Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Саудия элчихонаси жамоатчилик эътиборини ёввойи ҳайвонларни асрашга қаратди

Саудия элчихонаси жамоатчилик эътиборини ёввойи ҳайвонларни асрашга қаратди

5 ноябрь куни Саудия Арабистони подшоҳлигининг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳайвонот оламини асраш борасида ноодатий тадбир ўтказди: Тошкент шаҳридаги Миллий боғда «Сat walk» пиёда юриш тадбири ташкил этилди.

Қайд этиш жоизки, 2021 йилдан буён дунёнинг йирик шаҳарларида ўтказилаётган ушбу акция Ўзбекистонда илк бор уюштирилди.

Саудия Арабистони элчиси Юсуф ал-Утайбий бошчилигидаги элчихона ходимлари ҳамда маҳаллий аҳоли вакиллари 7 километр масофани пиёда босиб ўтиш  орқали жамоатчилик эътиборини табиат ва ёввойи ҳайвонлар, хусусан, мушуксимонлар оиласига мансуб жониворларни асраб-авайлашга қаратди.

Йиртқич сут эмизувчилар туркуми, мушуксимонлар оиласига мансуб шер, йўлбарс, қоплон, гепард, ягуар каби ҳайвонлар йўқолиб бораётган жониворлар сифатида халқаро Қизил китобга киритилган. Масалан, «ўрмон шоҳи» деб аталадиган шерлар йўқолиб кетиш хавфи остида қолмоқда. Бир аср аввал Африканинг ўзида 200 мингдан зиёд шер яшаган бўлса, сўнгги ўнйилликларда улар сони 30 мингдан 20 мингга қадар қисқарган.

2021 йилда Саудия Арабистони маликаси, подшоҳликнинг АҚШдаги элчиси Рима бинт Бандар Ол Сауд томонидан «Catmosphere» жамғармасига асос солинган.

Жамғарма мушуксимонлар оиласига мансуб жониворларни муҳофаза этиш билан шуғулланади. «Сat walk» пиёда юриш акцияси ҳам мазкур фонд томонидан ташкил этилади. 2021 йили 102 та давлатда ўтказилган акцияда 27 мингга яқин киши қатнашган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг