 — йил давомида яна қўшимча 104 дона замонавий метро вагонларини ҳарид қилиш кўзда тутилган. Бунинг натижасида, тасарруфдаги ҳаракат таркибларини янгиланишига ҳамда йўналишларда поездлар оралиқ интервалини қисқартиришга эришилади.

Янги метро вагонлари келишига 2 ой қолгани ва янги вагонлар келиши билан Чилонзор, Ўзбекистон, Юнусобод ва Ер усти халқа йўли йўналишида вагонлар сони ортиши ҳамда бунинг ҳисобига оралиқ интервал янада камайтирилади.

«Шуларни ҳисобга олиб, ҳурматли йўловчиларимиздан тиғиз вақтларда тўла вагонларига чиқмасдан, кейинги бўшроқ метро вагонларга чиқишларини сўраймиз», дейилади мурожаатда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг