Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сентоб – 2023 йилнинг энг яхши туризм қишлоғи

Сентоб – 2023 йилнинг энг яхши туризм қишлоғи

Самарқандда UNWTO Бош Ассамблеясининг 25-сессияси доирасида «Best Tourism Villages 2023 Awards» (2023 йилнинг энг яхши туризм қишлоғи) номинацияси бўйича тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Навоий вилоятининг Сентоб қишлоғи ғолиб бўлди.

«Ўзбекистон Президентининг туризм сектори ва, энг аввало, аҳоли турмуш фаровонлигига бўлган эътибори ва ташаббуслари натижасида бугун юртимиз қишлоқларини бутун дунё тан олмоқда. Навоий вилоятидаги Сентоб қишлоғининг «Энг яхши туризм қишлоғи» номинациясидаги ғолиблиги, шубҳасиз, мана шу ислоҳотлар самарасидир!», — деди UNWTO Бош Ассамблеясини Самарқанд шаҳрида ўтказиш бўйича Ўзбекистон ҳукумати Ташкилий қўмитаси раиси ўринбосари Азиз Абдуҳакимов.

UNWTO Бош котиби Зураб Пололикашвили эса туризм қишлоқларининг аҳамиятини алоҳида таъкидлади.

«Энг яхши туризм қишлоқлари» номинацияси қишлоқлардаги ҳаётни янада яхшилаш борасидаги ишларимизнинг дебочаси, холос, — деди маросимда нутқ сўзлаган UNWTO Бош котиби Зураб Пололикашвили. — Биз туризмни қишлоқ ҳаёти тараққиётининг драйверига айлантиришни мақсад қилганмиз».

Маълумот учун, «Сентоб»га 2023 йилнинг 17 март куни расман туризм қишлоғи мақоми берилган. Қишлоқда мунтазам равишда Англия, Франция, Австрия, Германия, Италия, Россия ва бошқа давлатлардан хорижий сайёҳлар оқими кузатилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, энг яхши туризм қишлоғи бўлиш учун номзодлар рўйхатига Ўзбекистоннинг жами 5 та манзили — Самарқанд вилоятидаги Конигил, Навоий вилоятидаги Сентоб, Сурхондарё вилоятидаги Сангардак, Жиззах вилоятидаги Ухум ва Фарғона вилоятидаги Аввал туризм қишлоқлари киритилганди.

«Best Tourism Villages 2023 Awards» номинацияси UNWTO томонидан 2021 йилда таъсис этилган. Асосий мақсад нафақат ривожланган ҳудудларга, балки ўз қадриятларини сақлаган ва анъаналарини тарғиб қилаётган қишлоқларга ҳам сайёҳлар эътиборини жалб қилишдир.

Маросим бу йил учинчи бор ўтказилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг