Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Самарқанддаги туғруқхонада бир кунда беш чақалоқ вафот этган, қиз туққан онага ўғил боланинг мурдаси берилган

Самарқанддаги туғруқхонада бир кунда беш чақалоқ вафот этган, қиз туққан онага ўғил боланинг мурдаси берилган

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти перинатал марказидаги вазият билан боғлиқ ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Дастлабки маълумотларга кўра, 2019 йил 27 февраль соат 08:00 дан 2019 йил 1 март куни соат 08:00 га қадар бўлган вақт мобайнида мазкур марказда жами 36 нафар аёллар томонидан 37 нафар чақалоқ туғилган бўлиб, 2019 йил 28 февраль кунидан 1 март кунига қадар бўлган вақт оралиғида ўтказилган интенсив ва реанимацион чора-тадбирларга қарамай, оғир туғруқлар асорати оқибатида турли патологик ҳолатлар (онанинг ҳомиладорлик пайтида онада учрайдиган касалликлар) сабабли 5 нафар чақалоқлар ўлими кузатилган.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, Перинатал тизим – ҳомила ва туғруқ босқичлари юқори даражадаги хатарда ўтаётган аёллар, оғир соматик патология, оғирлашган ҳомила ва туғруқлар, шунингдек, ҳомиланинг 34 ҳафтасидан бошлаб муддатидан олдин туққан аёллар, янги туғилган чақалоқлар, жумладан, интенсив терапия ва иккиламчи тиббий ёрдам муассасаларида кўзда тутилмаган махсус ёрдамга муҳтож бўлган чақалоқларни тиббий парвариш билан таъминлайди. Худди шундай Самарқанд вилоят перинатал маркази ҳам вилоят бўйича, асосан, асоратли туғруқ жараёнлари кечадиган муассаса ҳисобланади. Бу ерда вилоятдаги умумий туғруқларнинг қарийб 15 фоизи қамраб олинган бўлиб, келувчиларнинг 84,7 фоизи турли даражадаги асоратлар билан мурожаат қилишади.

Бундан ташқари, вилоят перинатал маркази базасида Самарқанд давлат тиббиёт институти акушерлик-гинекология ва неонатология кафедраси фаолият олиб бормоқда. Ҳар бир оғир ҳомиладор, туғувчи аёллар ва оғир аҳволда туғилган чақалоқлар ҳолати юзасидан кафедранинг профессор ва илмий ходимлари иштирокида консилиумлар ҳам ташкил этилади.

Кўрилган чора-тадбирларнинг натижаси ўлароқ, Марказда жорий йилнинг 5 ойи давомида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан чақалоқлар ўлими кўрсаткичи 30 фоиздан зиёдга камайган.

Айни пайтда юқоридаги материалда акс этган Г.К. фарзандининг ўлими ва чақалоқнинг жинси алмашганлиги ҳолати юзасидан прокуратура ва ички ишлар органлари томонидан тергов-суриштирув ишлари давом этмоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар олиб борган суриштирув ва дастлабки тергов ҳаракатларининг натижасидан келиб чиққан ҳолда айбдор шахсларнинг жавобгарлиги масаласи қонуний жиҳатдан ҳал этилади. Зеро, гап инсон саломатлиги ва ҳаёти ҳақида борар экан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бунда ҳар бир масалага чуқур ёндашади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг