ШҲТнинг Самарқанд саммитига бағишланган почта маркаси муомалага киритилди
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ)га аъзо давлатлар раҳбарларининг Самарқандда бўлиб ўтадиган мажлиси муносабати билан почта маркаси муомалага киритилди.
Ушбу почта маркаси Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ташаббусига кўра «Ўзбекистон почтаси» АЖ томонидан тайёрланди.
Почта маркасида ШҲТга аъзо бўлган Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Россия, Покистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон давлатлари байроқлари, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанддаги саммитига бағишланган логотипи ҳамда Самарқанд шаҳрининг герби тасвирланган.
Почта маркасининг орқа фонида Ўзбекистоннинг Шарқ дурдоналари сифатида тан олинган қадимий Самарқанд шаҳрининг рамзий маркази ҳисобланмиш Регистон майдони жойлашган.
Жорий йилнинг 14 сентябр куни Самарқанд шаҳридаги «Буюк Ҳумо» меҳмонхонасининг мажлислар залида ШҲТнинг Самарқанд саммитига бағишланган почта маркасини махсус хотира штемпли билан тантанали сўндириш маросими бўлиб ўтди.
Маросимни Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов кириш сўзи билан очди.
АКТ вазири барча йиғилиш қатнашчиларини ушбу маросимда иштирокидан мамнун эканлигини ҳамда бугунги кунда сўндириши амалга оширилаётган почта маркаси Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган тарихий воқеа шарафига бағишланганини, уни почта хизматида ишлатиш, эсдалик сифатида ҳамда маркалар коллекциясини тайёрлашда фойдаланиш мумкинлиги ҳақида сўз юритди.
Шунингдек, маросимда Россия Федерацияси Президентининг ШҲТ ишлари бўйича махсус вакили Бахтиёр Ҳакимов, ШҲТ миллий координатори Йоджана Патель (Ҳиндистон), ШҲТ миллий координатори (Хитой Халқ Республикаси Республикаси) Чжен Хайчжоува бошқалар қатнашишди.
Абдуғафур Ҳотамов,
«Xabar»нинг Самарқанд вилоятидаги мухбири
Бахтиёр МУСТАНОВ, фотолар муаллифи
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter