Спортчи ва санъаткорлар Сардоба фожеаси жабрдийдалари ҳолидан хабар олишди
Кеча Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан ҳамкорликда Сардоба фожеаси натижасида Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида жойлашган 532-сонли ҳарбий қисм ётоқхонасига вақтинча эвакуация қилинган аҳоли билан учрашди. Мазкур ҳарбий қисмга Сирдарё вилоятининг Сардоба, Мирзаобод ҳамда Оқолтин туманларидаги «Бирлик», «Навбаҳор», «Тинчлик» ва «Шодлик» маҳаллаларида истиқомат қилувчи жами 195 нафар фуқаро жойлаштирилган.
Сардоба фожеаси жабрдийдалари билан дўстона учрашувда халқимизнинг севимли санъаткорлари, жумладан Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев, таниқли режиссёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Мираббос Мирзааҳмедов, шунингдек таниқли спортчилар, дзюдо бўйича Осиё чемпиони, ҳарбийлар ўртасида жаҳон чемпионати ғолиби Рамзиддин Саидов, таэквондо ВТФ бўйича Осиё ўйинлари ғолиби Жасур Бойқўзиев, шахмат бўйича кўплаб халқаро турнирлар ғолиби, Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси Сарвиноз Қурбонбоева, эркин кураш бўйича ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпиони Жамшид Маъруфов, Баҳодирлар ўйини ва тош кўтариш бўйича жаҳон чемпиони, «Мард ўғлон» давлат мукофоти соҳиби Жавоҳир Қурбонов, спортнинг Универсал жанг тури бўйича 8 карра жаҳон чемпиони Алишер Абдуллаевлар иштирок этди.
Учрашувда дастлаб санъаткорлар ўз чиқишлари билан йиғилганларни хушнуд этди. Шундан сўнг даврада маҳаллий спортсевар ёшлар ўз маҳоратларини намойиш этишди ва улар таниқли спортчиларимиз томонидан рағбатлантириб турилди. Эҳтимол, сирдарёлик ёшларга берилган совғаларнинг қиймати юқори эмасдир, аммо буни жаҳон чемпионлари, қайсики халқаро ареналарда ватанимиз байроғини юқориларга кўтариб келаётган спортчилар қўлидан қабул қилиб олиш ўша болакайнинг мурғак қалбида спортга меҳр уйғотишига шубҳа йўқ.
Шунингдек, тадбир давомида Сарвиноз Қурбонбоева маҳаллий шахмат ишқибозларига ўзига хос мастер-класс (маҳорат дарслари) ўтди. Тадбир сўнгида фуқароларни бўш вақтларида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари, қолаверса китоб ўқишлари учун спорт формалари ва бадиий асарлар тақдим этилди.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter