Шавкат Мирзиёев Нукусда фаоллар ва нуронийлар билан суҳбатлашди (фото)
Президент Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳридаги Амударё маҳалласини бориб кўрди.
Бу ерда 6 минг нафардан зиёд аҳоли яшайди. 2 та саноат корхонаси, 20 дан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида одамлар иш билан банд.
Яқинда маҳалладаги ички йўллар, табиий газ ва электр тармоқлари таъмирланди. Ён-атроф ободонлаштирилди. Мактаб ва мактабгача таълим муассасаси қиёфаси янгиланиб, шароитлари яхшиланди.
Ушбу мактаб ҳовлисида маҳалла фаоллари, нуронийлар билан самимий суҳбат бўлди.
«Мен Президент сифатида бошқа ҳудудларга нисбатан энг кўп Қорақалпоғистонга келибман. Биринчи қадамларимиздан билдикки, пастга тушсак, бирлашсак, ҳаракат қилсак, ўзгариш қилса бўлар экан. Сўнгги йилларда Қорақалпоғистонда катта яниланиш бўлди. Ичимлик суви таъминоти яхшиланди, мактабгача таълим қамрови ошди. Кўплаб уй-жойлар қурилди. Бундай ўзгаришларни сизларнинг маҳаллангизда ҳам кўриб, хурсанд бўлдим», — деди Шавкат Мирзиёев.
Нуронийлар июлда юз берган воқеалар катта хато бўлганини, айрим ёшлар адашганини айтдилар. Асрлар давомида қорақалпоқ ва ўзбек бир тану бир жон бўлиб кетганларини таъкидлаб, халқимизга тинчлик-омонлик сўраб дуо қилдилар.
«Албатта бу барчамизни қаттиқ ташвишга солди. Бу ҳодисалар Қорақалпоғистон халқининг хоҳиш-иродаси эмасди. Қорақалпоқ элининг виждони пок. Халқимиз "эт билан тирноқ". Илоҳим, бундай кўнгилсизликлар бошқа бўлмасин, юртимиз тинч, оғзибирчилигимиз абадий бўлсин», — деди Президент.
Шу билан давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистонга ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter