Рустам Холматов Паркент аҳолиси билан учрашди. Жарроҳлик амалиёти учун 17 минг доллар пул топиладими?
Кеча, 6 декабрь куни Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов Паркент туманига ташриф буюрди. Вилоят ҳокими ишни Паркент тумани ҳокимлиги мажлислар залида фермерлар билан учрашувдан бошлади, деб хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати.
Йиғилишда Паркент туманида фермерлар учун яратилган имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётгани таҳлилий танқид қилинди. Р.Холматов қишлоқ хўжалигида ердан самарали фойдаланиш ҳақида сўз юритиб, бунда логистика марказларини ташкил этиш, экспортбоп маҳсулот навларини экиш, фермер хўжаликларини кластер ва кооперацияларга бирлаштиришнинг афзалликлари ҳақида тўхталди.
Йиғилишда Паркент тумани ҳокими Ниғмат Муҳамедов сўзга чиқиб, 2019 йилда туман қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилган ишлар, эришилган ютуқлар ва мавжуд камчиликлар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Учрашув давомида фермерлар фаолиятларида мавжуд турли муаммолар юзасидан вилоят ҳокимига мурожаат қилишди. Кўтарилган масалалар шу ернинг ўзида ижобий ҳал қилинди, вақт ва қўшимча ўрганиш талаб қиладиган масалалар қатъий назоратга олинди.
Шундан сўнг, вилоят ҳокими Рустам Холматов Заркент қишлоғида бўлиб, аҳоли хонадонларига кирди.
Жараёнда ерни эътиборсиз қолдирмаслик, унинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланиш, бу оила бюджетига қўшимча даромад экани таъкидланди.
Аҳоли билан самимий мулоқот қилар экан, ҳудуд раҳбари ҳар бир мурожаатга эътибор қаратди, фуқароларни тинглади. Ичимлик суви, газ, электр таъминоти борасидаги узилишлар бўйича мавжуд муаммолар юзасидан шу ернинг ўзида масъулларга вазифалар юклатилди.
Фуқаро Ф.Ризқитиллаева қулоқ соҳасидаги хасталиги сабаб бир неча йилдан бери одамлар овозини эшитишдан маҳрум. Айни кунда ушбу жарроҳлик амалиётини ўтказиш 17 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағни талаб қиларкан. Табиийки, фуқарода бунча маблағни топиш имконияти мавжуд эмас. Вилоят ҳокими уни тинглар экан, операция учун зарур маблағни топишда албатта ёрдам кўрсатишини айтди. Хуллас шу куни Флора опанинг қалбида умид учқунлари пайдо бўлди. Ҳали бу учқунлар яқинларининг меҳрга тўла сасини эшитиб, қалби жунбушга келганда, кўзларидан севинч ёшлари тўкилганда оловга айланиши шубҳасиз...
Р.Холматов Паркент туманидан қайтиш чоғида «Медторгинвест» МЧЖда бўлиб, у ерда олиб борилаётган қурилиш жараёни билан танишди.
«Accent Way Trading» корхонаси билан МЧЖ ҳамкорлигида амалга оширилаётган ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 13 млн. АҚШ доллари бўлиб, корхона йилига 900-1000 тонна тайёр маҳсулотни (қуритилган мева-сабзавотлар) экспорт қилиш салоҳиятига эга бўлади.
Ҳозирда хориж мамлакатлари, жумладан, Япония давлатидан бу маҳсулотларга талаб тушмоқда. 2020 йилнинг 1 мартида ишга туширилиши кутилаётган лойиҳада шунингдек, меваларни сақлашга мўлжалланган катта ҳажмдаги совуткичлар барпо этиш ҳам кўзда тутилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter