Сенат қўмитаси йиғилиши: маблағлар ноқонуний ўзлаштирилиши 4,5 бараварга ошгани қайд этилди
27 сентябр куни Олий Мажлис Сенати Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида муҳокама қилиниши назарда тутилган масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
Хусусан, «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги, «Давлат божхона хизмати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонунлар ҳамда мамлакатимиздаги автомобиль йўллари ҳамда сунъий иншоотларнинг ҳолати ва транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлашга доир қонун ҳужжатларининг ижро этилиши юзасидан ҳукуматга юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама марказида бўлди.
Бундан ташқари, мажлисда Вазирлар Маҳкамаси томонидан Олий Мажлис Сенатига киритилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2021 йилнинг биринчи яримидаги ижроси юзасидан Молия вазирлиги мутасаддиларининг ахбороти эшитилди.
Таъкидланганидек, ҳисобот даврида республика иқтисодиёти 6,2 фоизга ўсиб, ЯИМ ҳажми 318,5 трлн. сўмни ташкил этган.
Иқтисодий ўсиш саноатда 8,5 фоиз, қурилишда 0,1 фоиз, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигида 1,8 фоиз ҳамда хизматларда 8,0 фоизга таъминланган. Инфляция даражаси йил бошидан 4,4 фоизни, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан эса 10,9 фоизни ташкил этган.
Мажлисда Давлат бюджети ижроси жараёнидаги йўл қўйилган хато ва камчиликларга эътибор қаратилди. Молия вазирлиги мутасаддиларининг ахбороти юзасидан Олий Мажлис Сенати Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбсори Фарҳод Боқиев, сенатор Фармон Тошев, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаровлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Жумладан, Давлат бюджети ижросини таъминлаш, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланишда ҳам кўплаб камчиликларга йўл қўйилган.
Хусусан, Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти томонидан ўтказилган 3 480 та назорат тадбирларида 372 млрд. 700 млн. сўмлик ёки ўтган йилга нисбатан 4,5 баробардан кўп маблағлар ноқонуний ўзлаштирилганлиги аниқланган. Масалан, бюджет интизомини бузиш ҳолатлари Мактабгача таълим вазирлигида тизимида 8,5 мартага, Халқ таълими вазирлиги тизимита 3 мартага ва Соғлиқ сақлаш вазирлиги тизимида 2,9 мартага ошган.
Энг қизиғи, молиявий хато ва камчиликларнинг 55,0 млрд. сўмдан ортиғини амалдаги давлат харидларига оид қонунга риоя қилмаслик ҳолатлари ташкил этган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter