Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев таклифи асосида Тошкентда халқаро конференция ўтказилади

Шавкат Мирзиёев таклифи асосида Тошкентда халқаро конференция ўтказилади

Фото: «Xabar.uz»

2018 йилнинг 27-28 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида «Оилани мустаҳкамлаш ва ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялашда ўзини ўзи бошқариш органларининг роли» мавзуида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтади. Шу муносабат билан журналистлар учун матбуот анжумани ташкил этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 11 октябрь куни Россиянинг Сочи шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида оила институти ва анъанавий оилавий қадриятларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида сўз юритганди. Мазкур халқаро анжуман Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистонда 2018 йилда «Оилани мустаҳкамлаш ва ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялашда ўзини ўзи бошқариш органларининг роли» мавзуида халқаро конференция ўтказиш ҳақида билдирган таклифлари асосида ташкил этилмоқда.

Анжуманни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад — халқаро ижтимоий-сиёсий ва эксперт-таҳлилий доираларни оилани мустаҳкамлаш ҳамда ёшлар тарбияси борасида Ўзбекистон тажрибаси билан яқиндан таништириш, мазкур соҳанинг долзарб муаммолари бўйича ўзаро фикр алмашиш, уларнинг олдини олиш ва бартараф этишнинг самарали,  таъсирчан йўлларини излаш ҳамда бу борада халқаро ва чет эл ташкилотлари, илмий-тадқиқот муассасалари билан аниқ истиқболли ҳамкорлик йўналишларини ишлаб чиқишдан иборат.

Конференцияда 20 га яқин мамлакатлардан меҳмонлар, етакчи экспертлар, дипломатик корпус вакиллари  иштирок этиши кутилмоқда.

Мамлакатимизда амалда бўлган халқчил ижтимоий сиёсат, оилалар муаммоларини барвақт аниқлаш ва ҳал этиш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ҳуқуқий ва ташкилий-амалий чора-тадбирлар билан хорижий меҳмонлар яқиндан таништирилади. 

Анжуманда 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар Стратегиясининг барқарор ривожланишни таъминлаш, кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш, оила ва маҳалла институтларини мустаҳкамлаш бўйича амалий ҳаракатлар дастури сифатидаги аҳамияти кенг муҳокама этилади.


Оилаларни мустаҳкамлаш, ўсиб келаётган авлод тарбиясида  маҳаллалар қошидаги Яраштириш комиссияларининг аҳамияти катта. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида мазкур комиссиялар томонидан 64 214 та мурожаат кўриб чиқилиб, 39 230 та ҳолатда эр-хотин, қайнона-келин, келин ва оиланинг бошқа аъзолари ўртасидаги келишмовчиликларга барҳам берилган. 6 954 та ҳолатда қариндошлар муросага келтирилган.

2018 йилнинг ўтган олти ойи давомида маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш мақсадида 21 015 та муҳокамалар ўтказилди. Натижада 11 209 та оиланинг низоларига барҳам берилди, 4 414 та оила ажралиб кетишдан сақлаб қолинган.


Конференция давомида қуйидаги асосий масалаларни муҳокама қилиш кўзда тутилган:

  • 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар Стратегияси барқарор ривожланишни таъминлаш, кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш, оила ва маҳалла институтларини мустаҳкамлаш бўйича реал ҳаракатлари дастури сифатида;
  • маҳалла институти фаолиятининг норматив-ҳуқуқий базаси, фуқаролар йиғинларининг вазифалари ва ваколатлари, уларнинг аҳоли билан ишлаш механизмлари, оилалар ва ёшларнинг долзарб муаммоларини ҳал этишдаги ўрни;
  • оилаларни мустаҳкамлаш соҳасида аввало «Соғлом оила — соғлом жамият» концептуал ғоясини   ҳаётга жорий этишга қаратилган ягона давлат сиёсатини юритишнинг долзарб жиҳатлари, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оилаларни мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш Концепциясининг мазмун-моҳияти;
  • жамият ва давлатнинг асосини ташкил этувчи ҳақиқий фундаментал қадрият, сифатида оилани сақлаш ва мустаҳкамлаш, ёшлар маънавий-ахлоқий тарбиясининг авлодларни боғловчи (ўртасида ворисийликни) асоси, замонавий оила ривожланишининг муаммолари, замонавий намунали оилани аниқлаш мезонлари;
  • оиланинг репродуктив саломатлиги ва демографик ривожланиши, фаровонлиги ва ҳаёт даражаси, бандлик, шунингдек хусусий, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш йўли билан  реал даромадларини ошириш;
  • нотинч ва ноқобил оилалар билан ишлаш, маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш, низоли вазиятларни бартараф этиш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш ва турли миллий менталитетимизга ёт бўлган таъсирлардан ҳимоялаш бўйича улар билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш;
  • ўзини ўзи бошқариш органлари, ННТ, давлат ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларининг оилалар ва ёшлар билан  ишлашда тизимли ўзаро ҳамкорлигини ташкил этиш, мавжуд муаммолар ва уларни ечиш йўллари.

2018 йили фуқаролар йиғини ҳузуридаги «Ота-оналар университети» жамоатчилик тузилмаси фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида Ҳукумат қарори қабул қилинди. Ушбу университетнинг асосий вазифаси — фарзанд тарбиясига етарли эътибор бермаётган ота-оналар билан ишлаш, фуқаролар йиғинидаги оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатларнинг олдини олишдан иборат.


Анжуман иштирокчиларини таълим муассасалари ҳамда маҳаллалар фаолияти билан яқиндан таништириш ҳам режалаштирилган.                                                        

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг