Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Раҳбарни манипуляция қилишнинг 5 йўли

Раҳбарни манипуляция қилишнинг 5 йўли

«Уолл-Стрит бўриси» фильмидан лавҳа

Фото: НТВ

Корхоналарнинг раҳбарлари турлича бўлади. Бири ташаббусларни қўллаб-қувватлаб, ходимларга барча шароитларни яратиб, тажрибаси ва лавозими ошишига имкон берса, бошқаси ходимни бир неча йил битта лавозимда ушлаб туриб, унинг кўтарилишига тўсқинлик қилади. Яна бири ходимларнинг тажриба оширишига рухсат бермай, маълум қолипда ишлашга ундайди. Бундай раҳбарларнинг ҳам кўнглини топувчи, уларнинг қолипини бузиб, карьеранинг юқори чўққисига кўтарилувчи ходимлар ҳам бор. Бу борада сизга бир нечта маслаҳат берамиз.

Мажлисни қўлга олиш

Агар мажлисда сиз учун фойдали қарор қабул қилинишини истасангиз, унга эҳтиёткорлик билан тайёрланишингиз керак бўлади. Йиғилишда иштирок этиши мумкин бўлган ҳамкасбларингизга таклифингизнинг барча афзалликларини тушунтиринг. Уларни қизиқтира олсангиз, ҳамкасбларингиз сизни қўллаб-қувватлайди ва раҳбарингиз сизга тўсқинлик қила олмайди.

Танлов иллюзияси

Раҳбар учун мустақил қарор қабул қилиш жуда муҳим. У ходимларидан қизиқарли таклифлар, ижобий ечимлар кутади. Раҳбарни сизга ёқувчи вариантни танлашга қандай мажбурлаш мумкин?

  • Бир неча ҳаётий сценарийлар тайёрланг. Уларнинг ҳар бири эҳтиёткорлик билан ишлаб чиқилган бўлиши керак.
  • Таклифларнинг иккитаси раҳбарга унчалик қизиқ бўлмайдиган кўринишда бўлсин. Учинчиси эса қизиқ ва ташкилот учун фойда келтирадиган даражада бўлсин.
  • Раҳбар бунинг учун сизга миннатдорчилик билдиради ва охири сиз истаган таклифни танлайди.

Энг муҳими — ишингиз кўплигига ишонтириш

Сизнинг мақсадингиз кўп меҳнат талаб қиладиган, муаммоли топшириқлардан қочиш. Бунинг учун нима қилиш керак? Қоғоз, ноутбук, ҳужжатлар доим сиз билан бирга бўлсин. Иши кўп ва уларга улгурмаётган одам қиёфасига киринг. Бир сония ҳам бўш вақтингиз борлигини кўрсатманг. «Ишлар қандай?» деган саволга «Иш жуда кўп» деб жавоб беринг. Шунда раҳбарингиз боягидай топшириқларни сизга эмас, бошқаларга беради.

Қош қўяман деб кўз чиқариш

Ноқулай вақтда, томдан тараша тушгандай етказилган маълумотлар раҳбарларнинг тинчини бузиши мумкин. Агар сиз раҳбарнинг хато қилишидан манфаатдор бўлсангиз, унга йиғилиш олдидан муҳим бир «янгилик» айтинг. Масалан, унинг сўнгги иши юқоридагиларга ёқмаганини айтишингиз мумкин. Шундан сўнг дўстона маслаҳат оҳангида у аслида яхши раҳбарлигини, энди бир ўзини кўрсатиши кераклигини айтасиз. Натижада раҳбар асабийлашади ва хато қила бошлайди. Ёдда тутинг, охири ўзингиз айбдор бўлмаслигингиз учун бундай «янгилик»лар ҳар томонлама ўйланган бўлиши керак.

«Яширилган» маълумот

Агар ҳисоботда бирор маълумотни раҳбардан яширишни истасангиз, уни бир неча ўнлаб саҳифалар ичига яширинг. Унинг асосий қисми фикрларингиз, таҳлил ва тадқиқотлар билан тўлдирилсин. Яшириш керак бўлган маълумотларга эса сўнгги саҳифалардан ўрин олсин. Раҳбар биринчи саҳифани ўқиб, сизнинг ғояларингизни қабул қилади ва ҳисоботни охиригача ўқимайди. Бироқ баъзан охиригача ўқиши мумкин. Шу боис бунга ҳам тайёр туринг. Ўзингизни хотиржам тутинг.

Мазкур усуллардан унумли фойдаланиш орқали сиз раҳбарни манипуляция қила оласиз ва кўпгина ижобий натижаларга эришасиз. Бироқ ундан тўғри мақсадда ва зарур вақтдагина фойдаланган маъқул.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг