Сарҳад ошган асарлар. Ўзбек ижодкорларининг тўплами Миср жамоатчилигида қандай таассурот қолдирди?
Мисрда «Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс сари» китобининг араб ва инглиз тилларидаги таржимаси тақдим этилди. Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонаси ташкил этган илмий-маърифий анжуманда Миср адабий жамоатчилиги вакиллари билан бирга мамлакатимиздан меҳмон бўлиб борган қалам аҳли ҳам қатнашди.
Ўзбекистонлик шоир-ёзувчи ва олимларнинг халқаро баёзи (антологияси) адабиётга ошуфта ижодкорлар, илму маърифатга хайрихоҳ дипломатларнинг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари ўлароқ дунё юзини кўрди. Тўпламдан ўрин олган асарларни Миср Ёзувчилари уюшмаси аъзоси, шоира ва таржимон Тағрид Фаёд хоним араб тилига ўгирган. Инглизча таржима эса «Inside Kashkadarya» журнали муҳаррири Асрор Аллаёров томонидан амалга оширилган.
Тақдимотда сўзлаган Тағрид Фаёд хоним таржима жараёнида туғилган таассуротлар, умуман, ўзбек халқининг маданияти хусусидаги мулоҳазалари бир ўртоқлашди.
«Мен авваламбор бугунги тадбир юқори даражада ташкиллаштирилгани учун Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонасига ва ўзбекистонлик ижодкорлар вакилларига самимий миннатдорлик изҳор этаман. «Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс сари» китобига киритилган асарларни араб тилига таржима қилиш асносида халқингизнинг бетакрор маданияти, ахлоқ-одоби ва меҳмондўстлигини ич-ичимдан ҳис қилганимни алоҳида таъкидламоқчиман. Шунингдек, ушбу шеърлар орқали Қашқадарё, Хоразм, Андижон каби ҳудудларнинг ўзига хос табиати, гўзал манзараларига яқиндан ошно бўлдим», – дейди Фаёд хоним.
Асли ливанлик шоира ва таржимон жаҳон адабиётидан муносиб ўрин олган мумтоз ўзбек адабиёти дурдоналарини араб тилига таржима қилиш истагини ҳам билдирди.
Хўш, Миср адабий жамоатчилиги янги нашрни қандай қабул қилди?
«Ўзбек ижодкорлари асарларининг араб тилига таржима қилиниши орқали мамлакатларимиз географик жиҳатдан нисбатан олисроқ бўлса-да, халқларимиз қалбан яқин ва ўхшаш эканига Миср жамоатчилиги амин бўлди. Зеро, адабиёт барча юртларда ҳам диллар тубидаги туйғуни сўз билан ифодалайди. Мисрлик адиблар бу каби ижодий лойиҳаларни янада кенг кўламда бажариш учун ўзбек томони билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини изҳор этдилар. Албатта, бу илк қадам бўлиб, мазкур бадиий кеча мамлакатимизнинг мутасадди ташкилотлари кўмагида ўзбек адабиётининг дурдона асарларини араб тилига таржима қилиш ва халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталари мустаҳкамлаш учун замин яратади», – дейди Ўзбекистон Республикасининг Миср Араб Республикасидаги элчиси Мансурбек Қиличев.
Адабий кеча давомида элчихонамиз вакиллари томонидан мустақиллик йилларида, хусусан, сўнгги 5 йил давомида юртимизда турли соҳаларда эришилган кенг кўламли ислоҳотлар, Ўзбекистоннинг очиқ ва дўстона ташқи сиёсати, қўшни давлатлар билан ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб бораётгани, иқтисодий-ижтимоий соҳаларни ривожлантиришга оид амалга оширилаётган бир қатор йирик қўшма лойиҳалар тўғрисида маълумот берилди. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбияловчи муҳит ва шароитни яратишга катта эътибор қаратилаётгани қайд этилди.
Мисрлик ижодкорлар Ўзбекистоннинг Ислом цивилизиацияси ривожига қўшган улкан ҳиссаси, мамлакатимиз заминидан етишиб чиққан буюк алломалар, жумладан, Нил дарёси сув ҳажмини аниқлайдиган махсус ўлчагич – «Миқёси Нил»ни яратган Аҳмад ал-Фарғоний мероси юксак қадрланишини таъкидладилар.
Бадиий кеча давомида ўзбек халқ куйлари ва рақслар, гўзал шеърлар ижро этилди, миллий тансиқ таомларимиз тақдим этилди.
Кўҳна тарих ва қадимий меросга эга Ўзбекистон ҳамда Миср ўртасидаги муносабатлар илдизи олис асрларга бориб тақалади. Айни пайтда икки халқ ўртасидаги турли соҳалардаги алоқалар, жумладан, маданий-гуманитар робиталар янги суръатда ривожланмоқда. Мамлакатимизнинг Мисрдаги дипломатик ваколатхонаси бу борадаги алоқаларни янада жонлатиришга интилмоқда. Жорий йил ноябрь ойида мамлакатимизнинг Қоҳирадаги элчиси Мансурбек Қиличев Миср ташқи ишлар вазирининг икки томонлама маданий ҳамкорлик масалалари бўйича ўринбосари Умар Салим билан учрашувда ҳам айнан маданият, таълим, илм-фан, спорт, туризм ва дин соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилганди.
Икки ўлка адабий-маърифий ҳамкорлиги ҳақида сўз борар экан, сўнгги йилларда дунё юзини кўрган айрим нашр ва тадқиқотларни санаб ўтиш ўринлидир.
Айн Шамс университетининг филология факультети профессори, доктор Магида Махлуф хоним «Бобурнома» асарини турк ва ўзбек тилидан араб тилига таржима қилиш учун йигирма йил давомида изланишлар олиб борди. Осиё мамлакатлари бўйича тадқиқотчи олим Аҳмад Абдо Тарабикнинг «Ўзбекистон ва ислом цивилизацияси ўчоқлари» номли китоби чоп этилди. Миср ёзувчилар уюшмаси аъзоси Абдураҳмон Ал-Хамиси икки жилдли «Ўзбек халқ эртаклари» китобини қайта нашр қилди. Қоҳира университети археология факультети декани Аҳмад Ражаб Ризқнинг «Бухоро асори атиқалари ва ислом тамаддуни» номли китоби дунё юзини кўрди. Юртимизда бир неча йил давомида дипломат сифатида фаолият юритган олим ҳозирда Тошкент, Хива, Термиз ва Фарғона тўғрисидаги китобларни нашрга тайёрламоқда.
Янги тақдим этилган «Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс сари» тўплами ҳам икки халқ орасидаги адабий алоқалар истиқболли эканидан далолат беради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter