Расул Кушербаев университетдан ҳайдалгани, 24 ёшидаги раҳбарлик ва иккиюзламачиликлар ҳақида (видео)
Расул Кушербаевни таништиришнинг ҳожати йўқ. У ижтимоий ҳаётда жуда фаол. Чин маънода, қўштирноқсиз халқ депутати. Холис, жонкуяр, ўз сўзини айта оладиган, жасур, журъатли инсон. Кушербаевнинг очиқ, дангал фикрлари гоҳида мунозараларга сабаб бўлади. Айниқса, ижтимоий тармоқда турли баҳсларни келтириб чиқаради. Яқинда Расул таҳририятимизда меҳмон бўлиб, саволларимизга жавоб берди.
Мактабдаги орзулар, университетдан ҳайдалиш
– Мактабда ўқиб юрган пайтларимизда ўқитувчиларимиз биздан келажакда қайси касбни эгаллашимизни сўрашган. Биров ўқитувчи, биров врач, ҳатто космонавт бўламан, деганлар ҳам бўларди. Сизнинг болаликдаги орзунгиз нима эди? Мактаб даврингиз қандай кечган?
– Менинг болаликдаги орзум авиация учувчиси бўлиш эди. Фуқаро ташишни орзу қилганман. Лекин бахтга қарши, мактабни битиргунимизча, бу институт ёпилиб кетган. Кейин бошқа йўналишни танлаганман.
Янгийўл туманида 48-мактаб бор. Қишлоғимиздаги шу даргоҳда ўқиганман. Ўртада, биздан 3 километр нарида 47-мактаб бор эди. Фақат кичикроқ эди. У ерда отамиз ишлар ва тартиб-интизом кучли эди. Бир йил шу мактабда ўқиб, яна қайтганман ўзимизнинг мактабга. Кейинчалик 6-синфни битириб, Тошкент шаҳридаги Нафис санъат лицейида ўқишни бошлаганман. 5 йил таҳсил олдим. Ҳозир номи ўзгариб кетган. Яқинда бориб кўрсам, «Миллий гвардия»нинг оркестр мактаби бўлиб кетибди.
Нафис санъат лицейи ўз даврида жуда кўплаб кадрларни етиштириб чиқарган. Ўзбекистонга, мамлакатга, халқ хўжалигининг жуда кўплаб соҳаларида ишлаган таниқли ижодкорларни етиштириб берган ўқув даргоҳи эди у.
11-синфни битиргунча шу лицейда ўқиганмиз. Битиргандан кейин Жаҳон тиллари университетида сабоқ олдим. Халқаро журналистика факультетида, аммо 5 йил ўқиганман. Бир йил «отчисление» бўлганман.
– Сабаби нима? Контракт туфайлими?
– Йўқ, ўзимнинг айбим билан. Хуллас, тил орқасидан... Муаммо кетидан муаммо юзага келган. Жазо сифатида ҳайдаш жазоси қўлланилган. Ўшанда 10 нафар талаба «отчисление» бўлдик, лекин охирида битта мен қолиб кетдим. Чунки сўз берганмиз. Ҳаммаси кетди. «Вақтимизни олманглар», «келишдик», «қайта тиклайсан, 15 августда келасан...», 25 май куни «отчисление» бўлиб кетиб қолганман. Айни битираётган вақтда. Лекин афсус қилмайман. Пешонада бор экан. Шу ҳаёт йўлимда нимаики бўлса-бўлмаса яхшиликка деб, ўзимни тайёрлашга ҳаракат қиламан. Ҳайдалиш ҳам яхшиликка бўлгандирки, одам янаям пишади, чархланади.
Хуллас, шуларни кўрдик, кўп нарсани тушунишга ёрдам берди. Йигит кишининг бошида синовлар бор, тезда йўқолиб қолмаслик керак. Кейинчалик, юридик университетда, юридик мутахассислик бўйича ўқиб, магистр дипломини олдим.
– «Чўқинтирган ота» туркумидаги «Корлеонелар оиласи» китобида Майклнинг болаликдаги орзуси сиёсат билан боғлиқ бўлади. У мурғак ёшидан сиёсатчи бўлишни орзу қилади. Эҳтимол, бизнинг болаларга нисбатан олиб қаралса бу кулгили туюлар. Ахир унча-бунча бола сиёсатчи бўлишни орзу қилмайди-да! Сизнинг болалик ёки ўсмирлик даврингизда депутат бўлиш орзунгиз бўлганми?
– Мен 8-9-синфдан бошлаб газеталарга мақолалар ёзишни бошлаганман. Айтадиган гапларим бўларди, кўпчиликка етказиш мақсадида нимадир дейишга ҳаракат қилардим. Бу фикрларга биров қўшиларди, биров йўқ, қандайдир позиция бўлган ўшандаям. Ва кўпчиликка шу тариқа ёрдам бераманми, деб ўйлардим. Фикрларимни оммавий ахборот воситалари, газеталар орқали етказишга ҳаракат қилганман. Депутатлар, сиёсатчиларнинг ҳаётини ўрганганман. Қизиқ эди, лекин айнан депутат бўламан деб орзу қилмаганман.
Умумий, кўпчиликка ёрдам берадиган қандайдир сиёсий жараёнларда иштирок этиш фикри бўлган ва партиялар тарихига жуда кўп қизиққанман. Дунё тарихига қизиққанман. Нега бизда бундай, деганман. Аслида қонун-қоидаларга қизиқиш кўп бўлган. Шу партиялар, шахслар, одамларнинг берган ғоялари нимадан иборат, қайси ғоялар кўп, қайсилари тараққиётга, қайсилари чуқурликка олиб боради... кўп қизиқардим. Тарихни ўқиб юрганман. Бундан келиб чиқиб, қандайдир фикрлар бўларди. Манфаатлар йўлида одамларга ёрдам бераман, ишлайман деб ният қилардиму, лекин депутат бўламан, демаганман.
– Асосан, журналист бўлиш...
– Йўқ, асосан, журналист бўлиш эмас. Тўғри, журналистикага ҳам қизиққанман. Энди кириб келишнинг йўли шу бўлган экан. Лекин кейинчалик бир муддат, ўзим ўқиб юрган пайтларимда, журналист бўламан деган қатъий фикрдан қайтишга тўғри келди. Сабаби, бир-иккита масала бўлдики, бир-икки одамни кўрганимдан кейин, мен истаётган йўл аслида бу эмас экан, деб хулоса қилдим, лекин таълим олиш керак экан. Тушуниб етганим шу бўлдики, одам қайсидир мақсад йўлида ҳаракат қиляптими, унга интилиши, кўпроқ ўқиши ва ўзи қадрлаган бир қатор қийматга эга принциплари бўлиши керак экан. Бу – ёлғондан йироқ бўлиш, қийин бўлсаям битта қатъий позицияда туриш ва, энг муҳими, ҳар қандай пайтдаям фикрини айта олиш! Бир-иккита шундай қарашлар бор эди, ўсмирлик даврида шаклланган, деб ўйлайман. Бизни одам қилган китоб аслида. Китоблар, тарих, келажакка қандайдир интилиш...
Шундай вақт бўларканки, уни фақат тартибга солиш ва тартибли юрғизишни бошлаш керак экан. Депутатлик масаласи бу ишимни анча йўлга қўйиб олганимдан кейин олдимдан чиқди. Сайланиб келганимдан кейин ҳам мен учун депутатлик иши қийин бўлмади. Бирдан мослашиб кетдим ва бу ишни олдиндан қилиб келганман, деб ҳис қилдим. Чунки депутатликнинг асосий талаби шундан иборат эдики, сен одамлар учун ишлашинг керак, қайсидир ташкилот, қайсидир идора учун эмас, фақат одамлар учун маъқул келадиган масалани олиб чиқиш, улар учун ҳаракат қилиш ва ҳоказо... Бу йўлдаги қийинчиликларни кўриб келяпмиз. Хуллас, ҳаёт пиширяпти. Лекин дастлаб болалигимда, юқорида айтганимдек, учувчи бўлишни орзу қилганман. Ҳамма қатори битта жойда ишлаяпман ва бир жойда фаолият юритяпман.
Адади ошган газета
– Университетнинг халқаро журналистика факультетини битирганингиздан кейин халқаро журналистика бўйича эмас, партиялар бўйича сизга ишга таклиф тушдими?
– Мен ўқиб юрганимда партияда ишлар эдим. Тўғриси, яхши ойлик тўлашарди, чунки талаба одамга пул керак. Оилавий қийинчиликлар бор эди, мажбур бўлганман ишлашга ва бу ўзимга ёққан. Мен вақт масаласида қийналардим, кўпинча улгурмай қолардим. Вақт тақсимотини тўғри қўйишга ҳаракат қилдик, кейин шунга кўникдик. Ҳам ишлаб, ҳам ўқиб юрдим. Таҳсилни тугатганимдан сўнг яна озгина ишладим-да, шу қарорга келдимки, бу ерда мен ўрганадиган ҳеч нима қолмади. Қилаётган ишни ўрнимга бошқа одам ҳам бажариши мумкин. Яъни, у ерда мен учун янгилик қолмади, у ерга сиғмадим. Ўсишим керак эди. Уйимга яқин жойга таклиф бўлди, туман ҳокимлиги газетасига. Янги жой эди у. Мактаб бўлиши нуқтаи назаридан юқори ойликни ташлаб, маоши кам жойга ишлашга кетганман. Лекин у ерда ҳаммаси, шароитни яхшилаш ўзимнинг қўлимда эди. Мен аввал партияда тармоқ йўналишида раҳбар бўлсам ҳам, бу ерда биринчи марта бутун бир жамоага раҳбар бўлдим. 24 ёшда эдим. Осон эмасди.
– Вилоят газетасими ёки...
– Ҳокимлик газетаси, туманники эди. 300 минг аҳолиси бор. Жамоа тан олиши керак эди. Шуни тушундимки, жамоа тан олиши учун ҳар қандай раҳбар унинг моддий таъминотини яхшилаб қўйиши керак. Акс ҳолда, тан олишмайди. Қисқа муддатда ҳаракат қилдик ва моддий шароитни яхшилашга эришдик. Ва ёш бўлсак ҳам жамоа тан олишни бошлади. Ёши катталар эди-да кўпчилик. Ишимдан қониқиб, мазза қилиб ишлаганман. Икки йилдан ошиқ вақт жамоага раҳбарлик қилдим. Шуни кузатдимки, қаерда ишингиз яхши кетаётган бўлса, қандайдир натижага эриша бошласангиз, ишга таклиф қиладиган жойлар кўпайиб қолар экан (кулади).
– Кўзга кўриниб қоласиз-да!
– Ҳа. Кўп яхши таклифлар бўлди. Мен рад қилиб келдим. Жамоани энди оёққа турғазяпман, мени тинч қўйинглар, мазза қилиб ишламоқчиман, дедим. Кейин сайлов жараёнлари бошланди. Номзодликка шундан кейин рози бўлдим. Бу ҳам мен учун янгилик, янги мактаб эди. Буёққа ҳам ҳаракат қилиб, мана, ҳозир иккинчи чақириққа сайландик. Лекин бирор жойда бунча узоқ муддатга ишламаганман. Ёшмиз ҳали, тўғри, умуман айтяпман. Бу йил 8 йил бўляпти. Мен учун жуда катта мактаб бўлди. Кўп нарсани тушундим.
– Газетада ишлаганингизда сизни ҳокимлик мажлисларига чақириб, безовта қилишмасмиди?
– Албатта, бўлган. Шунақа тартиблар бор эди, лекин бу ҳар бир шахснинг ўзига боғлиқ. Оёқ ости бўлмай ишлаш керак. Мен ҳокимлик билан боғлиқ масалада битта шарт қўйганман: ё эркинлик беринг ёки молиявий таъминланг. Менга биринчи вариантни беришган. Ўзингни ўзинг эпла, фақат чегарадан чиқманглар, деган маънода. Менга шу керак эди. Рози бўлдим. Қисқа муддатда мустақил қарор чиқаришни бошладим. Газетани тиражи 800 та эди, шуни беш бараварга оширганмиз. Бир соҳага замонга хос янгиликларни олиб кириш керак-да. Ва мен бугунги кунда, аксарият босма матбуотнинг баъзи ҳолларда оқсаб ёки ўрнини йўқотганининг бош сабабини замон билан ҳамнафас ишламаётгани ва амалдорлар томонидан унга риоя этилмаганлигида деб биламан. Сабаблари кўп.
Замон билан ҳамнафас дегандек, ўша пайтларда биз шунга ҳаракат қилганмиз. Одамлар газетани сайт, интернет орқали ўқий бошлайди ва яшаб қолишнинг асосий йўли ва даромад манбаи шу бўлади. Омма билан ҳамнафас ишлаш керак. Жамоани шу соҳа боқади. 2012 йилда биз ҳаракат қилганмиз сайтларни очиб, ижтимоий тармоқларда юргизишни. Кейин тарқалган. Мен кетганимдан сўнг ёпилиб кетди. Ҳозир кўряпмизки, туманларда ҳудудий даражада, битта маҳаллий газеталардан кўра одамлар оддий блогернинг блогини кўпроқ ўқишяпти. Телеграм тармоғида ва ҳоказоларда унинг минглаб обуначилари бор. Хабарини одамлар тезкор қабул қилишяпти. Газета эса ҳафтада бир ёки икки марта чиқяпти, қанчалик ўқиляпти, билмайман ҳам. Ҳатто давлат органлари ҳам бугунги кунда оддий блогер билан ишлаяпти. Ўзларининг тезкор хабарлари, тадбирларини етказишдек замоннинг тезкор хабарларидан фойдаланишяпти. Замон талаби шунақа бўляпти-да. Хоҳлаймизми-йўқми, бундай шароитда «яшаб қолиш»нинг йўли фақат замон билан қадамма-қадам юриш бўлади.
– Лекин марказий газеталарнинг айрим муҳаррирлари айтишяптики, газетага мажбурий обуна қилдириш керак. Халқ ўқимайди, газета одамлар уйига мажбуран бориши керак, агар мажбурланмаса, одамлар ўқимайди, деб фикрлайдиганлар ҳам бор.
– Гап таъсир қилмаганга таёқ ҳам ўтмайди, дейдилар. Мажбурлаб бўлмайди. Мажбурлик вояга етгунга қадар бўлади. Шахс камолга етгунча адашади, уни шахс бўлиб шакллангунга қадар тарбиялаб бўлади. Вояга етдими, инсонни имкон доирасида ўзи қарор қабул қилишига қўйиб бериш керак. Акс ҳолда, у тескари реакцияга ўтишни бошлайди. Қилма деган ишни қилади ва аксинча. Инсоннинг психологияси шунақа. Агар у ўз инон-ихтиёри билан қиладиган ишини тушунса, бу бошқа гап. Мажбурлаш, бу доимий чора эмас. Барибир унинг чегараси қачонлардир тўхтайди. Ва мажбурланаётган одам ҳам истеъмолчи, у ҳақ-ҳуқуқини талаб қилишни бошлаган пайтда бу томонда аргумент бўлмайди. Ўқиш – ихтиёрий ва маълумот олиш масаласида мажбурийлик ўз самарасини бермайди.
Барибир ихтиёрийлик бўлиши керак. Барибир одамларга қўйиб бериш керак. Мен мажбурлашга қаршиман. Чунки ўзимдан келиб чиқишим мумкин-да, қиёс. Ич-ичимдан рози бўлмаслигим мумкиндир. Энди бировлар чиройли мисоллар айтади. Бу битта-иккита ҳолатда бўлиши мумкин. Оммавий ҳолатларда ҳаммада шунақа деб бўлмайди. Имкон даражасида ихтиёрийликда ишлаш керак. Агар ҳақиқатан одамларга фойдали бўлса, ўзи шундоғам қўлма-қўл бўлиб кетади, шундоғам қабул қилишади.
Пул топган маррадами?
– Мактаб даврида қайси фанларга қизиққансиз? Аниқ фанларгами, адабиётгами, қайси йўналишга?
– Кўпроқ география, тарихга, саёҳат қилишга қизиққанман... Олимпиадаларда қатнашганман. Республикагача чиққанман. География, кейин тарих, адабиётга ҳам қизиққанман. Адабиётда хатолигим шу эдики, роман, қиссалар ўқир эдим тинимсиз, аммо шеър ёдлашга келганда, ёдлолмасдим. Иккита-учта 5, иккита-учта 2, чораклик 3 чиқарди...
Бугунги ёшлар кўп билим олиш, кўп ўқиш, уларни келажакка, яхши яшаш, нуфузли даражага олиб бормайди, деб ўйлайди. Бунга жамиятнинг ўзи айбдор. Қачонки ёшлар кўриб турса, билиминг борми, ҳақ-ҳуқуқингни биляпсан, билиминг зўр, лекин бир нарсани талаб қилган вақтингда қоғоздаги гапларга амал қилинмаса-ю, яширинча бориб пулини берганингда ҳал бўлиб кетадиган бўлса... шуни кўриб турибди-ку! Минг ўқимишли профессор бўл, лекин яшаш даражанг профессор бўлмаган, мактабда яхши ўқимаган, пулдор бизнесмендан пастроқ даражада бўлса...
Ёшларда стимул бўлиши керак. Ўқисанг қандай яшайсан, ўқимасанг қандай яшайсан, деган фарқи бўлиши керак. Бугунги кунда бу – бозор иқтисодига ўтиш дегани. Умуман, бозор шароитида яшашнинг шунақа шафқатсиз талаблари бор. У ўзининг натижасини кўрсатяпти. Ёшлар кўряптики, бугун пул топган одам минбарларда, лавозимларда ўтирибди ҳамда ошиғи олчи. У кўп масалаларни ҳал қилиб ташлайди, керак бўлса, жавобгарликдан озод бўлиб кетяпти, жиноят қилсаям. Коррупциями ё бошқами, унинг иши битяпти. Бу нимадан далолат беряпти? Умумжамият иккиюзламачи қиёфа билан яшаётганидан далолат беряпти. Мен кўп юраман судларимизда. Қонунни қўлловчи судларимиз ҳалиям тўлиқ мустақил бўлмаган бир пайтда, бизнинг тақдиримиз уларнинг қўлларида бўлиб турган бир пайтда, тўғриси, қўрқиб кетаман ўзим ҳам баъзан.
Биз-ку, бўларимиз бўляпти, лекин болаларимиз бундай бўлишмасин. Болалар ҳақиқатан китобларда ёзилаётган, минбарларда айтилаётган келажаги буюк, соғлом, ҳуқуқий устувор, қадри юксак бўлган жамиятда яшасин, деган нарса менга куч беради. Майли, кичкина-кичкина ҳаракатларни амалга ошириб кетяпмиз, ҳеч бўлмаса чумолининг оғзидаги томчи билан оловни ўчирмоқчи бўлган ривоятдаги мисолдан битта гап: уни ўчира олмасак ҳам, қайси томонда эканлигимизни кўрсатайлик. Умумий муҳитдаги ҳолатдан келиб чиқиб, тестлардаги натижаларнинг пастлигига қараб, бўлаётган ишларнинг оқибати деб ўйлайман, холос. Халқ таълими вазирини алмаштирасизми, кадрларни янгилайсизми, бошқами, унинг ўзига боғлиқ эмас. Бу комплекс масала.
Энг ёмони, таълимдаги экспериментлар. Мен ўзимни чаласавод, деб ҳисоблайман. Нега? Ёзув борасида. Мактабда аввал бошида кириллча ўқидик, ярмига келгандан сўнг лотинчага ўтдик. Зўрға. Кейин университетга бориб, яна кириллча ўқидик. Ишга келиб ҳам кириллча... Мана энди яна лотинча қўлланиляпти. Ҳозир энди лотинча ёзишим керак бўлса, энди мен чаласаводман. Роса хато қиламан. Лекин ўқийвераман. Алалоқибат, мана, таълимни нимага олиб келдик, эксперимент қилавериб.
Таълимда эксперимент қилинадиган ва қилинмайдиган томонлар бор. Яъни, фундаментал ўзгармас қоидалар бўлиш керак, унга тегиш керак эмас. У сиёсатга ҳам боғлиқ бўлиши керак эмас. Чаласавод қиладиган одамлар, мана, эксперимент қилаверишади.
Майли, коррупция, бюрократликнинг олдини олишга қаратилган, ёшларга қандайдир қўшимча мотивация берадиган томонларни ислоҳ қилсин, лекин фундаментал асосларга тегиш, тарихни ўзгартиришга ҳаракат қилиш керак эмас. Тарихни борича айтиш керак. Янги давр бошланди, эскисини ёмон дейиш ёки аксинча, эски давр яхши эди деб кўрсатишнинг нима кераги бор? Биз нима қиляпмиз? Болалар буни кўриб турибди-ку? Китобларда мавзуларни ўзгартириб юборяпмизки, иккиюзламачиликнинг қиёфасини ўзимиз қилиб беряпмиз. Энг ёмони шу. Энди вазирлик ҳам таълим бўйича жавобгарлигини ошириши керак. Бу битта вазирликнинг иши эмас, оқибати, холос. Мана, оддий мисол. Бир неча ҳафтадан буён ўқитувчилар менга мурожаат қилишяпти. Қонунда ёзиб қўйилган: тиббий кўрик ўқитувчилар учун бепул деб. Мажбурий тиббий кўрик. «Меҳнат кодекси», «Таълим тўғрисидаги қонун», «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунида, яъни 3 та қонунда бор. Амалда эса бу қонун ишламаяпти. Мен вазирликнинг ёқасидан олай десам, биз тарафдормиз, лекин молия пул бермаяпти дейди. Соғлиқни сақлашга айтадиган бўлсам, бизга пул тўламагунча қилолмаймиз, дейди. Молияга айтсак, бу нимага асосан ҳисобланади, дейди. Кўряпсизми, масала кимларга боғлиқ? Таълимда ҳам ўзига боғлиқ бўлмаган мингта масала бор. Мен уларнинг тарафини олмоқчи эмасман, ўзим ҳам ўқитувчи оиласидан чиққаним учун биламан. Биз энди сал озод қилдик ўқитувчиларни бошқа ишлардан, мажбурий меҳнат, пахта, ободонлаштириш, хўжалик юмушларидан. Озод бўлган ўқитувчилар таълимга эътиборни кучайтиряпти.
Энг ёмони, биз таълимда эркак ўқитувчиларни деярли йўқотиб қўйдик. Эркаклар ўқитувчининг ойлиги оила боқишга етмайди, деб ташлаб кетаверди. Энди, очиқ кўз билан айтайлик-чи, ҳозир ҳам таълим тизими ёки мен ўқитувчи бўламан деган қатъий стимул билан интиладиган даражада турибдими ўқитувчилик касби? Биз қонунларга тўлиқ амал қиладиган, иккиюзламачи бўлмаган жамият қуришга ўтмас эканмиз, таълимда ҳам, бошқа соҳада ҳам ўзгариш бўлмайди, нуфузи ҳам ошмайди.
Қайси соҳада ривожланиш бор?
– Таълим ҳақида гап кетганда, шуни очиқ айтиш керак, биз болаларни жудаям эркалатиб юбордик. Бу шахсий фикрим, албатта. Тартибни кучайтириш керак, деб ўйлайман. Кўп ўқитувчилар билан суҳбатлашсангиз, «ўқувчига 2 баҳо қўйиш мумкин эмас», дейишади. Нима учун? Уларнинг миясига қонун сифатида кириб қолган бу. Синфдан синфга қолдириш мумкин эмас. Бу мактабнинг рейтингини белгилайди. Ёлғон мактабдан бошланяпти-да.
– Шуни айтаман-да, иккиюзламачилик, статистика учун ишлаш керак, деган қоидалар мажбур қиляпти. Шунга мажбур қиладиган сабабларни йўқотиш керак. Борича ишлаш керак. Нима кераги бор кўзбўямачилик қилиб?
– Кореяга хизмат сафари билан бориб келган синфдошим, ўзи илмий иш билан шуғулланади, айтган эди, у ерда китоб, илмдан бошқа ҳеч қандай йўл йўқ, деб қаралар экан. Метродами, бошқа жойдами, одамлар фақат ўқир экан. Бизнинг ёшларимизда бунақа тушунча умуман йўқ, маълум қатлам ўқийди, холос.
– Нега шунақа? Масалан, ишга киришда асосий талабни билим эмас, пул ҳам ҳал қиляпти-да. Буни ёшлар кўриб турибди. Кўргандан кейин фикри ўзгаради. Кореяда бунақа эмасдир-да. Ишни охиригача олиб бориш керак аслида. Тўғриси, мендаям туғилади шу савол. Ўзим ҳам ишониб келаётган нарсалар кўпинча ҳавойи бўлиб қолаётганига жуда афсусланаман ва ҳафсамни пир қилади булар.
– Телеграм каналингизни кузатиб борамиз. Яқинда ўқиб қолдим, Сенат билан боғлиқ ҳолатни. Биз тасдиқламаган қонунни улар ўтказмоқчи, дедингиз. Бундай курашлар тез-тез бўлиб турадими? Биз учун ғалати бўлиши мумкин.
– Ҳа. Аслида бу нормал ҳолат. Бўлиб туради, одамлар бунга эътибор беради ёки аксинча. Охирги пайтларда сал очиқроқ ишлаётганлари учун энди-энди кўриб туришибди. Биз қонунни тўғри қабул қилганмиз, деб ҳисоблаймиз. Қанча босқичдан ўтган. Қонунчилик палатасида ҳамма депутатлар профессионал. Эрталабдан кечгача ўтириб ишлайди. Сенат тўғри тушунмай қайтарганда ҳам эътирозлар бўлади. Баъзан ваколатларимиздан тўғридан-тўғри фойдаланмаяпмиз. Сенатга юбориб, президентга ҳам юбориш ваколатимиз бор. Бундай ваколатлардан бирор марта фойдаланмаяпмиз. Баъзи ҳолатларда, Сенат қайтараётган баъзи қонунларни қарайдиган бўлсак, кўрсаткич учун, омма учун, қанақадир натижа учун, мана шунчани қайтардик-ку, деган фикр учун қиляптими, деб ўйлаб қоламан баъзида. Қатъий турайлик, деган маънода зиддиятлар бўлиб туради. Бу нормал ҳолат. Демократик давлатларда жуда кўп учрайди. Бизда одамлар буни кўрмагани учун ғалати туюлиши мумкин. Шундай бўлиши керак. Силлиқ ўтиб кетаверса бундан хавотирга тушиш керак.
– Сиз ижтимоий ҳаётни кузатиб борасиз. Айтинг-чи, Ўзбекистонда қайси соҳада ривожланиш бор? Таълим, ҳуқуқ масалаларини гапириб ўтдик. Хўш, маданиятдами, кино, туризм, спортдами, қайси соҳада бизда нисбатан ривожланиш бор?
– Умумий айтганда, баъзи соҳалар сал олға юради, кейин орқага қайтиш бўлади. Туризм соҳасида яхши ривожланиш бор, деб ўйлайман. Йилдан-йилга сервис соҳаси равнақини сезяпман. Жойларда сайёҳлик объектларнинг кўпайиши ҳисобида кўриш мумкин буни. Лекин етарли даражада эмас, муаммолар жудаям кўп. Тўғрисини айтишим керак, қойил қилиб қўйди, демоқчи эмасман. Нисбатан солиштирганда, орқага кетиш бўлмаяпти. Муаммолар бор. Туристик объектлар кўпайган. Мана, яқинда Самарқандга борганимда, ривожланиш борлигини кўрдим, келиб-кетувчилар сони ошган. Бу соҳани янаям ривожлантириш йўллари бор. Хизмат кўрсатиш соҳасида бевосита ўзгаришлар бор, монопол соҳаларга қараб қолмаган. Курашиб, ҳаракат қилиб, сал-сал ўзгаришлар бўляпти.
Мактабгача таълим соҳамизга кўз тегмасин. Боғчаларимиз кўпайиб боряпти. Мен ўзим яшаган қишлоқ аҳли 10 мингдан ошиқ ва аҳолиси зональний ҳисобланса-да, биттаям боғчаси йўқ эди. Иттифоқ даврида 3-4 та боғча бўлган. Ҳозир эса хусусий боғчалар ҳам очилди. Мен шуни сездим, қамров даражасида ўзгариш бўлгани рост. Аҳоли билан учрашувга борсак, 2-3 та глобал масаланинг биттаси боғча бўларди. Ҳозир шу муаммони кўпчилик айтмай қўйди.
Монополияга... кўникиш керакми?
– Автомобилсозлик ҳақида гаплашайлик.
– Автомобилсозлик, ўша-ўша давом этяпти. Аввалдан ўйинлар қилинадиган бўлса, ҳозир очиқдан-очиқ безбетлик билан давом этяпти. Бизда энг кўп оёқости қилинадиган соҳа автомобилсозлик дейман. Монополистларимиз истеъмолчиларни хоҳлаган кўйга солади. Энг ёмони, фуқароларимиз ўзини шунга муносиб кўради, ва албатта, уларга шундай муносабат бўлади.
– Бошқа вариант йўқ-да, шунга кўнади, нима қилсин?
– Кўнмайдиганлар бор. Масалан, «Каптива-5» масаласида бир неча фуқаромиз судгача боряпти. Судда истеъмолчилар агентлиги орқали монополияга берганди, шу монополия томонидан кўрсатма берди, мажбуран автомобилни етказасан деб битта фуқарога. «Ўзавто»нинг дилери судга бериб, суд қайтариб юборди унинг шикоятини, яъни ўша автомобилни берасан деган мажбурият ҳалиям бўйнида турибди. Ҳозир суднинг бир неча жараёни бор, кузатяпмиз, қани нима бўлади, деб.
Мен мамлакатда қонунларда ёзилган ҳуқуқлар амалда ишлашини хоҳлайман. Оддий фуқаронинг фойдасига келганда ҳам унинг ишлаши тарафдориман. Амалдорга келганда ишлаб, фуқарога келганда ишламайдиган бўлмасин. Бу – иккиюзламачилик. Агар одамларда давлат яратаётган тартиб-қоидаларга ишонч қолмаса, бу давлат фақат ўзини ўйлаяпти, деган тасаввур бўлади. Бундай мамлакатнинг келажаги бўлмайди. Бу ёмон.
– Бевосита географияга қизиқишдан келиб чиқамиз. Сиз қўшни республикаларни ўрганиб, таҳлил қилдингизми, қонунга риоя қилиш, қонуннинг устуворлиги уларда қандай? Бизнинг даражамиздами ёки...
– Қайсидир соҳаларда олдиндадир, қайсидир соҳаларда орқададир, буни билмадим. Лекин битта нарсани кузатгандим. Масалан, Қозоғистон Республикасида 10-15 йил аввал оддий бекатда турган одам ҳам тамаки чекишдан қўрқарди. Нега десангиз, жаримаси катта. Ҳозир ҳам жарима солишади, деб қўрқади. Рухсат этилмаган бирор жойда чекишмайди. Уларнинг миясида шу ўтириб қолган. Ҳайдовчини ҳам, керак бўлса, йўлда машинадан тушириб огоҳлантиришади. Шу масалага эътибор берганман. Энди улардаям қанақадир муаммолар бордир. Биз кўпинча оддий одамлар билан гаплашганимизда кўринадиган яққол масала, бу – одамларнинг қонун билан боғлиқ масалалари. Шуни кўп гапиришарди.
Бизда бу борада кўпроқ экологик масалаларда оқсоқлик бор. Шунинг учун қўшни республикалар билан солиштирганда, биз орқада қолиб кетганмиз десам, нотўғри бўлади. Чунки олдинда кетаётган томонларимиз ҳам бор, қонунчиликда анча олдинга ўтиб кетган томонларимиз бор.
Биз янги конституция қабул қиляпмиз. Унда мен мулк ҳуқуқига доир масалаларга кўп тўхталдим, фуқароларнинг ахборот олишга бўлган ҳуқуқлари ва бошқа масалалар бор... Амалдаги конституция, қонунларимизда ҳам жуда кўп ҳуқуқлар бўлган ўзи. Шундоқ ҳам бор эди унинг ҳуқуқи, асоси, лекин муаммо нимада эди? Муаммо – уларнинг ишламаслиги ва амалдорларнинг бунга амал қилмаслигида. Амалдорлар томонидан унга риоя этилмаслигида. Масалан, хусусий мулк дахлсизлиги масаласини олайлик. Узоқ вақт давомида Фуқаролик кодекси, бошқа қонунлардаги қоидалар асосида уларнинг мулк ҳуқуқи бузилди, улар мулкидан маҳрум қилинди, мажбурий кўчирилди, жойлари бузилди. Лекин конституция аслида бундай бўлмаслиги кераклигини кафолатлаб қўйган эди, яъни конституцияга қаралмади.
Мана шу йили тарихда биринчи марта конституциявий судимиз ўзининг ваколатидан фойдаланиб, конституция нормалари бузиляпти, тезда бекор қилиш керак, деган хулоса билан қарор қабул қилди. Амалдаги муаммо нимада? Биз янги конституцияни қабул қиламиз. Агар шу кадрлар бўлса, конституцияга амал қилмайдиган, қонунни бузиб, топшириқни бажарадиганлар бўлса, биз ҳеч нимага эришмаймиз. Яна эски ҳаммом, эски тос билан қоламиз.
Демак, янги конституцияни қабул қилиш билан бирга конституцияга, қонунларга амал қилмайдиган иккиюзламачилардан кечиш керак деган сиёсатдан боришимиз керак. Бундай кадрлардан узил-кесил воз кечиш керак. Жамиятни, бошқарувни тозалаш керак. Оғир, қўпол бўлиб туюладими, бу менинг фикрим. Дарҳол янги конституция билан янги қонни алмаштиришни бошлаб юбориш керак. Ана шунда ўзгариш бўлади, албатта. Адолатли компенсация орқали хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш деган индикатор бор рейтингда. Биз бу рейтингда 139 та давлат ичида 138-ўриндамиз. Тепага кўтариламиз, деб умид қиламан. Мен жамиятдаги муаммоларнинг битта кўринишини мулк дахлсизлиги мисолида кўрсатишга ҳаракат қиляпман. Чунки шунинг ичида юрибман. Қачонки одамлар ўзининг уй-жойи, ватани, мулкининг дахлсизлигига ишонмаса, у ерда ўсиш бўлмайди, инвестиция тикмайди, у ердан қочишга ҳаракат қилади. Аввало, унинг тураржойи, мулки дахлсиз бўлиши керак. Ана шунда қўрқмай ҳаракат қила бошлайди. Қўрқув билан ҳеч қандай натижага эришиб бўлмайди. Биринчи шуни тўғрилаб қўймасак бўлмайди, деган масалада ўйлаб, шунга кўпроқ ёпишганман. Шунинг мисолида айтяпманки, йўли шу.
– Умид қиламиз-да.
– Албатта, одамзод умид билан яшайди.
– Хabar.uz ўқувчиларига икки оғиз гапингиз бўлса, марҳамат.
– Шу умидни йўқотмай юрайлик. Жамиятда кимдир келиб, ё уйим, ё маҳалламга келиб ўзгартиради деган фикрдан йироқ бўлинглар. Бундай фикр билан яшаманглар. Ўзингиз ўзгартиришга ҳаракат қилинг. Ўз ҳаётингизни ўзингиз ўзгартиришни бошланг. Кўпчилик ҳаракат қилишни бошласа, бу жуда қисқа муддатда мамлакат бўйича ўзгаришларга олиб келади.
Анвар Намозов суҳбатлашди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter