Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сталиннинг Афғонистонга босқини ҳақида эшитганмисиз?

Сталиннинг Афғонистонга босқини ҳақида эшитганмисиз?

Афғонистондек тоғлар бағридаги геополитик ҳудудда мураккаб сиёсий жараёнлар 1929 йилга келиб авжига чиққан эди. Ўша пайтдаги амалдор ҳукмдор Омоунуллахонга (1892 – 1960) қарши мухолифлардан Ҳабибулло-Бачаи Сақо ўз маслакдошлари билан деҳқонлар ва хорижликлар мададига таяниб, 1929 йил 18 январда Кобулни эгаллайди. Шу тариқа Кобул атрофидаги тожик деҳқони оиласида туғилган, 39 ёшли афғон армиясининг зобити Ҳабибулло ўзини амир, деб эълон қилди...

Бу пайтда Бухоронинг собиқ амири Олимхон ва бошқа муҳожирлар ҳам Афғонистондан паноҳ топган, уларнинг сиёсий гуруҳлар ўртасидаги бундай курашларда қўғирчоққа айланиш хавфи бор эди. Зотан, олдинги амир Омонуллахон Бухоронинг собиқ амири ва бошқа муҳожирларга яшаш учун зарур шарт-шароит яратиб берганди. Ҳатто, 1924 йил сентябрда шўроларнинг Афғонистондаги элчиси Страк ундан бухороликларни мамлакатдан чиқариб юбориш масаласини қўйганидаям кўнмаган эди. Амир алмашиб, Ҳабибуллохон ҳукмдор бўлгач, 4000 кишилик қуролланган муҳожирлар унинг айтганига кўниб, муросага келиши, яъни хизматига шай турмоғи лозим эди.

Собиқ амир Омонуллохон бухороликлар масаласида шўролар талабига кўнмаган бўлса-да, бошқа масалада қўшни давлат сифатида большевиклар билан муросага келарди. Ҳабибуллохоннинг ҳокимият тепасига келишида эса инглиз махсус хизматининг қўли борлиги учун шўро раҳбарлари ёнгинасида вақти келиб «капитализм балоси» ўрнашишини ҳоҳламасди. Шу сабабли, қолаверса, Омонуллахоннинг тахтга қайтиш нияти борлиги боис, шўро давлати раҳбарлари собиқ амир билан музокара олиб борди.

Табиийки, агар тахтга қайтариш опреацияси амалга ошса, Омонуллахон Сталиннинг бу ёрдами учун бутунлай шўролар талаби ва таъсири остида сиёсат юритарди. Буларнинг бари эса «капитализм балоси»ни шўролар давлати чегарасидан анча нарига улоқтирарди. Шунингдек, энди бу гал бухоролик муҳожирларни афғон заминидан чиқариб юборишга собиқ амир Омонуллахон кўнмоғи лозим эди.

Сталин вазиятни обдон ўрганиб, дарҳол Омонуллахон вақтида ташқи ишлар вазири бўлган Ғулом Сиддиқхон ва Москвадаги Афғонистоннинг элчиси Ғулом Габихон Чархийни қабул қилди. 1929 йил март ойида бўлиб ўтган учрашувда Сталин собиқ амир томонининг кейинги расмий таклифларини ўрганиб чиқди. Натижада, махсус режа тузилиб, Афғонистонга бостириб кириш бошлаб юборилди.

1929 йил 14 апрелда Термиздан чиққан 2000 кишилик шўровий аскар 15 апрель куни Амударёнинг Паттакесар деган жойидан кечувдан ўтди. Улар афғон армиясининг ҳарбий формалари, мусулмонча кийим, салла ўраб олишган эди. Ана шундай ушбу «антиқа» қўшинга Украина казакларининг атамани В.Примаков бошчилик қилган. У 1927 йилдан бери Афғонистонда шўро давлати элчихонасида ҳарбий атташе бўлиб ишлар, ўлкадаги вазият, Афғонистондаги халқлар ҳаёти билан олдиндан таниш эди. Примаков шўровийларнинг бостириб кирган қўшинида турк зобити Роғиббей номи билан фаолият кўрсатарди.

Ана шундай вазиятда шўровийларга қарши Ҳабибуллохон қўшинидан ташқари муҳожирликдаги Иброҳимбек йигитлари ҳам қаттиқ курашди. Бу пайтда ватанига келиб, тахтга қайтиш ниятидаги Омонуллахон Афғонистонда яшириб қолдириб кетган олтину жавоҳирларни тўплаб, аввал Ҳиндистонга, кейин эса Швейцарияга ўтиб кетади. Вазиятнинг бу тарзда ўзгаргани, қолаверса, дунё жамоатчилиги ва матбуотининг, эндигина оёққа турган шўро давлати босқинчилик қилмоқда, деган ғалвалари туфайли Сталин қўшинни ортга қайтаришга қарор қилди.

 Шу тариқа 1929 йил 31 майда шўро қўшини босқини тўхтади. Бироқ Сталин махсус хизмат орқали генерал Муҳаммад Нодирхоннинг, Ҳабибуллохонни тахтдан қулатишига ёрдам берди. Шундан сўнг шўровийлар ёрдами билан тахтга чиққан Нодирхон даврида бухоролик муҳожирлар аҳволи оғирлашиб, уларга яратилган шарт-шароитлар бекор қилинди. Сталин шу тариқа қисман бўлса-да, ниятига етган эди.

Умид Бекмуҳаммад,
тадқиқотчи

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг