Шошилинг, муддат тугагач жавобгарлик кучайтирилади
«Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида»ги Президент фармони ҳамда унинг ижросини таъминлаш мақсадида 2018 йил 21 июнда Ҳукумат қарори қабул қилинган эди.
Фармон билан фуқароларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойларига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси эълон қилинган.
Акция доирасида шу пайтгача давлат хизматлари марказларига фуқаролардан 1500 маротаба мурожаат бўлди. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлигининг Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими «Xabar.uz»га маълум қилди.
Агентлик мурожаатлар сони жуда камлигига эътиборни қаратди ва бу масалада муаммоси бор фуқароларни шошилишга — давлат хизматлари марказларига ўз вақтида мурожаат қилишга чорламоқда. Чунки акция муддати чекланган — 2019 йил 1 майгача давом этади. Акция муддати тугагач, бундай иморатлар учун жавобгарлик кучайтирилади.
Давлат хизматлари марказларига тақдим этиладиган ҳужжатлар:
- ариза;
- паспорт;
- оила аъзолари ҳақида ҳамда ер участкасига эгалик қилган муддатлари ва иморат қурилган вақт тўғрисида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг маълумотномаси.
Мулкка эгалик ҳуқуқи қуйидаги ҳолатларда берилмайди:
- иморат турар жой қуриш мумкин бўлмаган майдонларда қурилган бўлса;
- шаҳарсозлик нормалари, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини бузса, ёҳуд фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирса.
Эслатма: 2018 йил 20 апрелдан сўнг ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга мулк ҳуқуқи берилмайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter