Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сирдарё ҳокими «иккинчи Америка» иборасини яна эсга олди

Сирдарё ҳокими «иккинчи Америка» иборасини яна эсга олди

Фото: ЎзА

Сирдарё вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев «Пресс клуб» кўрсатувида қилган чиқишида ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши борасида саволга жавоб берди. Ҳоким вилоят аҳолиси турли ҳудудлардан келгани ҳақида фикр билдираркан, «иккинчи Америка» иборасини эсга олди. Бунга қадар у Тошкент шаҳридаги индустрия ҳисобига Сирдарё вилояти ривожланиши мумкинлигини айтиб ўтган.

— Тошкентликлар хафа бўлишмасин, аммо пойтахтнинг келажаги Сирдарёда, деб айта оламан. Чунки шаҳар кенгаяди ва турли завод-фабрикаларни четроқ ҳудудга олиб чиқиш зарурияти пайдо бўлади. Географик жойлашуви ва логистика жиҳатидан Сирдарё вилояти катта корхоналарни қабул қилиш учун жуда қулай ҳисобланади.

Менга аввал ҳам айтишган: Сирдарё чўллари ўзлаштирилганда аҳоли турли ҳудудлардан келган ва қайсидир маънода «терма жамоа» шаклланган, дейиш мумкин. Мана шундай вилоятни бошқариш қийин эмасми, деб савол беришган. Ўшанда ҳам айтганман, яна бир марта қайтараман, вилоятимиз аҳолиси турли жойлардан келиб, шаклланган экан, демак биз «иккинчи Америка», бўлар эканмиз, — дейди вилоят ҳокими.

Маълумот учун, бугунги кунда вилоятда 11 та маъмурий ҳудуд мавжуд: 3 та шаҳар ва 8 та туман. Аҳолиси кўп миллатли бўлиб, 840 мингга яқин киши истиқомат қилади.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига ташриф буюрди ва сув тошқини натижасида жабр кўрган ҳудудларда таъмирланган ва янгидан қурилган уй-жойлар ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари билан танишди.

Сирдарё вилоятида қисқа муддатда 10 минг кишилик иш ўринлари яратилди. Йил якунига кадар яна бир қатор корхоналар қурилиши ва янги иш ўринлари пайдо бўлиши кутилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг