Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ШҲТ давлатлари бош экологлари Тошкентга келяпти

ШҲТ давлатлари бош экологлари Тошкентга келяпти

27 май куни Тошкент шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти(ШҲТ)га аъзо давлатларнинг атроф-муҳит масалалари бўйича масъул вазирлик ва идоралари раҳбарларининг учинчи йиғилиши бўлиб ўтади.

ШҲТга аъзо саккиз давлатнинг юқори мартабали делегациялари ва экспертлари Ташкилот котибияти вакиллари иштирокида замонавий воқеликни ҳисобга олган ҳолда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб вазифаларини муҳокама қилади.

«Ҳозирги вақтда иқлим ўзгариши, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг йўқолиши, ерларнинг таназзулга учраши ва сув ресурсларининг камайиши каби глобал экологик муаммолар кўплаб мамлакатлар учун жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда. Бу муаммолар Евроосиё ҳудудининг 60 фоизини эгаллаган ва 3,2 миллиарддан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган ШҲТнинг улкан ҳудудига ҳам хосдир. Бу борада ШҲТга аъзо давлатлар бош экологларининг Тошкент йиғилиши ҳам дунё жамоатчилигининг катта эътиборни тортмоқда», дейилади ТИВ хабарида.

ШҲТнинг бу йўналишдаги биринчи ҳужжати Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик концепциясини тасдиқлаш бўлган. Мазкур ҳужжатни амалга ошириш мақсадида 2022-2024 йилларга мўлжалланган Концепцияни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар режаси қабул қилинган.

Тошкент учрашувида томонлар атроф-муҳит мониторинги, биохилма-хиллик, табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, илмий-техникавий ҳамкорлик, қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш ва салоҳиятни ошириш каби долзарб йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан фикр алмашадилар.

Вазирлар учрашуви якунлари бўйича ташкилот доирасида ШҲТнинг Атроф-муҳитга оид маълумотлар алмашинуви платформасини биргаликда яратиш дастури тасдиқланиши кутилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг