Солиқчилар тадбиркор бўйнига 6 млрд. сўм «илиб» қўйди. Кейин-чи?

Навоий шаҳар давлат солиқ инспекцияси «Zarafshon Golden Group» МЧЖга 6 млрд. сўмдан кўпроқ «илиб» қўйди. Бу ҳол мураккаб шундоғам мураккаб пайтда юзлаб кам таъминланган оилани қўллаб-қувватлашга ўз ҳиссасини қўшиб, 800 нафардан ортиқ ходимларининг қозони сувга ташланмаслигига ҳаракат қилаётган корхонага фаолиятига жиддий тушов бўлди.
Муаммо нимада?
Навоий шаҳар давлат солиқ инспекцияси корхонанинг 2019 йил январь-декабрь ойлари учун тақдим этилган қўшимча солиқ ҳисоботларида тавофутлар аниқлаб, унга тузатишлар киритишни сўраганди денг. Шу йилнинг 12 май куни солиқ ҳисоботларига ўзгартиришлар киритилди ва дастурий таъминот орқали ДСИга юборилди. Бироқ мазкур аниқлаштирилган ҳисоботлар номаълум сабаларга кўра қабул қилинмаган, натижада шу куннинг ўзида корхонадан 4 211 473 028 сўм миқдоридаги ҚҚС ундириш бўйича инкассо тўлов топшириқномаси қўйилди.
«Zarafshon Golden Group» МЧЖ томонидан тақдим этилган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи бўйича тушинтириш бериш якунланмасдан, жамият ҳисоб рақамига қўшимча равишда яна 2 496 830 731 сўм миқдорида ҚҚС ундириш бўйича иккинчи инкассо тўлов топшириқномаси юборилдики, бу энди катта муаммо келтириб чиқарди.
Шундан кейин масалага Бизнес-омбудсман девонининг ходимлари аралашишига тўғри келди. Қаралдики, ДСИ корхона ҳисоб-рақамига «чанг солиш»га а-анча шошибди.
Нега?
Солиқ кодексининг 121-моддаси 8-хат бошида белгиланган ҳолатларда аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи бўйича солиқ ва пеня суммалари камайтирилганда солиқ органлари мажбуриятга эга шахсларнинг ҳисобварақларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш ва бюджет тизимига ўтказишга доир бажарилмаган (тўлиқ ёки қисман) инкассо топшириқномаларини чақириб олиш тўғрисида қарор қабул қилиши лозимлиги кўрсатилган.
Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 12 июлда 2575-сон билан рўйхатда ўтган «Молиявий ва солиқ ҳисоботларини алоқанинг телекоммуникация каналлари воситасида давлат солиқ хизмати органларига тақдим этиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 8-бандига кўра ҳисобот дастлабки тарздакамерал назорат қилинмасдан ва унинг мазмуни муҳокама этилмасдан қабул қилиниши белгиланган.
Бундан ташқари, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 17-моддасига кўра давлат органларининг тадбиркорлик субъектлари учун қонун хужжатларида назарда тутилмаган қўшимча ҳисобот турлари ман этилганлиги қайд этилган.
Шу учта асос корхонага тақилган «кишан»лар ечилиши етиб ортди ва унинг банк ҳисоб рақамига қўйилган 6 млрд. сўмлик инкассо қайтариб олиниши таъминланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter